Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

COVID-19: Нега Назарбоев ва у бошқараётган Хавфсизлик кенгаши бўҳрон пайтида камнамо?


Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, 9 июнь, 2019
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, 9 июнь, 2019

Қозоғистон расмийлари коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий ва тиббий бўҳрон давомида мамлакат аҳолисига йўл кўрсатишга курашар экан, элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда у етакчилик қиладиган Хавфсизлик кенгашидан умуман дарак йўқ.

Назарбоев ушбу кенгашнинг умрбод етакчиси бўлиб, афтидан, собиқ президентсиз кенгаш аъзолари учрашмайди — ҳатто мамлакат йирик инқирозга дучор бўлган тақдирда ҳам.

3 апрелда Назарбоевнинг ашаддий рақиби, собиқ банкир Мухтор Аблязов элбоши вафот этганини иддао қилганди.​

Аслида Назарбоев камнамо эканлигини ҳайратланарли ҳолат эмас.

Мамлакатга 30 йилга яқин етакчилик қилган Назарбоев одатда Қозоғистон мушкул кунларга дучор бўлганда кўриниш бермайди.

Қолаверса, элбоши жорий йилнинг июлида 80 ёшга тўлади.

Назарбоев университетидаги қаришга қарши ва узоқ яшашни ўрганувчи бўлимни молиялаштириб келаётган собиқ президент коронавирусни юқтиришни истамаслиги тушунарли ҳолат.

Бунга қарамасдан, элбошининг камнамолиги у вафот этгани ҳақида миш-миш тарқалишига сабаб бўлди.

3 апрель куни Назарбоевнинг ашаддий рақиби, Европада яшаётган собиқ банкир Мухтор Аблязов ўз Facebook саҳифасида элбоши вафот этганини иддао қилди.

Марказий Осиё давлатларининг авторитар етакчилари омма олдида чиқмай қўйиши улар вафот этгани ҳақида миш-миш тарқалишига сабаб бўлиб туради.

Масалан, 2019 йилнинг июль ва август ойларида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат телеканалларида кўриниш бермай қолгани учун у вафот этгани ҳақида миш-мишлар урчиган эди.

Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай элбошининг билдирувларни Қозоғистон халқига етказиб турибди. Котиб Аблязовнинг иддаосини рад этиб, Назарбоев соғ-саломат эканлигини таъкидлади.

Укибай карантин давомида Назарбоев офиси фаолияти чекланганини, собиқ президент яқинда телемурожаат қилишини айтди.

Котибнинг сўзларига кўра, элбоши ҳануз ишламоқда. Хусусан, Назарбоев вилоятлар губернаторлари билан суҳбатлашиб, жорий йилдаги лавлаги ҳосилини муҳокама қилган.

Бу орада коронавирус пандемияси туфайли жаҳон бозорида нефть нархлари тушиб кетди.

Ўтган ойда Россия ва Саудия Арабистони нефть нархи пастлаб кетиши олдини олиш мақсадида ишлаб чиқариш кўламини озайтиришга келиша олмади, натижада 8 март куни нефть нархлари тушиб кетди.

13 март куни эса Қозоғистонда илк коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилди.

Ушбу муаммоларга қарамасдан, Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши 11 февралдан бери бирор марта учрашгани йўқ.

Қозоғистон жанубида этник қозоқлар ва дунганлар ўртасида келиб чиққан низони муҳокама қилиш учун чақирилган йиғин давомида Назарбоев пандемия Қозоғистон ва Хитой иқтисодига салбий таъсир кўрсатишини айтган эди.

Коронавирус пандемияси туфайли Қозоғистон иқтисоди нафақат тушиб кетган нефть нархлари, балки деярли бутунлай тўхтаб қолган савдо туфайли мушкул аҳволга тушишини кутиш мумкин. Шундай бўлса-да, Хавфсизлик кенгаши ҳали бирор марта, ҳатто видео орқали йиғин ўтказгани йўқ.

Кенгашнинг бошқа аъзолари, жумладан, президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда бош вазир Асқар Мамин оммавий ахборот воситалари орқали халқ билан мулоқот қилмоқда.

Кенгашнинг яна бир аъзоси – Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева матбуот котиби орқали ўғли билан Британияда 100 миллион доллардан ошиқ қийматга эга уйларни сотиб олганини рад этди.

2018 йилда Қозоғистон конституциясига киритилган ўзгартиришлар Хавфсизлик кенгаши ваколатларини ошириб, Назарбоевни кенгашнинг доимий раиси этиб белгилади.

Кенгашнинг вазифалари миллий хавфсизлик сиёсатини амалга ошириш, ички сиёсий барқарорликни таъминлаш, конституцион тузум, мустақиллик, ҳудудий бирлик ҳамда Қозоғистон манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Конституцион орган мақоми берилган кенгаш қарорларини барча давлат идоралари бажариши шарт. Жорий бўҳрон давомида кенгаш ўта банд бўлишини кутиш мумкин эди, аммо аслида бунинг акси содир бўлаётгани ҳайратланарли ҳолатдир.

XS
SM
MD
LG