Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:28

Киевда банкни портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик қўлга олинди (ВИДЕО)


Суҳроб Каримов экани айтилаётган шахс Киев банки бошқарувчисини қўлга олди
Суҳроб Каримов экани айтилаётган шахс Киев банки бошқарувчисини қўлга олди

Украина пойтахти Киевнинг "Леонардо бизнес-марказида жойлашган банкда бомба портлатиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди.

Мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко қўлга олинган шахснинг асли ўзбекистонлик 32 яшар Суҳроб Каримов эканини маълум қилди.

Вазирлик расмийсига кўра¸ Каримов хавфсизлик кучлари ўтказган “Бумеранг” ва “Гром” амалиётлари натижасида қўлга олинган.

Антон Герашченко Фейсбук саҳифасида ëзган хабарга кўра, 3 август кундузги соат 12 ларда “Универсал банк“ вакиласи полицияга қўнғироқ қилиб, 35 ёшларда бўлган шахснинг рюкзагидаги бомбани портлатиш билан таҳдид қилганини билдирган.

- Дастлабки маълумотларга кўра, террорчилик акти билан таҳдид қилган шахс Ўзбекистон граждани - 25.03.1988 йилда туғилган Каримов Суҳроб Раҳмонович. Тармоқларга кўра, у руҳан носоғлом одам экан. Террорчи рюкзагида катта портловчи заряд борлиги, у ўлиб қолса оёғига қўшилган кабель орқали детонатор ишга тушиши ва портлаши мумкинлигини айтган, деб ёзди Украина Ички ишлар расмийси.

Антон Герашченко вазият махсус кучлар томонидан тузилган штаб назоратига ўтгани, оператив ходимлар ўзбекистонлик шахс билан музокара олиб борганини билдирди.

- У олдига оммавий ахборот воситалари ходимларини киритишни, интервью бермоқчи эканини маълум қилган, деди 3 август куни журналистлар олдида қилган чиқишида Антон Герашченко.

Айтилишича¸банк ходимларининг барчаси бинони тарк этган, бўлим раҳбари эса ўз ихтиёрига кўра¸ Суҳроб Каримов билан бирга қолишга қарор қилган.

Полиция Суҳроб Каримов олдига “НАШ”, Zik ва "112 Украина" журналистларини киритган.

Украина ИИВ тарқатган хабарга кўра¸ Суҳроб Каримов ўзининг журналистлар билан суҳбати маҳаллий телеканаллар орқали жонли кўрсатилиши¸ шунингдек¸ ўзига 40 минг гривна берилишни талаб қилган.

“Террорчи тириклайин қўлга олинди. Энди уни суд ва узоқ муддатли қамоқ муддати кутмоқда", деб ëзди Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко.

Киев банкида "террор таҳдиди" бўлгани ҳақидаги хабар тарқалишидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда ўзбек муҳожирини қўлга олиш амалиёти видеоси ҳам пайдо бўлди.

Террорчиликда айбланаётган Суҳроб Каримов ким?

32 яшар Суҳроб Каримов маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарларга кўра¸асли самарқандлик.

Украина полициясининг билдиришича¸ 2017 йилдан бери Украинада яшаб келган Каримов Запорожье вилояти Бердянский туманида қайдда турган.

Киев ресторанларидан бирида официант бўлиб ишлаб келган ўзбекистонлик муҳожир¸ маҳаллий блогерларнинг ëзишича¸ “наша ва амфетамин истеъмол қилгани" учун бир неча кун олдин ўзи яшаб келган ҳостелдан қувиб чиқарилган.

Банкка ҳужум қилишдан уч кун олдин ижтимоий тармоқларда у “жиҳод” эълон қилиб, “ғайридинларни ўлдиришга” даъват этувчи агрессив ëзувлар жойлаштирган.

Суҳроб Каримовнинг ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифаси.
Суҳроб Каримовнинг ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифаси.

Айни пайтда¸ қўлга олингунга қадар украин журналистлари билан ўтказган суҳбатида Каримов мамлакат президенти Зеленскийни кескин танқид қилади.

- Яқинда сизлар президент этиб масхарабозни сайладингиз. Зеленский - қизбола, масхарабоз... У мамлакатни бошқаришни, давлатнинг содиқ, адолатли ўғли бўлишни, украиналиклар ҳаётини яхши томонга ўзгартиришни ўз зиммасига олганди. Нима ўзгарди? - дейди жумладан маҳаллий журналистларга қарата ўзбекистонлик муҳожир.

Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко Суҳроб Каримовни “руҳан носоғлом беқарор одам” деб атаган бўлсада¸ ҳозирча унинг руҳий касалликдан азият чекканига оид тиббий далолатнома жамоатчиликка тақдим қилинмади.

Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекистонлик муҳожирнинг 3 август кунги ҳаракати ортидаги мотивлар ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG