Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Эрон раҳнамоси Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатган БААни мусулмон дунёсига хоинликда айблади


Oятуллоҳ Али Хоманаий
Oятуллоҳ Али Хоманаий

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Бирлашган Араб Амирликларининг Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатиш қарорини «хоинлик» деб атади ва бунинг «узоққа чўзилмаслигини» айтди.

Эрон давлат матбуотига кўра, Хоманаий 1 сентябрь куни сўзлаган нутқида БААни «Ислом дунёси ёки араб давлатлари, ҳудуддаги давлатлар ҳамда Фаластинга» хоинлик қилганликда айблаган.

31 август куни Исроил ва ББА ўртасидаги илк авиақатнов амалга оширилди. Шунингдек, АҚШ ва исроиллик дипломатлардан иборат делегация Абу-Дабига сафарини якунлади.

БАА 13 августда Исроил давлатини тан олиш ва дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. АҚШ воситачилигида имзоланган мазкур келишувга асосан, БАА Исроилни тан олиши эвазига Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилишни тўхтатади.

БАА Исроилни тан олган Форс кўрфазидаги биринчи, араб дунёсидаги учинчи давлат бўлди. БААнинг Исроилни тан олишини Эрондан ташқари Туркия ва Фаластин ҳам кескин қоралади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган.

Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

БАА расмийлари Исроил билан эришилган келишув Исроилнинг Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режасини тўхтатиб қолишини айтишмоқда. Фаластинликлар Ғарбий соҳилда келажакда ўзлари учун давлат барпо этишни истайдилар.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 31 август куни қилган чиқишида Эрон Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштираётгани, БАА ва Исроил ўртасида имзоланган келишувда Эрон масаласи муҳим ўрин тутишини айтди.

«Амирликлар ва исроилликлар Яқин Шарқда ушбу йирик таҳдидга қарши бирлашиш йўлида ҳамкорлик қилишга қодир», деди Помпео.

Ўтган ҳафта сўнггида БАА Исроилга қарши 1972 йил жорий қилинган бойкотни бекор қилди. Ой бошида эса икки давлат ўртасида илк маротаба телефон алоқаси ўрнатилган эди.

XS
SM
MD
LG