Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Беларусдаги вазият ҳақида Ўзбекистондаги норасмий ОАВ хабар бермоқда. Давлатникилар - жим


9 августда ўтказилган Беларусь президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилиниши ортидан бу мамлакатда бошланиб, ҳануз тинмаётган норозилик акциялари тўғрисида Ўзбекистондаги бир қатор мустақил Интернет нашрлар хабар бермоқда.

Айни пайтда давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларида Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенкога қарши акциялар ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ.

ЎзМТРКнинг икки шарҳловчиси вазиятни давлат телеканаллари ва бошқа ахборот воситалари бошлиқларини “тепадан бериладиган сигналлар бошқариши” билан тушунтирди.

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00
Бевосита линк

Давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин кучга кириб, интернетхонлар эътиборини қозона олган бир қатор сайтлар Беларусдаги воқеаларни ёритмоқда.

Бироз статистика

Беларусь президенти сайлови ўтказилган 9 августдан буён ўтган 11 кун ичида баъзи сайтларда бу мамлакатдаги вазиятга оид 70 тагача материал эълон қилинди.

Масалан, kun.uz сайтининг қидирув тугмаси “Беларусь” сўзи иштирок этган 69 та сарлавҳани чиқариб берди. Daryo.uzда бундай сарлавҳалар 65 та, qalampir.uz сайтида 29 та.

Беларусдаги воқеаларга камроқ эътибор бераётган сайтлар ҳам бор. Масалан, gazeta.uz 10 августдан буён Беларусга оид тўрттагина хабар берган.

Беларусь воқеалари ўзбек сайтлари сарлавҳаларида

Беларусдаги воқеалар тўғрисида хабар бераётган ўзбек сайтларининг сарлавҳалари аксар ҳолатларда информацияга тўйинган сарлавҳалардир.

Масалан:

Kun.uz 14 августдаги хабарини “Ортиқ экранларда кулиб тура олмаймиз” – Беларусь давлат телеканалларидан ёппасига ишдан кетишмоқда” деган сарлавҳа остида;

Qalampir.uz 16 августдаги хабарини “Ўлганимда ҳам мамлакатни бермайман – Лукашенко халққа мурожаат йўллади” деган сарлавҳа остида;

Daryo.uz 19 августдаги хабарини “Беларусдаги Гродно шаҳри расмийлари милиция ҳаракатлари учун узр сўради ва митинг ўтказишга рухсат берди” сарлавҳаси остида берди.

Сайтларнинг Беларусдаги вазиятга доир материаллари сарлавҳаларида истеҳзо унсурларини ҳам учратиш мумкин. Масалан, Qalampir.uz 16 авнустдаги хабарини ўз ўқувчиларига “Акалар бор бўлсин! Лукашенко Путин билан келишиб олди” деган сарлавҳа остида тақдим этди.

ЎзАда жимлик

Айни пайтда давлат тасарруфидаги ахборот воситалари, хусусан ЎзА ахборот агентлиги учун Беларусда ҳеч қандай воқеа йўқ. Ҳар ҳолда барча воқеалар 10 август куни Александр Лукашенконинг ғалабаси билан тугагандай.

ЎзА 9 августда Беларусь ўзига президент сайлаётгани, Лукашенко овоз бергани ҳамда сайловда овоз бериш қарийб 80 фоизни ташкил этгани ҳақда 3 та ва 10 августда Ўзбекистон президенти Беларусь президентини ғалаба билан табриклаганию президентлар телефон орқали мулоқот қилгани тўғрисида 2 та хабар берди... ва мавзу ёпилди.

Беларусдаги воқеалар Ўзбекистоннинг давлат телеканалларида қандай ёритилаётгани, тўғрироғи, ёритилмаётганини Озодликка МТРК таркибидаги телеканаллардан бирининг маҳаллий матбуотни шарҳлаб тутувчи журналисти айтди:

Батькани табриклаганларнинг тўртинчиси кимлигини биласиз. Мана шу хабарнинг ўзи йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.

“Беларусдаги вазиятни давлатга тегишли ТВ деярли ёритмаяпти. Давлатга тегишли ОАВда ҳам шу аҳвол” деб ёзди ижтимоий тармоқлар орқали Озодлик саволларига жавоб берган, лекин исми айтилмаслигини сўраган журналист.

"Ахир мустақил нашрлар ёзаяптику, нега сизлар жимсиз?" деган саволга МТРК журналисти қуйидаги жавобни ёзди:

“Батькани (Лукашенко -таҳр.) табриклаганларнинг тўртинчиси кимлигини биласиз. Мана шу хабарнинг ўзи йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.

МТРК журналисти президент Мирзиёевнинг Лукашенкони табриклаганини назарда тутаяпти. ЎзА нинг 10 август кунги бу ҳақдаги хабарида мана бундай сўзлар бор:

“Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини яна бир бор намоён этганини қайд этди”.

Нега таҳлил йўқ?

Бу саволнинг, табиийки, Беларусдаги воқеалар тўғрисида ҳатто қуруқ хабар бермаётган давлат тасарруфидаги ОАВга алоқаси йўқ. Бироқ таҳлил мустақил сайтларда ҳам йўқ. Сайтларнинг Беларусдаги вазиятга доир материалларининг деярли ҳаммаси янгиликлардир. (ЎзМТРК шарҳловчисининг айтишича, сайтлар янгиликлари Россия матбуотидан таржималардир, бироқ Озодлик бугун масаланинг бу жиҳатига чуқурлашмади) Хорижий нашрлардан таржима қилинган битта-иккита таҳлилий материални демаса, ўзбек сайтларида Беларусда юзага келган вазият таҳлили йўқ.

ЎзМТРК журналисти бу ҳолатни шарҳлар экан, ёзди:

ИАК сиёсий шарҳловчилар мактабини йўқ қилган.

“ИАК (Ислом Абдуғаниевич Каримов демоқчи -таҳр.) сиёсий шарҳловчилар мактабини йўқ қилган. Ҳозирча бирор-бир газета Беларусь мавзусида таҳлилий мақола, шарҳ бермади ва бермайди ҳам. Пичоққа илинадиган шарҳловчи Ўзбекистонда йўқ. Фалончи Пистончиев дегани бор (конкрет исм келтирилган – таҳр.) ўша киши ёзиб турарди, аммо унинг шарҳини чиқарадиган мард газета борлигига ишонмайман”.

Турсун Қоратоев
Турсун Қоратоев

Айни пайтда, бу гапларни айтаётган журналистнинг ҳамкасби, таниқли сиёсий шарҳловчи, МТРКнинг собиқ ходими Турсун Қоратоев Озодлик билан суҳбатда Беларусдаги воқеаларни шарҳлаб берди. Лукашенкони Каримовга қиёслар экан, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти қайта-қайта сайланиш учун қандай ўйинлар қилганини эслаб, жумладан, бундай деди:

Беларусдаги воқеалардан биз ҳам ўзимиз учун хулосалар чиқаришимиз керак. Яқин келажакда бўладиган сайловларда шуни ҳисобга олишимиз керак

"Бу воқеаларнинг бўлмаслиги учун олти марта сайланган Лукашенконинг ўзи инсоф қилиши, бошқаларга йўл очиб бериши керак эди. Бу воқеалардан биз ҳам ўзимиз учун хулосалар чиқаришимиз керак. Яқин келажакда бўладиган сайловларда шуни ҳисобга олишимиз керак".

Синоптик муҳаррирлар

Давлат тасарруфидаги ОАВда Беларусдаги воқеалар ёритилмаётгани сабаблари тўғрисида фикр юритар экан, МТРК журналисти ҳам, компаниянинг собиқ сиёсий шарҳловчиси Турсун Қоратоев ҳам деярли бир хил фикр билдирди.

Журналист бундай ёзди: “Тепадан ҳозир кўрсатма берилмай қўйган. Агар берилганда кунузлар ҳам бунчалик завқ-шавқ билан ёритмасди. Давлат ОАВни советча фикрлайдиганлардан тозалаши керак”.

Турсун Қоратоевнинг фикрича, бош муҳаррирлик лавозимларига шундайлар танланганки, уларга конкрет мавзу бўйича кўрсатма бўлиши шарт эмас. Муҳаррирлар “тепадаги” ҳавони жуда нозиклик билан илғайди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG