Халқаро хабарлар
Петербург суди қийноқ учун судланган полициячиларни озод қилди
Санкт-Петербург шаҳар суди қўлга олинганларни қийноққа солгани учун судланган икки нафар собиқ полициячига нисбатан аввал чиқарилган ҳукмни юмшатди. Шу тариқа, биринчи инстанция суди ҳукми билан 4 йилданга қамалган полиция бўлими бошлиғининг ўринбосари Артём Морозов ҳамда тезкор ходим Андрей Барашков яқин кунларда озодликка чиқадиган бўлиб турибди.
Бир йил муқаддам Санкт-Петербург полицияси 70-бўлимининг олти нафар ходими қўлга олинганларга нисбатан қийноқ қўллаганлик ва далилларни сохталаштиргани учун судланганди. Тергов версиясига кўра, полициячилар қўлга олинган Алексей Шепелинни калтаклаб, гиёҳванд модда сотганини тан олишни талаб қилиб, бурнининг ичига ёниб турган сигарет қолдиғини тиқиш билан қийнашган.
Полициячилар букмекерлик идораси қўриқчисини калтаклаганлик ва устига қайноқ сув қуйиш билан қийнаганликда ҳам айбланганлар.
Судланган полициячилардан фақат икки нафаригина қамалган. Яна икки полициячи суд томонидан тўла оқланган.
Кун янгиликлари
Наим Қосим “Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари этиб сайланди
Қароргоҳи Ливанда бўлган эронпараст “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи раҳбарлигига шайх Наим Қосим сайланди.
Гуруҳнинг 29 октябрь куни тарқатилган баёнотида Наим Қосим сентябрь ойи охирида Байрут чеккасида Исроил авиацияси ҳужуми натижасида ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳнинг ўрнига “Ҳизбуллоҳ”нинг янги бош котиби этиб сайлангани айтилган.
Бунгача шайх Наим Қосим Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилувчи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг 1991 йилдан буён бош котиби ўринбосари бўлиб келган.
Ҳам сиёсий партия, ҳам қуролли гуруҳ бўлган “Ҳизбуллоҳ” Ливан парламентида ҳам тамсил этилган. АҚШ бу гуруҳни террор ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса ташкилотнинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.
Наим Қосим “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи 1992 йилда илк бор Ливандаги парламент сайловида иштирок этганидан буён гуруҳнинг сайлов кампанияларини ташкил этишда қатнашиб келган.
Аввалроқ октябрь ойида исроиллик ҳарбийлар ЦАХАЛ кучлари томонидан Байрут жанубига берилган зарбада Ҳасан Насруллоҳнинг муҳтамал вориси деб аталган Ҳошим Сафиюддин ўлдирилганини тасдиқлашган эди.
Исроил ўз назоратидаги ҳудудларда UNRWA фаолиятини тақиқлади
Исроил парламенти бўлган Кнессет 28 октябрь куни кўпчилик овоз билан Исроилда ҳамда унинг назорати остида бўлган ҳудудларда БМТнинг фаластинлик қочкинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолияти тақиқлаш таклифини маъқуллади. Аввалроқ Исроил UNRWAни бир неча бор Фаластиндаги ҲАМАС (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) дохил радикал гуруҳлар билан ҳамкорликда айблаган. Исроил БМТга агентлик ҲАМАС билан ҳамкорлик қилаётганига оид далиллар тақдим этган.
Кнессет икки қонун лойиҳасини тасдиқлади. Биринчисида Исроилда UNRWAнинг бевосита ёки билвосита фаолият олиб боришига йўл қўйилмаслиги айтилган. Иккинчисида эса Исроил билан UNRWA ўртасида 1967 йилда тузилган шартнома тўхтатилиши ва эндиликда Исроилдаги давлат инстанциялари UNRWA ва унинг вакиллари билан мулоқот қилмаслиги қайд этилган.
Кнессетнинг мудофаа ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Йоэль Эдельштейн "UNRWA фаолияти фаластинлик муаммоларини ҳал қилишга эмас, балки бу муаммо абадий муаммога айланишига қаратилган", дея баёнот берди, деб хабар қилди The Jerusalem Post.
Эдельштейн фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатилиши учун Исроил томонидан қайси ташкилот UNRWAга ворис ўлароқ кўрилаётганига аниқлик киритган эмас.
UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини Кнессет қарорини “мисли кўрилмаган” ва “хавфли прецедент яратувчи” эканини билдириб, унинг БМТ Хартиясига зид келиши ва Исроилнинг халқаро қонунчилик олдидаги мажбуриятларига тўғри келмаслигини урғулаган. У мазкур қарор фақатгина фаластинликлар азоб-уқубатини янада орттиришини айтган.
Исроил UNRWA ходимларини Ғазо секторидаги радикал гуруҳлар фаолиятига алоқадорликда, UNRWA эса Исроилни фаластинликларга жабр-зулм қилиб, Ғазо секторидаги гуманитар буҳронни янада чуқурлаштираётганликда айблаб келади.
БМТнинг фаластинлик қочкинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги 1949 йилда ташкил этилган. У Исроил ҳудудидан Сурия, Ливан, Ғазо сектори ва Урдун дарёсининг ғарбий соҳилига қочган фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келади. UNRWA фаластинлик қочқинлар учун таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматни ташкил этиш учун масъул ташкилот бўлиб ҳисобланади. UNRWAнинг энг йирик молиявий донорларидан бири АҚШдир.
Эронда Германия фуқароси бўлган 67 ёшли киши қатл этилди
Асли эронлик бўлган Германия фуқароси Жамшид Шармаҳд Эронда қатл этилган. Бу ҳақда 28 октябрь куни Эрон адлиясининг расмий портали бўлган Misan маълумот тарқатди.
Қатл душанба куни эрталаб амалга оширилган. Эронда қатл ҳукми одатда дорга осиш йўли билан ижро этилган. DPA агентлигининг аниқлик киритишича, ҳуқуқбонлар ва Шармаҳднинг АҚШда яшовчи қизи судланганни қутқариш учун охиригача курашишган. Ҳукмга мувофиқ, Шармаҳд “Ер юзида коррупциянинг тарқалиши”да айбдор – бу жумла ислом фундаменталистларига кўра ўлим билан жазоланадиган оғир жиноятни англатади.
Мухолифатдаги Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социалистлар иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блокидан ГФР канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Эрон расмийлари “мудҳиш жиноят”га қўл урганини билдирди.
“Эрон режими яна бир марта ўзининг ғайриинсоний характерини намойиш этди”, дея қайд этди сиёсатчи. У Германия ҳукуматини содир бўлган ҳодисага “қатъият” билан жавоб беришга ундади.
“Эрон билан “сокин дипломатия” ёндашуви муваффақиятсизликка юз тутди”, дея иқтибос келтирган Мерц сўзларидан “Немис тўлқини”.
ГФР ташқи ишлар вазири Анналена Бербок қатлни қоралаб чиқди. Унга кўра, бу масалани ҳал қилиш учун Эронга бир неча бор юқори лавозимли мулозимлар йўлланган. Бербок Германия фуқаросининг қатл этилиши жиддий оқибатларга олиб келишини урғулаган.
Шармаҳднинг яқинларига кўра, у сўнгги бир неча йилда АҚШда истиқомат қилган. Эрон хавфсизлик хизматлари ходимлари уни 2020 йили Дубайда бир учоқдан иккинчи учоққа чиқиш чоғида ўғирлаб кетишган. Эрон расмийлари ўшанда уни мухолифатдаги “Тондар” гуруҳи лидери деб ҳисоблашар эди. Бу гуруҳ Эронда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Тбилисида сайлов натижаларига қарши митинг бўлиб ўтди
Грузия пойтахтида 28 октябрь оқшомида парламент сайловида “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ғалабасини тан олмаган мухолифат тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди. Paper Kartuli телеграм-канали хабарига кўра, норозилар парламент биноси олдида йиғилиб, Руставели шоҳкўчасини тўсиб қўйишган.
Аввалроқ парламентга ўтган тўртта мухолифат партиясининг ҳаммаси сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган. Мазкур натижаларга кўра, “Грузия орзуси” партияси 54 фоизга яқин овоз билан ғолиб бўлгани айтилган эди. Мухолиф сиёсатчиларнинг аксарияти фикрича, сайлов натижалари сохталаштирилган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳам сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган.
Зурабишвили митингда йиғилганлар олдида чиқиш қилган. У ғарб мамлакатлари лидерлари билан гаплашганини ва улар ҳам сайловларни нолегитим деб ҳисоблаётганларини билдирган.
“Биз сизнинг овоз бериш бўйича конституцион ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун курашамиз. Ҳозир тушкунликка тушиш мавриди эмас, ҳозир хотиржамлик билан ва бошни тик тутиб, ўз овозларимизни ҳимоя қилиш муҳимдир”, деган Грузия президенти.
