Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Эрон расмийлари: намойишчиларга қарши қатъий чора кўрилади


Эроннинг Беҳбаҳон шаҳридаги норозилик намойиши, 16 июль 2020 йил.
Эроннинг Беҳбаҳон шаҳридаги норозилик намойиши, 16 июль 2020 йил.

Эрон полицияси Беҳбаҳон шаҳрида ҳукуматга қарши норозилик намойиши иштирокчилари кўзни ёшлантирувчи газ билан тарқатиб юборилганидан бир кун ўтиб ҳар қандай янги намойишларга қарши «қатъий чора кўрилишини» билдирди.

17 июль куни полиция «душманларни» норозилик руҳини келтириб чиқаришда айблаб, аҳолини «контрреволюцион ҳаракатга» қўл келадиган ҳар қандай йиғинлардан нари юришга чорлади.

IRNA расмий хабар агентлигига кўра, Беҳбаҳон полицияси етакчиси Муҳаммад Азизий шаҳарда «иқтисодий вазият» туфайли «оз сонли одам» намойишга чиққанини айтган.

Азизий намойишчилар «қоидаларга зид ҳайқириқларни айта бошлаганидан» кейин намойиш тарқатиб юборилганини айтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда Беҳбаҳондаги намойиш иштирокчилари «Қўрқманг, ҳаммамиз биргамиз!» ҳамда «Ғазога йўқ деймиз! Ливанга йўқ деймиз! Менинг ҳаётим Эрон учун!» дея ҳайқираётганини эшитиш мумкин.

Азизий тез орада тинчлик ўрнатилганини айтиш билан чекланди. Намойиш иштирокчилари қўлга олингани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Интернет алоқасидаги узилишларни кузатиб борувчи Netblocks сайти Беҳбаҳон жойлашган Хузистон вилоятида намойишлар бошланганидан кейин уч соатга Интернет алоқаси чекланганини билдирди.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўтган йилда намойишларда иштирок этган уч нафар шахс ўлим жазосига ҳукм қилинганини қоралаб келади.

14 июль куни Эрон Олий суди Амир Ҳусайн Морадий, Саид Тамжидий ва Муҳаммад Ражабийларга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Улар 2019 йилнинг ноябрида бензин нархлари кескин кўтарилиши ортидан бошланиб кетган намойишлар давомида жиноят содир этишда айбланмоқда.

16 июль куни Эрон инқилоб посбонлари гвардияси бир неча «бузғунчи» қўлга олинганини ҳамда «террор гуруҳи» барбод қилинганини маълум қилди.

Гвардия билдирувига кўра, Машҳад шаҳрида қўлга олинганлар аксилинқилобий гуруҳларга алоқадор бўлиб, аҳолини норозилик намойишига чиқишга чорлаб келган.

Шероз шаҳрида эса Теҳрон террор гуруҳи дея белгилаган «Халқ мужоҳидлари ташкилоти» аъзолари қўлга олинган. Гвардия бу билан «ҳукуматга қарши амалиёт» олди олинганини билдирди.

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди. Ўшандан бери Эрон иқтисоди оқсаб келади.

Коронавирус пандемияси эса чекловлар жорий қилинишга ҳамда экспорт кўлами қисқаришига сабаб бўлди. Натижада мамлакатдаги иқтисодий муаммолар янада кескинлашди.

XS
SM
MD
LG