Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

OzodTa’sir: Фарғонада фермерлардан ҳар гектар ер учун 10 млн сўмдан талаб қилиш қарори бекор қилинди


Фарғона вилоятида учта туман ва иккита шаҳар ерлари мева-сабзавотчиликка ихтисослашяпти.
Фарғона вилоятида учта туман ва иккита шаҳар ерлари мева-сабзавотчиликка ихтисослашяпти.

Фарғона вилоят, Фарғона шаҳри ҳокимлигининг пахта ва ғаллачиликдан боғдорчилик ва сабзавотчиликка қайта ихтисослаштирилаётган фермер хўжаликларидан тасарруфидаги ерни сақлаб қолиш учун ҳар гектар ерга 10 миллион сўмдан тўлаш ҳақидаги қарори бекор қилинди.

Бу ҳақда Озодликнинг “Sizdan Telegram” лойиҳасида 25 август куни мақола эълон қилинган эди.

Фермерлардан олинган маълумотга қараганда, Фарғона шаҳар ҳокимлигига қарашли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига мўлжалланган 750 гектар ер бўлиб, бу ерларда 40 та фермер хўжалиги тузилган.

Фарғоналик фермерлардан бири 25 август куни Фарғона шаҳар ҳокимининг огоҳлантириш хатини Озодликка юборган, ҳоким хатида фермерлардан ҳар гектар ер учун 10 миллион сўмдан вилоят Фермерлар кенгаши ҳисоб рақамига ўтказиш талаб қилинган, акс ҳолда ерлари бошқа талабгорга берилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Фарғоналик фермер бундай деган эди:

“Фарғонадаги фермерлардан ҳар бир гектар ер учун ўн миллион сўмдан пул талаб қилинмоқда. Тўланмаган тақдирда ер олиб қўйилар экан. Ваҳоланки, ҳужжатларда ташаббускорлар фақат ўз хоҳиши билан пул тўлаши кўрсатилган. Айрим мутасаддилар деҳқончилик машаққатини билмайди. Офтобда қора терга ботиб меҳнат қиламиз, ҳосил етилганда текинхўрлар кўпаяди. Мавсум бошида экинга ўғитинг борми, сувни қаердан етказасан. қийинчилик йўқми деб сўраш тугул, эслаб ҳам қўйишмайди. Қачонгача бундай тазйиқ қилишади? Ахир, президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам деҳқон ва тадбиркорларга кенг йўл очиб беринглар деб бот-бот такрорлаяптилар. Булар эса тескарисини қилишади. Юқори ташкилотлардан ёрдам кутиб қоламиз”.

27 август куни фарғоналик фермерлардан бири мақола “Sizdan Telegram” каналида эълон қилинган кун кечқурун дарҳол шаҳар ҳокимлигида мажлис чақиртирилиб, бу қарор бекор қилинганини айтди.

Фарғона вилоят фермерлар кенгаши раиси Ғайрат Абдулҳакимов ҳам 28 август куни Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокими ўринбосарининг бу топшириғи бекор қилинганини тасдиқлади:

“Бу масалани ҳоким муовинлари нотўғри талқин қилишган. Вилоятимизда учта туман ва иккита шаҳар ерлари мева-сабзавотчиликка ихтисослашяпти. Вилоят ҳокимимиз одилона-оқилона иш қилишни, одамлар норози бўлмаслигини айтишган ва бу ҳақда Адлия бошқармасига шу янгиланишга доир Низом ишлаб чиқишни топширган. Бу дастур алоҳида Низом ишлаб чиқилгандан кейин ишга тушади. Шунинг учун фермерларнинг хавотирланишига ўрин йўқ”.

Ғайрат Абдулҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июлдаги қарори қарори билан 2021 йилда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри, Олтиариқ, Қува, Қўштепа туманларида ғалладан қисқартирилаётган майдонларда интенсив боғ ва токзорлар ҳамда Фарғона шаҳрининг 750 гектар ер майдонида сабзавотчилик йўлга қўйилади.

XS
SM
MD
LG