Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Фармацевтлар врачларга дорихона очишга рухсат берилишидан норози бўлмоқда


Фармацевтларнинг Телеграм каналида эълон қилинган маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистон дорихона кўплиги бўйича дунё бўйлаб етакчи ўринлардан биридадир.
Фармацевтларнинг Телеграм каналида эълон қилинган маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистон дорихона кўплиги бўйича дунё бўйлаб етакчи ўринлардан биридадир.

Ўзбекистон ҳукумати дорихона очиш ҳуқуқини фармацевтлардан ташқари бундан буён олий маълумотли тиббиёт ходимларига ҳам бермоқчи.

Ҳукуматнинг бу режасидан ташвишга тушган фармацевтлар жорий этилажак янги тартибнинг ижтимоий хавфидан огоҳлантирмоқда.

Вазиятни шарҳлаган врачлардан бирининг фикрича, янги тартиб бир томондан чекка қишлоқларда ишлайдиган врачлар моддий аҳволини яхшилайди, аҳолининг узоғини яқин қилади. Бошқа врач эса, “аптекачилар соғаётган сигирни энди оддий дўхтир ҳам соғиши мумкин”, деди.

Фармацевтлар врачларга дорихона очишга рухсат берилишидан норози бўлмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:01 0:00
Бевосита линк

Президентга мурожаат

"Тиббиёт ходимларига фармацевтик фаолият юритиш учун лицензия берилиши катта ва кечирилмас хато бўлади. Ўзбекистон фармацевтикаси келажагини қутқариб қолишда сиздан амалий ёрдам кутамиз ва сизга ишонамиз!"

Бу хитоб президент Мирзиёевга қилинган мурожаатдан олинди ва номанинг тўлиқ матни Озодликка ўзбекистонлик фармацевтларнинг Телеграмдаги каналидан келди.

Мурожаатга сабаб бўлган баёнот

Врачлар ҳам дорихона очиши мумкинлиги ўтган ҳафтада эълон қилинганди.

25 августда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги мулозими бундай деди:

“Бугунги кун фақат олий фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассислар дорихона мудири сифатида ишлашига талаб бўлган бўлса, эндиликда қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича топшириқлар берилди, олий тиббий маълумотга эга бўлган мутахассислар ҳам дорихона мудири сифатида ишлаши мумкин бўлади. Демак, медицина олийгоҳларини тугатган шахслар ҳам дорихона очиши мумкин деган маънони билдиради.

Фармацевтларнинг ташвиши шу баёнот билан боғлиқ. Давлат раҳбарига қилинган мурожаатда, жумладан, бундай дейилган:

“Дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана реализациясига рухсат берувчи лицензия шу кунга қадар фақат олий фармацевтик маълумоти бўлган профессионал мутахассисларга шахсан ўзингизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан бериб келинган. Бу эса халқ саломатлиги ва давлат иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи фармацевтика соҳасига профессионал ёндошиш имконини берган. Тиббиёт ходимларига фармацевтик фаолият юритиш учун лицензия берилиши катта ва кечирилмас хато бўлади”.

Фармацевт: "Вертолёт ҳайдайдиган учувчи самолётни бошқаролмайди"

30 йиллик иш тажрибали фармацевт-провизор врачларга дорихона очишга нега рухсат берилаётганини тушунмаётганини айтаркан, “бундай тажриба бошқа давлатларда йўқ”¸ дейди.

Фармацевт-провизорнинг фикрича, провизорлик иши, унинг масъулияти нимадан иборат эканлигини, дориларни сақлаш тартиб-қоидаларини врачлар тасаввур ҳам қилолмайди. Масалага “вертолёт ҳайдайдиган учувчи самолётниям бошқараверади дегандай фикр билан ёндошмаслик керак”, дейди фармацевт-провизор.

10 йил тажрибали фармацевт Комила Мавлонова Озодлик билан суҳбатда врачларга дорихона очишга рухсат бермаслик кераклигини айтаркан, бундай деди:

"Биринчидан, фармацевтика институтларида “Фармацевтика иқтисодиётини ташкил қилиш” кафедраси бор. Бу кафедрада бўлғуси фармацевтлар 3- курсдан 5- курсгача фармацевтика иқтисодиёти икир-чиқирларини ўрганади. Бу соҳани врачлар билмайди. Иккинчидан, ҳозир Ўзбекистонда врачлар фирмалар билан ишлаяпти. Яъни врачлар касалларга ўша фирмаларнинг дорисини ёзиб беради ва эвазига мукофот олади. Мана шундай шароитда врачлар аптека очса, соҳада коррупция янада кучайиб кетади".

Агентлик изоҳи

Озодлик Фармацевтларни ташвишга солаётган саволларга жавоб олиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан боғланди. Агентлик мулозими бу ҳақдаги маълумот агентлик расмий сайтида эълон қилингани билдириш билан чекланди.

Aгентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ўзгаришга мамлакат президентининг 2020 йил 24 августдаги "Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг 5-иловаси 13-банд 2-қисми асос бўлган.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2020 йилнинг 1 ноябригача дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда олий тиббий маълумотга эга бўлган шахсларга дорихона мудири сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилган.

Вазирлик тайëрлаган лойиҳа www.regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштиради. Ҳозирча бундай ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилмаган.

Врачлар нима дейди?

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов врачларга дорихона очишга рухсат беришнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари борлигини айтди.

Ижобий томони: Докторларда тирикчилик қилиш имконияти пайдо бўлади. Чунки врачларнинг маоши жуда оз. Шунинг учун ҳам докторлар дори орқали тирикчилик ўтказаяпти. Фирмалар келиб, доримни ёзиб берсанг, 5-10 фоиз призи бор дейди. Дўхтирларга махсус кийим-бош олиб беришади, компьютер олиб беришади. Дўхтирлар ўзларининг дорихонасини очса¸ бундай ҳамкорлик янада кучаяди, яъни уларнинг тирикчилиги янада яхшироқ кечади.

Салбий томони: Халққа янада оғирроқ бўлади. Фармацевт ҳам, врач ҳам оддий халқ ҳисобига яшайди. Аптекалар яна кўпаяди, врачларнинг керак-керак эмас дориларни ёзиши яна кучаяди. Менимча, ҳар мутахассис ўз ишини қилиши керак. Аптекачи аптекачилигини, дўхтир дўхтирлигини.

Навоий вилоят, Учқудуқ туман марказий касалхонаси врачи (исми айтилишини истамади) андижонлик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ врачларга дорихона очиш ҳуқуқи берилишини олқишлади.

“Бизнинг Учқудуқда иккита аптека бор. Овулларда йўқ. Ўша ерлардаги қишлоқ врачлик пунктларида ишлайдиган врачлар аптека очиб олади, яхшику, одамлар қийналмайди!”

Фармацевтларнинг Телеграм каналида эълон қилинган маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда 14 409 та чакана дорихона бўлиб, мамлакат бу соҳада дунё бўйлаб “етакчи ўрин”лардан биридадир.

Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

XS
SM
MD
LG