Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Тошкентнинг собиқ прокурори Мирағлам Мирзаевнинг адвокат хотини вафот этди


“Юнусобод адвокатлари” АК собиқ раҳбари, 2018 йилнинг 27 мартида “пора олиш” ва “жиноий уюшма ташкил қилиш”да айбланиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил, 26 июндаги ҳукми билан шартли жазо олиб, суд залидан озод қилинган 66 яшар Муҳаббат Мирзаева 8 август куни оламдан ўтди.

Марҳума Муҳаббат Мирзаева (қизлик фамилияси Иноғомова) Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари, порахўрлик¸ жиноий уюшма тузиш каби қатор жиноятлари учун айбдор деб топилган Мирағлам Мирзаевнинг хотини эди.

Муҳаббат Мирзаеванинг ўлими ҳақда Озодликка Тошкент шахар адвокатлар коллегиясининг икки аъзоси билдирди.

Марҳумаинг исми айтилишини истамаган дугонасига кўра, Мирзаева 9 август куни Тошкентда дафн этилган:

“Минг афсуслар бўлсинки, дугонам ўлди. Кеча (8 август) касалхонада ўлди. Туни билан унинг уйида эдим. Кафанга ўралмасдан бурун видолашдим. Жасадни касалхонадан олиб келишларини кутдим. 9 август куни жаноза ўқилди. Мен ўша маросимда бор эдим. Қандай адолатсиз хаëт! Муҳаббат барча машаққатларга дош берди. Муаммоларга дуч келганда ўзини эркаклардан ҳам устунроқ тутди. Жаҳаннамдан қутулиб чиқиб яна гўрга кирди. Аммо Муҳаббат ўзининг катта ўғлини қамоқдан қутқара олмай ўлиб кетди. Карантин бўлишига қарамай жанозага тумонат одам келди. Кеча ҳам, бугун ҳам таъзия билдирувчилар оқимининг кети узилмаяпти”.

Марҳума Муҳаббат Мирзаева (Қизлик фамилияси Иноғомова) Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари порахўрлик¸ жиноий уюшма тузиш каби қатор жиноятлари учун айбдор деб топилган Мирағлам Мирзаевнинг хотинидир.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2019 йил, 26 июнь куни Мирағлам Мирзаев, унинг хотини Муҳаббат Мирзаева ва уларнинг яқинлари устидан ўқилган ҳукмда улар 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Р. Қодиров билан жиноий тил бириктирганини урғуланган эди.

Ўзбекистон Олий суди 2019 йили тарқатган хабарда бундай дейилган эди:

“Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Р. Кадиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, А. Мирзаев, М. Мирзаева, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди”.

Озодликда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг Муҳаббат Мирзаевага нисбатан чиқарган айблов ҳулосаси нусхаси бор.

Айблов хулосасига кўра¸ 17.01.1954 йили Тошкент шаҳрида туғилган миллати ўзбек¸ Тошкент Шаҳар Юнусобод тумани А. Пўлат кўчаси 13 уйда яшовчи Мирзаева Муҳаббат Хасановна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210- моддаси (Пора олиш) 3- қисми “а” ва “б” бандлари. 230 модда 1- қисми (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш¸қалбакилаштириш) 236- модда 2- қисми (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) 242- модда 1- қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш) 243- модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) каби жиноятларни содир этганликда айбланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи зобитнинг Озодликка айтишича¸ “Мирзаевга қарши собиқ бош прокурор Қодиров кўрсатма берган”.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2019 йил, 26 июнь куни Муҳаббат Мирзаева устидан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарган ва айни пайтда унинг сурункали ошқозон касалига (панкреатит) чалинганини инобатга олиб, жазони шартли ўташ шарти билан суд залидан озод қилган эди.

Мирағлам Мирзаев ва унинг яқинлари

Узоқ йиллар расман Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари лавозимида ишлаганига қарамай¸ амалда бутун прокуратура тизимини бошқарувчи “ўзгармас ва қудратли” шахс сифатида ном чиқарган Мирағлам Мирзаев (лақаби "Антибиотик") президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 9 февраль кунги селектор йиғилишида ИИВ ва прокуратура тизимларини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб ишдан олинган эди.

Мирзаевнинг жорий йил 8 август куни ўлган хотини Муҳаббат Ҳасанова (лақаби “Муха” "Кардинал")¸ Юнусобод адвокатлар коллегиясини бошқарган¸ МХХнинг собиқ раиси¸ генерал Рустам Иноятовнинг хотини Флора Иноятованинг яқин дўсти ва қариндошидир.

Мирзаевларнинг ўғли Абдурашид Мирзаев МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмасини бошқарган.

Мирағлам Мирзаевнинг укаси Мираъзам Мирзаевнинг ўғли Мансур Мирзаев (лақаби "Малиш") МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмасини бошқарган.

Тошкент мулозимлари¸ қолаверса Озодликка ўз ҳикоясини айтиб бераëтган тадбиркорлар МХХ собиқ раиси Иноятов қаноти остида иш юритган Мирзаевлар сулоласининг узоқ йиллар давомида МХХ¸ ИИВ¸ прокуратура ва ҳокимият амалдорларини террорда ушлаб¸ улардан мунтазам пора талаб қилиб келганлик баробарида¸ иши юришган тадбиркорларни аëвсиз қақшатиб келганини иддао қилишади.

XS
SM
MD
LG