Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Академик Бекжон Тошмуҳаммедов рассом ва мухолифатчиларнинг дўсти эди..


Академик Бек Тошмуҳаммедов 2020 йил 24 июнь куни 85 ëшида вафот этди.
Академик Бек Тошмуҳаммедов 2020 йил 24 июнь куни 85 ëшида вафот этди.



Академик олим¸ улуғ ëзувчи Ойбекнинг ўғли Бек Тошмуҳаммедов ўлгани ҳақида марҳумни яқиндан таниган кинорежиссëр Улуғбек Йўлдошев хабар қилди.

Хабар икки жумладан иборат: Ўзбекистонда биофизика мактабини яратган олим Бек Тошмуҳамедов 85 ëшида Тошкентда оламдан ўтди.

Бу хабар ортидан ҳамкасбим телефон қилиб¸ "марҳум ҳақида икки оғиз ëзиб беринг¸ ҳар ҳолда у кишини танирдингиз"¸ деди.

Раҳматлини яхши танирдим. Илк марта у киши билан 1982 йили устозим рассом Исфандиëр Ҳайдаровнинг “Авиасозлар” шаҳарчасидаги устахонасида учрашгандим.

“Ойбекнинг ўғли келяпти¸ академик” деди сирли қилиб Исфандиëр ака. Мен ошиғич иштиëқ билан йўлакка тикилдим.

Баланд бўйли¸ савлатли соқол қўйган¸ сочлари жингалак барваста одам устахонага кириб келди. Салобат билан бирга ижобий руҳ олиб кирган эди устахонага.

Кира солиб Исфандиëр ака чизиб ўтирган улкан холстда акс этган “Бибихоним” мақбарасининг яшил-мовий рангларига эътибор қаратди.

Бу рангдаги тошларнинг келиб чиқиши¸ тектоник силсилалар боис вужудга келган рангинлик ҳақида гапирди.

Мен умримда илк бор учрашганим академик нафақат биофизикани¸ балки тасвирий санъат йўналишлар ва тарихининг чуқур билимдони эди.

Бир оз ўтиб даврага ҳозирда марҳум рассомлар Бахтиëр Бобоев ва Дилëр Имомов кириб келди. Суҳбат ярим кечагача давом этди.

Баланд овоздаги муноқашадан роҳатсиз бўлган қўшнилар милицияга шикоят қилишибди.

Битта лейтенант ва икки сержантдан иборат гуруҳ келиб¸ “Нима тўполон бу?” дея ҳужжат сўради. Бекжон ака гувоҳномасини лейтенантга узатди.

Бу лейтенант гувоҳномадаги “СССР Фанлар академияси академиги” деган ëзувни ўқиб¸ ҳаяжонланди.

Лейтенант ҳам балки мен каби умрида илк бора тирик академикни кўриб турганди.

“Шундай ҳурматли одамлар бизнинг маҳаллага келганидан мамнунмиз¸ бемалол суҳбатни давом қилдираверинглар” деган лейтенант¸ честь бериб чиқиб кетди.

У даврдаги ИИБ ходимлари академикларни эҳтиром қиларди. Кейин Бекжон ака билан ҳайкалтарош Омон Азизовнинг Шота Руставели кўчасидаги устахонасида бир неча марта учрашдим. Бир марта Бекжон ака овга чиққанида Устюрт чўлларида у кишига ҳамроҳ бўлдим. Рассомларнинг дўсти эди Бек ака.

Ҳали миллиардер спонсорлар пайдо бўлмаган совет Ўзбекистонида рассомлар асарларини сотиб олиб қўллайдиган ягона ҳомий сифатида кўринганди менга академик Бекжон ака.

1988 йили Бекжон акани рассом Омон Азизовнинг ертўлада жойлашган устахонасида шоир Муҳаммад Солиҳ билан бирга кўрдим. Ташқарида СССРнинг ислоҳотчи президенти Михаил Горбачев “қайта қуриш¸ ошкоралик” шиорларини эълон қилган уйғониш даври эди. Болтиқбўйи республикаларидаги мустақилликка интилиш ҳаракатларига ўзбек зиëлилари ҳам ҳавас билан қараëтган давр.

1989 йилнинг май ойида Бек Тошмуҳаммедовни “Бирлик” халқ ҳаракати таъсис қурултойида кўрдим. Бекжон ака бир муддат "Бирлик" халқ ҳаракатининг раисдоши ҳам бўлди.

Ўша қурултой қатнашчиси¸ манғитлик дўстим Баҳодир олган оқ-қора суратда Бек Тошмуҳаммедов Мухаммад Солиҳни олқишлаган каби турибди.

1989 йил. Муҳаммад Солиҳ ва Бекжон Тошмуҳаммедов
1989 йил. Муҳаммад Солиҳ ва Бекжон Тошмуҳаммедов

Ўз дўсти ўлими борасида таъзия билдирган шоир Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда бундан 30 йил бурунги кунларни эслади.

“Аслида Бекжон ака менинг қистовим билан "Бирлик"ка кирувди. Бекжон ака билан 1970 йилдан бери дўст эдик. Омон ака (рассом Омон Азизов) устахонасида илк марта танишган эдик. Ҳурриятни севган одам эди ва умрининг сўнгигача демократик курашга содиқ қолди. Энг муҳими¸ дўст ўлароқ содиқ эди. Охирги марта 1992 йилнинг 20 декабрида¸ менинг туғилган кунимда учрашдик. Мени табриклаб¸ узоқ умр тилаган эди. Аллоҳ рахмат айласин дўстимни".


Олимнинг ўлими ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси Телеграм саҳифасида ëйинланган некрологда “Бек Тошмуҳаммедов дунё миқёсида танилган йирик олим” дейилади.

Москва Давлат университети аспиранти, Москва академиясининг Биофизика институти докторанти бўлган Тошмуҳаммедов ҳақли равишда биофизика илмининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири сифатида ардоқланади.

Бек Тошмуҳаммедов фанда эришган ютуқлари учун 1985 йилда СССР Давлат мукофоти, 1987 йилда эса Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган.

СССР тарқалган 1991 йилда олим чет элда илмий иш билан шуғулланиш борасидаги қатор таклифларни рад қилиб¸ Ўзбекистонда қолиб ишлади.

Бекжон ака Ўзбекистонда биофизика соҳаси ривожланишини чандон истаган эди.

Тақдир тақозоси билан Бекжон ака етиштирган ўнлаб шогирдлар бугун биофизикани Ўзбекистондан ташқарида давом эттиришмоқда.

Илмдан ортиб рассом ва ҳайкалтарошларни қўллашни ҳеч унутмас эди. Рассомлар учун у буюк Ойбекнинг тоғкелбат ўғли эди. Ойбек ëзган мана бу сатрлар эса Бекжон Тошмуҳаммедовга аталган каби туюлади:

Хотираси қуёш каби қоладир.
Кўнгли кўтаргунча ҳар даргоҳ гулшан,
Билинмас нашъаси, ғами нимадан,
Ҳаёти минг қуроқ бир афсонадир.

XS
SM
MD
LG