Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Вилоятларда хориждан пул жўнатмаларини олиш учун одамлар кунлаб навбат кутмоқда


Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги "Ипотека банки" бўлими олдида навбат. 29 Июнь, 2020 йил.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги "Ипотека банки" бўлими олдида навбат. 29 Июнь, 2020 йил.

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида хориждан юборилган пул жўнатмаларини банк бўлимларидан олиш қийинлашди.

Озодликка келган фотосуратларда "Ипотека банк", "Ҳамкорбанк"нинг Хоразм, Бухоро, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларидаги бўлимлари олдида одамлар хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш учун навбатга тизилиб турганини кўриш мумкин.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим мижозлар хориждан юборилган пулни кун бўйи навбатда туриб ҳам олиб бўлмаётганини айтишди.

Озодлик суҳбатлашган "Ипотека банк"и мулозими айрим банк бўлимларида нақд пул етишмовчилиги сабаб пул ўтказмаларини беришда кечикиш бўлишини тасдиқлади ва бу вақтинчалик муаммо эканини айтди.

Хориждан юборилган пул жўнатмаларини тарқатадиган “Ипотека банки”нинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги бўлими олдида одамлар навбат кутмоқда.

29 июнь кунги бу манзарани суратга тушириб Озодликка юборган бекободлик Адҳам ака (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) икки кундан бери Россиядан ўғли жўнатган пулни ололмай сарсон бўлаётганини айтди:

- Ўғлим 500 доллар жўнатган, шуни ололмаяпмиз, икки кундан бери сарсонмиз. Нақд пул йўқ, эртага келинг. Ҳар куни шу аҳвол. Эрталаб соат 5 дан бери банк олдида навбат кутаётганлар бор.

"Ипотека банки"нинг Бекободдаги бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда ушбу ҳафта бошида юзага келган пул тақчиллиги ҳал бўлгани ва яқин кунлар ичида мижозлар ўз пулини навбат кутмай ола бошлашини айтди:

- Тошкентдан пул келишида кечикиш бўлди, шунга озгина муаммо бўлиб қолди. Ҳозир ҳал бўлган бу, ҳаммаси олади пулини, икки-уч кундан кейин навбат бўлмайди.

Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳам Ўзбекистонга юборган пул жўнатмаларини яқинлари олишга қийналаётганини айтишади.

Санкт-Петербург шаҳрида яшовчи хоразмлик Азамат (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди )ўтган ҳафтада Урганчдаги оиласига 800 доллар пулни жўнатгани, рафиқаси омонатни уч кун навбатда туриб олганини айтди:

- Уйимиздагилар пулни олиш учун ўтган ҳафта охирида 3 кун навбатда турдилар, банк шунча фоиз олсаю пулимизни кечиктириб берса, буни қандай тушиниш мумкин?!

"Ҳамкорбанк"нинг Сурхондарё вилоятидаги бўлими.
"Ҳамкорбанк"нинг Сурхондарё вилоятидаги бўлими.

Пул жўнатмаларини олишда Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидаги "Ҳамкор банк", “Ипотекабанк” бўлимларида ҳам кечикиш бўлаётганини айтишади мижозлар.

- Ўзи шундоқ ҳам аввалги йиллардагига қараганда четдан пул кам келяпти. Шундай бўлса ҳам вақтида беришмаяпти, - дейди Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги "Ҳамкор банк" бўлими олдида навбатда турган банк мижози.

Хориждан Ўзбекистонга пул жўнатмалари асосан "Western Union", "Unistream", "MoneyGram" тизимлари орқали ўтказилади.

Чехиядаги “MoneyGram – пул жўнатмалари” тизими ходими Игорь Нестеровнинг Озодликка айтишича, пул Ўзбекистонга узоғи билан 5 минутда бориб тушади:

- Бизни тизимимиз орқали Ўзбекистоннинг “Алоқабанк”, "Ҳамкор банк", “Туронбанк”, “Ипотекабанк” ва “Ипак йўли” банкларига пул жўнатилади ва 5 дақиқада етиб боради. Мижозлар шу банклардан пулларини олишади, банклар омонатларни эгаларига вақтида беришга масъулдирлар.

Озодлик хориждан юборилган омонатларни олишдаги айрим банк бўлимларидаги муаммо ҳусусида Ўзбекистон Марказий банкининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Нодир Абдуллаевнинг банк расмий сайтида келтирилган телефон рақамига 1 июль кун давомида қўнғироқ қилди, лекин ҳеч ким кўтармади.

Меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмаларини олишда банкларнинг ҳамма вилоят ва шаҳарлардаги бўлимларида кечикиш бўлаётгани йўқ.

Пойтахт Тошкент шаҳрида пул жўнатмалари вақтида бериляпти.

“Ҳамкорбанк”, "Ипотека банк"нинг Тошкент шаҳар бўлими мулозими, пул жўнатмаларини олишда умуман муаммо йўқлигини айтди.

Шунингдек, ушбу банкларнинг Сирдарё, Фарғона, Жиззах вилоятларидаги мижозлари хориждан пул жўнатмаларини олишда қийинчилик бўлмаётганини айтишди.

Ўзбекистонга 2020 йилнинг илк чорагида пул жўнатмалари қарийб 40 фоизга камайди.

"Unistream" ва “Золотая корона” бу тенденцияни коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар билан боғлаган.

Ҳар икки ширкат Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2020 йилнинг иккинчи чорагида эллик фоизга камайишини башорат қилган.

XS
SM
MD
LG