“Мен бу Европа йўлида ва Европа эшикларига етгунимизга қадар сиз билан охиригача бирга бўлишимга қасам ичишим мумкин, бу фақатгина бизнинг шунчаки орзумиз эмас, реаллик ва келажакдир, бизда бошқа муқобил йўл йўқ”, дея қўшимча қилган Зурабишвили.
Мухолифат вакиллари қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган. “Бирдамлик – Миллий ҳаракат” партияси лидерларидан бири Георгий Вашадзе фикрича, парламент сайлови халқаро кузатувчилар назорати остида ўтказилиши лозим.
Россиянинг ТАСС ва РИА Новости давлат ахборот агентликлари Тбилисига гўё “оммавий норозилик тадбирлари чоғида провокациялар уюштириш учун Украинада тайёргарликдан ўтган мерганлар” етиб келгани ҳақида ёзмоқда. Бироқ, Грузия ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг воқеа жойида хабар қилишларича, митингда вазият анча тинч бўлган, тўқнашувлар ёки қўлга олишлар қайд этилмаган.
Душанба куни маҳаллий вақт билан соат 21.30 ларда митинг тугагани эълон қилинган, шундан сўнг Грузия ва Европа Иттифоқи мадҳиялари ижро этилган.
Mapchecking хизматининг тахмини ҳисоб-китобига кўра, тадбирда 15 минг нафаргача киши иштирок этган бўлиши мумкин.
Грузия президенти парламент сайлови натижаларини тан олмади
Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди ва норозилик чиқишларига ҳозирлик кўрилаётганини билдирди.
Зурабишвили Грузияда “Россия сайлови” бўлиб ўтгани, “сохталаштиришларни ювиб ташлаш” учун эса янги технологиялардан фойдаланилганини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.
Грузия президенти 28 октябрь оқшомида Тбилиси марказий кўчаларидан бирида жойлашган парламент биноси олдида митинг бўлиб ўтишини қўшимча қилган.
Аввалроқ “Бирдамлик – Миллий Ҳаракат” коалицияси ўз депутатлик мандатларидан воз кечишини эълон қилган эди. Партия раиси Тина Бокучава “Бирдамлик – Миллий Ҳаракат” сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирган. Унга кўра, “Грузия орзуси” партиясининг ғалабаси “Грузия халқига қарши Россия йўсинида амалга оширилган махсус амалиёт”дир.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ижтимоий тармоқларда фуқароларни “катта норозилик намойиши”га чақирган.
“Биз бутун дунёга эркинлик учун курашаётганимизни ва адолатсизликка бўйин эгиб ўтирмаслигимизни кўрсатишимиз лозим. Вақт жуда кам!” деб ёзган у.
ЕХҲТ кузатувчилари Грузиядаги сайлов камчиликларидан баҳс этишди
Грузияда 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловига “нотенг ўйин қоидалар, босим ва муҳит таранглиги” соя солган. Бу ҳақда ЕХҲТ, Европа кенгаши, Европарламент ва НАТОдан бўлган халқаро кузатувчилар миссиясининг қўшма баёнотида айтилган.
Сайловнинг эртаси куни тарқатилган баёнотда халқаро кузатувчилар Грузияда овоз бериш жараёни умуман олганда яхши ташкил этилгани, бироқ юзага келган “таранг вазият” ва “тенг бўлмаган ўйин қоидалар” сайловга бўлган ишончга путур етказганини қайд этишган.
Қўшма баёнот хулосасида Грузиядаги сайлов жараёни халқаро демократик тамойилларга етарли даражада мувофиқ бўлмагани айтилган.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) сайлов чоғида қайд этилган овоз сотиб олиш, икки марталаб овоз бериш, жисмоний зўравонлик ва қўрқитиш каби ҳолатларни ҳам қоралаган.
Европарламент делегацияси раҳбари Антонио Лопес-Истурис Уайт Тбилисида ўтказилган матбуот анжуманида “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси сайлов арафасида душманона тил қўллагани, “Россия дезинформацияси”дан фойдалангани ҳамда “овоз беришга путур етказиш ва манипуляция” уринишига оид турли фитна назарияларини илгари сурганини таъкидлади.
Исроилда юк машинаси бекатдаги одамларни босиб кетди
Исроилнинг Тель-Авив шаҳри яқинида 27 октябрь куни юк машинаси автобус бекатида турган одамларни босиб кетган. Ҳодиса чоғида қирққа яқин киши турли даражада тан жароҳати олган, улардан айримларининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Жабрланувчилардан бир неча нафари касалхонага етказилган, улардан бири ўша ерда вафот этган.
Қайд этилишича, жабрланувчилар орасида қариялар кўп бўлган: юк машинаси автобус бекати ва у ердаги нафақахўрларни музейга экскурсияга олиб кетаётган автобусга бориб урилгани айтилмоқда.
Полиция вакиллари “тергов ҳаракатларининг барчаси бунинг террор хуружи бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда олиб борилаётган”ини билдиришган.
Хавфсизлик тузилмалари ходимлари юк машинаси бориб урилган бекат ҳарбий база яқинида жойлашганини қайд этишган.
Исроил нашрларининг хабар қилишича, юк машинаси ҳайдовчиси воқеа жойига ҳали полиция келмасидан туриб у ердаги ёнида қуроли бор фуқаролар томонидан отиб ташланган.
Уйғур фаоллари Сараево анжумани арафасида таҳдид ва босимлардан шикоят қилишмоқда
Жаҳон уйғурлари конгрессининг Босния ва Герцеговинадаги анжумани арафасида ташкилот масъуллари янги босим ва таъқибларга дуч келаётганини билдирмоқдалар.
“Умумий йиғилишимиз Сараевода ўтказилиши эълон қилинган июнь ойидан буён биз кўплаб таҳдидларга, жумладан юқори лавозимларга кўрсатилган номзодлар ва аъзоларимизга қарши туҳмат кампаниясига дуч келдик”, дея билдирди Озодликка Жаҳон уйғурлари конгрессининг глобал адвокация бўйича директори Зумретай Аркин.
Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва Шимолий Америкадаги 25 дан зиёд мамлакатда яшовчи диаспора вакилларини жамлаган Жаҳон уйғурлари конгрессининг (ЖУК) 24-27 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган бош ассамблеяси арафасида, Аркинга кўра, ташкилот ҳакерлик ҳужумлари, ўз аъзолари ва уларнинг оилаларига қарши жисмоний таҳдидлар ва ҳатто Сараевода ассамблея ўтказилишига халақит қилиш уринишлари билан қаршилашган.
Аркин 21 октябрь куни ЖУК ходимининг электрон почтасига кирилгани ва номаълум ҳакерлар ташкилот хорижлик депутатлар ва делегатлар дохил раҳбариятига сайланишга даъвогарлик қилаётган қайдга олинган барча иштирокчиларга тадбир кейинга қолдирилгани ҳақида хабар жўнатишганини айтган. ЖУК сохта электрон мактуб нусхаларини ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтлари орқали ёйинлаб, бу маълумот нотўғри эканини иштирокчиларга билдирган.
“Улар ҳужжатни сохталаштириш учун ҳатто собиқ президентимизнинг имзосидан ҳам фойдаланишган”, деган Аркин ташкилот вакилларига ботлардан ёки Хитой аккаунтларидан кўплаб спам-хатлар келганини қўшимча қилган.
Қароргоҳи Германияда бўлган Жаҳон уйғурлари конгресси асосан қувғинда яшаётган уйғурлардан иборат бўлиб, Хитойда қолган миллатдошларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб келади.
Қўрқитиш ва таъқиблар
Хитойнинг Шинжон бўлгасидаги инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилишга уриниб келаётган мазкур гуруҳ ва Хитойдаги уйғур ва бошқа мусулмон озчиликлари ҳимояси билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар анчадан буён қўрқитиш ва таъқибларга учраб келади.
Айрим ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва ғарб мамлакатлари парламентлари Пекинни минтақада геноцид сиёсатини юритаётганликда айблаб келишади, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси эса 2022 йилда ўтказилган суриштирув Шинжонда “инсон ҳуқуқлари борасида жиддий қонунбузарликлар” мавжудлигини исботлаганини билдирган.
Хитой расмийлари миллий озчилик вакилларига нисбатан мажбурий меҳнат қўлланилаётгани, оммавий интеграция, туғилишни назорат қилиш, уйғурларнинг маданий ва диний ўзлигини йўқ қилиш ва болаларни қамалган ота-оналаридан ажратиш кабиларда айблаб келинади.
Пекин бу айбловларни қатъиян рад этган.
Аркин Хитойнинг Сараеводаги элчихонаси ҳам тадбир ўтказилишига қарши босим ўтказганини айтиб, элчихона ходимлари ташкилотчиларга “тадбирни бекор қилиш ва ҳатто автоҳалокат уюштириш” билан таҳдид этганларини иддао қилди. У хитойлик дипломатлар Босния ҳуқуқ-тартибот идораларини ЖУКнинг собиқ президенти, Германия фуқароси Дўлқун Иса дохил ташкилотнинг айрим аъзоларини ҳибсга олишга чақиришларини билдиришганини қўшимча қилди.
Хитойнинг Сараеводаги элчихонаси Озодликнинг вазиятга изоҳ беришга оид илтимосини жавобсиз қолдирди.
Босния ва Герцеговинанинг Хитой билан экстрадиция ҳақида келишуви бор, бу эса, Зумретай Аркинга кўра, ЖУКнинг айрим аъзолари орасида хавотир уйғотган, бироқ Сараевога келганидан буён ташкилот аъзоларидан ҳеч ким маҳаллий расмийлар томонидан босимга учраган эмас.
Хитойлик мулозимларнинг ЖУК йиғилишларининг ўтказилишига қарши ҳаракатлари илк бор кузатилаётгани йўқ.
Ташкилотнинг 2021 йили Прагада ўтказилган сўнгги бош ассамблеяси олдидан Чехия пойтахтидаги Marriott меҳмонхонаси “сиёсий бетарафлик” баҳонаси билан анжуман ўтказилишидан бош тортган эди.
Зумретай Аркинга кўра, ташкилот вакилларининг бош ассамблеяни ўтказиш учун Сараевони танлагани бежиз эмас. Босния ва Герцеговина ўтган асрнинг 90-йилларида Югославия парчаланиши ортидан юзага келган урушда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва геноцидга шоҳид бўлган.
“Босния геноцид гувоҳи бўлган [мамлакатдир]. Боснияликлар билан биз дуч келган воқеалар бир-бировига айнан ўхшаш бўлмаса-да, ваҳшийликлар, жиноятлар, ҳужжатлаштиришга оид уринишлар, ўтиш даври судлови, халқаро судлов ва жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар тарихида ўзаро параллеллар мавжуд”, дея қўшимча қилди у.
“Биз бундан уйғурлар геноцидини англаш учун модель ўлароқ фойдаланишимиз мумкин”, деди Зумретай Аркин.
ХЖС Путинни ҳибсга олишдан бош тортган Мўғулистонни ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблади
Халқаро жиноят суди 2024 йил сентябрида Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишдан бош тортган Мўғулистонни ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблаб чиқди.
Суд палатаси баёнотида Мўғулистон Путинни ҳибсга олмай ва уни судга топширмай, бу масала бўйича суднинг ҳамкорликка оид илтимосини бажармаган, бу эса Рим статути моддаларига зид келади ҳамда ХЖСга ўз вазифалари ва ваколатларини амалга оширишга халақит қилган.
ХЖС вакиллари президент дахлсизлиги дохил кимнингдир дипломатик иммунитети халқаро суд ордери бажарилиши йўлида тўсиқ бўлиб ҳисобланмаслигини урғулашган.
“Мўғулистоннинг суд билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганининг жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда, палата бу масалани ХЖСга аъзо давлатлар ассамблеясига кўриб чиқиш учун бериш шарт, деб ҳисоблайди”, дейилган суд баёнотида.
Мўғулистонга ташриф Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берилган 2023 йил мартидан буён Россия президентининг Халқаро жиноят суди Рим статутини ратификация қилган мамлакатга илк сафари бўлган эди.
Мўғулистон ХЖСга 2003 йилда аъзо бўлган. 2023 йил декабрида Эрдэнэбалсурэн Дамдин ХЖСда Мўғулистондан бўлган илк судьяга айланган. Мўғулистон президенти Хурэлсух ўша пайтда бу “мамлакатнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ошгани ҳамда халқаро ташкилотларнинг Мўғулистонга нисбатан ишончи мустаҳкамлангани белгиси” эканини билдирганди.
ХЖСга аъзо мамлакатлар расман суд ордерини бажариб, Путинни қўлга олишга мажбур. Бироқ, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юридик бўлими раҳбари қайдича, амалда бу мажбуриятлар доим ҳам ишламайди. Bloomberg ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзишича, Мўғулистон расмийлари Путинга унинг ҳибсга олинмаслиги ҳақида сўз беришган.
Мўғулистон ҳукумати вакили расмийларнинг Путинни ҳибсга олмаслик қарорини мамлакат қўшни мамлакатларга энергетик қарамлик ҳолатида экани ҳамда бетарафлик сиёсатига амал қилаётгани билан изоҳлаган.
АҚШ эронлик генерални журналист аёлни ўлдиришга уринганликда айблади
Нью-Йоркда федерал прокурорлар Эроннинг Ислом инқилоб посбонлари корпуси (ИИПК) юқори лавозимли амалдорига 2022 йилда Бруклинда эронлик диссидент аёл, “Америка овози” форс хизмати бошловчиси Масиҳ Алинажотни ўлдириш мақсадида тил бириктирувга алоқадорлик айбловини эълон қилишди. Бунга оид янги айблов хулосаси 22 октябрь куни очиқланган. Қотиллик учун одам ёллаш ва пул ювишни уюштиришга оид айблов Руҳуллоҳ Бозгандий ва эронлик яна уч фуқарога нисбатан эълон қилинган.
Айблов хулосасида Бозгандий ИИПКнинг бригада генерали экани айтилган. Ўтган йили АҚШ Молия вазирлиги уни контрразведка ходими эканини қайд этган.
“Бугунги айблов хулосаси Теҳрон режимини танқид қилиб келган америкалик журналист аёлни жим бўлишга мажбур қилиш мақсадида Эрон томонидан уюштирилган фитнанинг бутун кўламини очиб ташлади. У Федерал разведка бюроси (ФРБ) америкаликларни таъқиб қилаётганларни жавобгарликка тортиш учун ҳамкорларимиз билан бу ерда ва хорижда ишлашини кўрсатади”, дея билдирган АҚШ Федерал разведка бюроси директори Кристофер Рэй.
Алинажот айблов Эрон ҳукумати ўз танқидчиларининг овозини ўчириш учун қандай ишларга қўл уришга тайёрлигини кўрсатишини билдирган. У эронлик расмийларни ва уларнинг аёлларга нисбатан муносабати очиқ танқид қилиб келади.
Бу Алинажотни ўлдириш мақсадида амалга ошмаган суиқасд билан боғлиқ илк айблов эмас. Аввалроқ буюртма қотилликка уриш бўйича айбловлар Эрон билан алоқада бўлган ва одам ўлдириш учун ёлланган шарқий европаликлардан иборат жиноий гуруҳ аъзоларига билдирилган эди.
2021 йилда Алинажотни ўғирлашга уриниш ҳолати ҳам кузатилган. Ўша пайтда ФРБ Теҳрон расмийлари уни Эронга олиб чиқиб кетишни истаганлари ҳақида баёнот тарқатган.
Одам ўғирлашга уриниш ортидан Алинажот АҚШ ҳукумати ҳимояси остига олинган ва тез-тез турган жойини бошқа бир хавфсиз жойга алмаштириб туради. Айни пайтда, таҳдидларга қарамай, у ўз ишини тўхтатишдан бош тортиб келмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги “Америка овози”нинг изоҳ беришга оид илтимосини жавобсиз қолдирган.
Чеченистонда номаълум шахслар Росгвардия машинасини ўққа тутди
Чеченистоннинг Грозний туманида номаълум шахслар Росгвардияга қарашли юк машинасини ўққа тутишган.
Бу ҳақда биринчи бўлиб NIYSO ҳаракати аъзоси бўлган ва Россия хорижида юрган чеченистонлик мухолифатчилар маълумот тарқатишди. Уларга кўра, ҳодиса чоғида россиялик уч нафар хизматчи ҳалок бўлган.
Кейинроқ ҳужум тўғрисидаги маълумотни Россия расмийларига яқин кўрилган Mash телеграм-канали тасдиқлади, бироқ у қурбонлар сони тўғрисида бошқа маълумот келтирган: канал қайдича, ҳодисада бир киши қурбон бўлиб, яна бир киши яраланган.
Mash хабарига кўра, ўққа тутилган “Урал” юк машинаси Росгвардиянинг Урус-Мартанда жойлашган 46-тезкор топшириқлар бажарувчи бригадасига тегишли бўлган.
Қайд этилишича, Росгвардия вакилларига ҳужум қилганлар яширинишга муваффақ бўлишган. Улар қидирилмоқда.
Октябрь ойи бошида чеченистонликларнинг 1ADAT мухолифатдаги ҳаракати фаоллари Гудермесда йўл-патруль хизмати масканига ҳужум ортидан рейдлар ўтказилаётган ҳақида билдиришган. Республика расмийлари бу маълумот юзасидан изоҳ беришмаган.
Украина собиқ президентининг ўғли Россия фуқаролигини олди
Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг ўғли Александр Россия фуқаролигини олган. Бу ҳақда “РИА Новости” давлат ахборот агентлиги давлат реестридаги маълумотлар (авваллари Александр Янукович у ерда Украина фуқароси ўлароқ кўрсатилганди) ва ҳужжатларга таянган ҳолда хабар қилди.
Александр Янукович Украинани 2014 йилда тарк этган. У Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг санкция рўйхатларига киритилган. Ҳужжатлардан келиб чиқилса, Россияда Александр тадбиркорлик билан шуғулланиб келади, унинг молия-саноат гуруҳларини бошқариш бўйича “МАКО холдинг” ширкати Россия Адлия идоралари томонидан бундан 10 йил аввал рўйхатга олинган.
Александр Янукович Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг катта ўғлидир. Виктор Янукович Евромайдон оқибатида ҳокимиятдан ағдарилиб, Россияга қочиб ўтган. Унинг кичик ўғли Виктор 2015 йилда Байкал кўлида муз устида автопойга чоғида ҳалок бўлган.
Александр Янукович Украинада ҳам бизнес билан шуғулланган. У отасининг мол-мулкини бошқарадиган шахс ўлароқ кўрилган – 2013 йилда бу активлар 500 миллион долларга баҳоланган. 2014 йилда Украина Хавфсизлик хизмати ҳужжатлар сохталаштирилиши ва хизмат сохтакорлигига оид иш бўйича Александр Януковичга нисбатан қидирув эълон қилган. Ўша пайтда у Украина кўмирини экспорт қилиш билан шуғулланувчи “МАКО-Трейдинг” ширкатининг хўжайини бўлиб ҳисобланарди.
Исроил учоқлари яна Байрутга зарба берди
Исроил авиацияси 23 октябрь куни Байрутга навбатдаги ҳаво зарбасини берди. Ракеталардан бири Эрон элчихонаси яқинида портлаган. Ахборот агентликлари кучли ёнғин кадрларини ёйинлашган.
Ўз навбатида, Ливаннинг “Ал-Маядин” телекомпанияси авиазарба таҳририят жойлашган офисга берилганини хабар қилган. Телеканал ҳужумни “ваҳшийларча” деб атаб, Исроил томонидан Ливан мунтазам равишда бомбаланиши бошланганидан буён ишни давом эттириш учун барча ходимлар бошқа жойларга кўчирилганини қайд этган.
Исроил армияси (ЦАХАЛ) Байрутнинг ўққа тутилиши юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Исроил нашрлари ЦАХАЛ ҳужум олдидан ливанликларни зарба берилиши мўлжалланган ҳудудларни тарк этишга чақиргани ҳақида ёзмоқда.
Бундан ташқари, исроиллик ҳарбийлар чоршанба куни Ливан томонидан Исроилга — асосан мамлакат шимолига қарата 135 га яқин ракета отилганини маълум қилишган.
Исроил армияси пойтахт Байрут дохил Ливан ҳудудини сентябрь ойи охиридан буён мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда. Исроил ҳужумлар ҳадафи эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи инфратузилмалари эканини айтиб келади. Мазкур гуруҳ Исроил ва АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи гуруҳнинг ҳарбий қанотини террор ташкилоти деб билади, “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.
“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.
Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.
Россия: Дума миграцияга оид уч қонун лойиҳасини қабул қилди
Россия Давлат думаси ноқонуний миграция учун жазони кучайтируви уч қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган. Бу ҳақда Россия парламентининг қуйи палатаси сайтида маълум қилинган.
Биринчи қонун лойиҳаси мигрантлардан рус тили ҳамда Россия тарихи ва қонунларини билиш бўйича имтиҳонни қабул қилишда воситачи ташкилотлар учун тўлиқ тақиқ жорий қилади. Бу аввал имтиҳон олиб келган 12 та ОТМ ва Москва ҳукуматининг бир ташкилоти бундан буён воситачи ташкилотларни ёллай олмаслигини англатади.
Иккинчи қонун лойиҳасида мигрантлар учун ноқонуний хизматлар кўрсатиш ва миграцион мақом расмийлаштириш учун сохта ҳужжатлар сотиш таклиф этилган интернет-ресурсларни суд қарорисиз блокировка қилиш кўзда тутилган. Ижтимоий тармоқ эгаси бу каби маълумотни аниқлаш мақсадида контент мониторингини амалга ошириши лозим бўлади.
