Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

Манбалар: МХХ полковниги Таймураз Алимов қамоқдан чиқиб, ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишламоқда


Таймураз Алимов
Таймураз Алимов

Полковник Таймураз Алимов қамоқдан озод қилиниб, 2019 йил охирида ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармасига бошлиқ қилиб тайинлангани ҳақида Озодликка ҳукумат доираларига яқин бир биридан мустақил уч мулозим куни кеча маълум қилди.

44 яшар полковник Тaймураз Алимов 2018 йилнинг 26 февралида ҳибсга олингани ҳақида, Озодлик расмийлар маълумотига таяниб, ўша йил 28 февралда хабар берган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишловчи мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан 13 августда Озодликка айтишича, “44 яшар Таймураз Олимжонович Алимовнинг исми ДХХ штат жадвалида Қашқадарë вилоят бошқармаси бошлиғи деган лавозим қаршисида турганини" ўз кўзи билан кўрган.

Иккинчи мулозимнинг айтишича, у Таймураз Алимовни вилоят ҳокимлигидаги мажлисдан кўрган.

Таймураз Алимов мажлисда қатнашмоиқда
Таймураз Алимов мажлисда қатнашмоиқда

Учинчи мулозим Таймураз Алимовнинг исмини вилоят ҳокимлиги фармойишларидан бирида кўрганини айтди.

Айни пайтда бу маълумотларнинг расмий тасдиғи Озодликда йўқ.

Озодлик мухбирининг бу борадаги саволини Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати "Бу масала ДХХ тасарруфидаги масаладир, шунинг учун ДХХдан сўранг" деб жавоб берди.

Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати билан боғланишнинг иложи бўлмади.

“Элтуз” нашрининг ëзишича, Таймураз Алимовни Қашқадарëдаги мажлисларда кўришган. Нашр манбаси бундай деган: “Қашқадарёдаги фаолиятининг илк ойларида Таймураз Алимов панада юрди. Бироқ тахминан 2-3 ойдан кейин оммага кўриниш бера бошлади. Ҳатто вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан бир неча марта суратга ҳам тушди”

Таймураз Алимов Қашқардарë ҳокими Зойир Мирзаев орқасида харбий камуфляжда турибди. Расм жорий йил февралида расмий матбуотда чиққан.
Таймураз Алимов Қашқардарë ҳокими Зойир Мирзаев орқасида харбий камуфляжда турибди. Расм жорий йил февралида расмий матбуотда чиққан.

Ҳибсга олинган эди

Расмийлардан олинган маълумотга таяниб Озодлик 44 яшар полковник Тaймураз Алимов 2018 йилнинг 26 февраль куни ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (2018 йил февралида тугатилган) бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Таймураз Алимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-модда, («Қасддан одам ўлдириш»), 301-модда («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш») ва 230-моддалари («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин амалдорнинг 13 августда Озодликка айтишича¸ Таймураз Олимжонович Алимов Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида сақланган.

“2018 йилда Таймураз Алимов устидан хизмат текшируви олиб борилди. Бу пайтда у тергов изоляторида сақланди. Алимов иши ўша пайтдаги Бош прокурор Отабек Муродовнинг шахсий назоратида бўлган. 2019 йилда Алимов қамоқдан сирли равишда қутулиб қолди ва Қашқадарё ДХХси бошлиғи лавозимига юборилди” , деди исми сир қолишини истаган амалдор.

Полковник Алимов хизмат йўлига оид маълумотлар

Таймураз Алимов фаолияти билан яқиндан таниш бўлган расмийнинг Озодликка айтишича¸ у ўз вақтида МХХ раисининг хос буйруқларини бажарувчи алоҳида мавқега эга мулозим бўлган:

"2007 йилдан 2014 йилгача МХХнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади. 2014 йилдан 2015 йилгача Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлган. 2015 йилдан 2017 йилнинг май ойигача Наманган вилоят МХХнинг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлган. 2017 йил май ойидан 2018 йил 5 февралгача МХХнинг коррупцияга қарши бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади¸ дейди мулозим.

Қийноқлар иддаоси

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан 2018 йилги суҳбатда Таймураз Алимовнинг айнан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ( «Қасддан одам ўлдириш») бўйича ҳибсга олингани ва Алимовнинг маҳбусларни мунтазам қийнаганига оид маълумотларга эга эканини билдирган эди.

Ҳуқуқ фаоли иддаосига кўра¸ Алимов “МХХ назаридаги исталмаган шахслар¸ сир сақланиши зарур бўлган ҳодиса гувоҳларининг ликвидация қилиниши доирасидаги ишда фигурантдир".

Молиявий жиноятларда айбланиб¸ 2015 йили Алимов гуруҳи томонидан тергов қилинган собиқ маҳкум Озодлик билан 2018 йил, 28 февраль кунги суҳбатда Таймураз Алимовнинг қилмишларига гувоҳ бўлганиниайтган эди.

"Шахсан Таймураз Косон жазони ижро этиш муассасасига бориб¸ 44 яшар маҳкум Б.Н.Қ.га (бу шахснинг тўлиқ исми Озодликка маълум - таҳр.) маҳбуслар ликвидацияси бўйича топшириқ берганига гувоҳман. Бу одам бир неча марта товламачилик¸ одам ўлдириш жинояти бўйича қамалган. Асли фарғоналик¸ ҳозир Чилонзорда яшайди. Таймураз шу болага шахсан 97-бўйича («Қасддан одам ўлдириш») буюрганига гувоҳман"¸ деган эди собиқ маҳкум.

Полковник Таймураз Алимов 2011 йилнинг 11 августида ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг УП 4356 фармони билан иккинчи даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG