Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Қозоғистон расмийлари ўзбек ва қозоқлар истиқомат қиладиган Шўрнақдаги низони тергов қилмоқда


Шўрнақдаги вазият кескинлашиши олдини олиш учун Қозоғистон расмийлари қишлоққа қўшимча полиция кучларини юборди.
Шўрнақдаги вазият кескинлашиши олдини олиш учун Қозоғистон расмийлари қишлоққа қўшимча полиция кучларини юборди.

Қозоғистон жанубида жойлашган тинч қишлоқда этник ўзбеклар ва қозоқлар бир неча асрдан бери ёнма-ён яшаб келади.

Аммо 20 июль куни тўрт қишлоқни ўз ичига олувчи Шўрнақ овул округидаги Қўшмезгил қишлоғидаги тинчликка ўзбек ва қозоқ ёшлар ўртасида содир бўлган тўқнашув соя солди. Тўқнашувлар оқибатида тўрт нафар одам, жумладан, полиция ходими жароҳат олди. Жабрланганларнинг бири кўзидан оғир жароҳатланиб, касалхонага ётқизилди.

Воқеадан икки ҳафта ўтиб, қишлоқ аҳолиси «бир гуруҳ ёшлар ўртасида содир бўлган маиший жанжал» ўлароқ таърифланаётган ҳодиса тўғрисида истамайгина гапирмоқда.

Аммо кўпчилик можарони қозоқлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган миллатлараро низо деб атамоқда.

Вазият кескинлашиши олдини олиш учун Қозоғистон расмийлари қишлоққа қўшимча полиция кучларини юборди.

Тўқнашувдан кейин полиция блокпости ўрнатгани, қишлоқ кўчаларида махсус топшириқларни бажарувчи отряд ходимлари қўриқчилик қила бошлагани хабар қилинди. Шунингдек, қишлоқда комендант соати жорий қилинди.

Кўп миллат вакиллари яшайдиган Қозоғистон расмийлари Шўрнақда йирик миллий низо келиб чиқиши олдини олишга зўр бериб курашаётгани аён.

Қишлоқликларга кўра, 20 июль куни этник ўзбек Ифтихор Жумадуллоев ҳамда этник қозоқ Алмас Толбасиев ўртасида низо келиб чиққан.

Маҳаллий аҳоли, шу жумладан, бу икки шахснинг қариндошлари жанжал Толбасиев Жумадуллоевдан тамаки чекиш учун гугурт сўраганидан кейин бошланганини айтади.

Толбасиев ҳодиса ортидан қўлга олинган тўрт нафар шахснинг биридир. Унинг акаси Олжас Озодликка берган интервьюсида укасини полиция бўлимига олиб бориб, нима бўлганини сўзлаб беришни талаб қилганини айтди.

- Укам ишдан қайтганида бир гуруҳ ёшларга йўлиқиб, уларнинг биридан гугурт сўрабди. Болалар эса уни ҳақоратлабди. Натижада икки гуруҳ айтиша бошлаган ва муштлашиб кетган, - деди Толбасиев

«Икки гуруҳ» вакиллари ўзбек ва қозоқ бўлганига қарамасдан, Толбасиев содир бўлган ҳодисани «шахсий можаро, этник низо эмас» дея таърифлади.

Унинг сўзларига кўра, кимдир жанжални видеога ёзиб олиб, Интернетда тарқатган.

Толбасиев ва расмийларнинг сўзларига кўра, видеонинг тарқатилиши можаро ҳақида нотўғри фикр пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Жанжалда Жумадуллоев ҳамда унинг укаси жароҳат олган. Муштлаш давомида қўли синган Жумадуллоев тергов қилинмоқда. Укаси эса шифохонада.

Жанжал содир бўлган куни кечкм пайтда бир гуруҳ одам Жумадуллоев ва унинг укаси уйини тошбўрон қилган, натижа уй ва у ерда турган автомобиллар деразалари синган.

Жумадуллоевнинг онаси Жамила Жумадуллоева 20 июлдан 21 июлга ўтар кечаси 18 нафар неварасини уйда яширишга мажбур бўлганини айтди.

Жумадуллоева ҳам шўрнақликлар каби ҳодисани «этник низо эмас, шунчаки катта аҳамиятга эга бўлмаган, оддий жанжал» дея таърифлади.

Интернетда тарқаган видеода юзи қонга беланган полиция ходимини кўриш мумкин. Уни бир неча одам ўраб олиб, қочиб кетишга уринишда айбламоқда, полиция ходими эса буни рад этмоқда.

Расмийлар видеодаги зобит муштлашаётган тарафларни ажратишга уринганини билдирди.

Ички ишлар вазири Эрлан Тургумбаев жанжалда қатнашганлар қўлга олинганини, «интернетдаги провокация» ортида турганларни аниқлаш бўйча алоҳида тергов кетаётганини айтди.

Ҳукумат ҳамда жанжалда қатнашганлар оила аъзолари можаро замирида «энтик» омил ётганини рад этаётган бўлса, қишлоқ турғунлари бунақа воқеалар «аввал ҳам бўлган»ини айтиб беришди.

Маҳаллий масжид имоми Торехан Абдиразақов кейинги ойларда ўзбек ва қозоқ ёшлар ўртасида тўқнашувлар сони кўпайганини айтди. Озодлик билан суҳбатда имом 20 июль кунги можаро йил бошидан бери икки миллат вакиллари ўртасида содир бўлган учинчи жанжал эканлигини айтди.

- Ўтмишда бундай муаммоларни қишлоқ оқсоқоллари ечарди, тарафларни яраштирарди. Аммо бу сафар қишлоқ кексалари нима содир бўлганидан хабардор эмас, - деди Абдиразақов.

Шўрноқ қишлоқ округининг бошқа қишлоқларида ҳам вазият ўхшаш эканлиги айтилмоқда. 11 мингдан зиёд одам истиқомат қиладиган Шўрнақда асосан қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.

Шўрноқ ҳокими ўринбосари Нишанқул Жуманова Озодликка берган интервьюсида ўтган йилда ҳам ўзбек ва қозоқ ёшлар ўртасида тўқнашув содир бўлганини айтди.

- Ўшанда маҳаллий мактаб ўқувчилари муштлашган эди. Бир неча расмий, жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари Сакен Калмаканов, ҳуқуқ-тартибот органлари ва прокуратура вакиллари қишлоққа келиб, вазиятни муҳокама қилган эди¸ деди Жуманова.

Айрим қишлоқ турғунлари икки миллат вакиллари ўртасидаги зиддият қишлоқ ва унинг мактаби номи ўзгартирилганидан кейин авж олганини айтишди.

Тўрт йил олдин қишлоқ номи Қизиласкердан (ўзбек тилида «қизил аскар») Қўшмезгилга ( ўзбек тилида «қўш мавсум» ёки «қўш фасл») ўзгартирилган.

Қишлоқнинг айрим ўзбек турғунлари эса уни Қозоғистон жанубида яшаган қадимий уруғ номи билан Сунақ деб ўзгартирилишини хоҳлаган. Шўрнақдаги айрим ўзбеклар сунақлардан келиб чиққанига ишонади.

- Аммо қозоқлар қишлоқ ва мактабни Сунақ деб номлашга қарши, - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган қишлоқ турғуни.

Қишлоқнинг номи Шўрнақ аҳолиси ўртасида зиддият келтириб чиқарган бир неча масаланинг фaқат биттасидир. Аммо маҳаллий аҳоли бу муаммолар ҳақида сўзлашни истамайди.

Нур-Султон расмийлари эса Шўрнақда ҳеч қандай этник муаммо йўқлигини таъкидламоқда. Атиги олти ой олдин этник дунганлар ҳамда қозоқлар ўртасида энтик низо келиб чиққан Қозоғистонда бундай мавзулар очиқ муҳокама қилинмайди.

Жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Жамбул вилоятида содир бўлган миллатлараро низо 11 одам умрига зомин бўлган, минглаб дунган Қирғизистонда қочиб ўтишга мажбур бўлган эди.

2015 йил февралида эса Туркистон вилоятининг Бостонлик қишлоғида этник қозоқлар ва тожиклар ўртасида низо келиб чиққан эди.

2007 йилда эса Олмаота вилоятидаги Маловодное қишлоғида этник қозоқлар ва чеченлар жанжаллашди, натижада камида 3 нафар одам ҳалок бўлди.

Қозоқ расмийлари Қўшмезгилдаги можаро авж олиб кетиши олдини олиш учун барча чора кўрилганини айтишмоқда.

23 июль куни полиция муайян тарафни қўллаш учун қўшни қишлоқлардан келган 40 нафар шахсни қўлга олди.

Расмийлар ҳамда қишлоқ турғунлари бу шахслар Интернетда тарқатилган видеони ва унинг остида ёзилган шарҳларни кўриб, ғазабланганини айтишмоқда.

Можарони ўрганиб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилгани хабар қилинди. Полиция ва прокуратура терговидан ташқарида разведка хизмати ҳам низони келтириб чиқарган сабабларни ўрганмоқда.

Қишлоқ аҳолиси эса ўзи ва яқинлари, шунингдек, мулкларидан хавотир оляпти.

Фақат тунги соатларда комендант соати жорий қилинган бўлса-да, Қўшмезгил кўчалари кундузи ҳам бўм-бўш.

Маҳаллий турғунлардан бири:

- Болаларимиз хавфсизлигидан хавотирланяпмиз, - деди.

XS
SM
MD
LG