Учинчи қонун лойиҳасида ноқонуний миграция уюштириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганлик ёки тайёрлаганлик учун жарималар кўзда тутилган. Юридик шахслар учун жарима миқдори 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача, ҳуқуқбузарлик қайта содир этилган тақдирда эса 10 миллион рублдан 60 миллион рублгачани ташкил этади.
Давлат думаси Вячеслав Володин йил бошидан буён миграция соҳасини тартибга солувчи еттита қонун қабул қилинганини маълум қилган. Унга кўра, ҳозирги пайтда яна олтита қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда, уларни декабрь ойигача қабул қилиш режаланган.
“Мигрантлар Россия қонунлигига роия қилишлари, рус тилини билишлари, анъаналаримизни ҳурмат қилишлари шарт”, дея билдирган Володин.
Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужум тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро томонидан содир этилган.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган эди.
Қозоғистондан бошпана ололмаган қорақалпоқ фаоллари АҚШга кетишди
Қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетова 23 октябрь куни Қўшма Штатларга етиб борган, у ерда Мирманбетова ва яқинларига бошпана берилиши кутилмоқда.
Бир ҳафта аввал – 15 октябрь куни қорақалпоғистонлик яна уч фаол – Жангелди Жақсимбетов, Тлеубике Юлдашева ва Раиса Худайбергенова оиласи билан АҚШга етиб борган эди. Мирманбетованинг кетиши унинг оила аъзоларига ҳужжат расмийлаштиришда юзага келган қийинчиликлар туфайли ортга сурилганди.
Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia (“Евросиё учун эркинлик”) гуруҳи раҳбари Лейла Назгуль Сейитбек Озодликнинг қозоқ хизматига фаолларнинг АҚШга кўчиб ўтишига америкалик дипломатлар, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли имкон яратилганини маълум қилган.
“Уларни маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва миграция органлари жойлаштиришади. Уларнинг турган жойи Ўзбекистон расмийлари томонидан хавф бўлгани туфайли сир сақланиши лозим”, деган Сейитбек.
АҚШга чиқиб кетган тўрт нафар этник қорақалпоқ Қозоғистонда бир йил давомида экстрадицион ҳибс остида бўлишган. Улар Тошкент сўровига кўра 2022 йилда қўлга олинган. Расмий Остона 12 ойдан кейин уларни озод қилган – “конституциявий тузумга тажовуз”да айбланган бу одамлар Ўзбекистон томонига берилган эмас. Фаолларнинг ўзлари тарихий ватанларидаги чиқишларни дастаклаганлари учун таъқибга учраганларини билдиришган – 2022 йилда минглаб қорақалпоғистонлик Тошкентнинг мамлакат Конституциясидан республиканинг референдум орқали Ўзбекистон таркибидан чиқишига имкон берувчи модданинг олиб ташланишига оид таклифга қарши чиқишганди.
Қорақалпоғистонлик фаоллар Қозоғистондан бошпана сўрашган, Остона уларга рад жавобини берган. Жаксимбетов, Мирманбетова, Юлдашева, Худайбергенова билан бир вақтда Қозоғистонда уларнинг маслакдоши Қўшқарбай Тўремуратов ҳам ҳибсда сақланган. У ўтган йилнинг октябрь ойида Европага чиқиб кетган ва ҳозирда ўзининг бошпана сўрови бўйича Польша расмийларининг қарорини кутмоқда.
Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси лидери Ақилбек Муратбай (Муратов) 2024 йил февралида Олмаотада экстрадицион ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон уни “конституцион тузумга тажовуз” ва “тартибсизликларга чақирганлик”да айбламоқда. Фаол бу айбловни туҳмат, деб атаган.
Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум қилиш ва Конституциядан унинг ажралиб чиқиш ҳуқуқига оид эслатмани олиб ташлаш режаси 2022 йил июлида Нукусда кенг кўламли норозилик чиқишларига олиб келган, пировардида бу чиқишлар аёвсиз бостирилган эди. Расмий маълумотларга кўра, ўша пайтда 21 киши ҳалок бўлган, 200 дан зиёд одам яраланганди. Қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон расмийлари баҳсли тузатишларни бекор қилишган, кейинроқ эса тартибсизликлар уюштирилишида ташқи кучларни айблаб, Қорақалпоғистон ва унинг хорижида қатағон бошлашган. Бу қатағон сиёсати Қозоғистонда яшаб келган қорақалпоғистонликларга ҳам таъсир кўрсатган.