Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Беларусь мухолифати лидери ЕИни Лукашенкога қарши чора кўрмаётгани учун танқид қилди


Павел Латушко (суратда) Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳамда Маданият вазири бўлиб ишлаган.
Павел Латушко (суратда) Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳамда Маданият вазири бўлиб ишлаган.

Беларусь мухолифати лидерларидан бири Павел Латушко Европа Иттифоқини демократияни қўллаш бурчини бажаришга ҳамда авторитар президент Александр Лукашенко ҳукмронлигини уч ойга чўзилувчи ўтиш муддатидан кейин тан олишни тўхтатишга чақирди.

Латушко 10 сентябрь куни Прагада Озодлик радиосига берган интервьюсида:

«Бу Беларусь жамияти учун муҳим ва зарур сигнал. Баёнотлар билан чекланиш даври вақти аллақачон ўтиб кетди. Чора кўриш вақти келди», деди.

Беларусь ҳудудини дипломатик автомобилда тарк этган Латушко 10 сентябрь куни Чехия ташқи ишлар вазири билан учрашиб, Беларусь масаласида ЕИ декларациясини муҳокама қилди.

Беларусь элчиси ўлароқ ишлаган Латушко мухолифат тузган мувофиқлаштириш кенгаши аъзосидир. Кенгаш ўтган ойда ўтказилган сайлов ортидан Беларусда юзага келган сиёсий бўҳронга тинч ечим топиш мақсадида тузилган.

Кенгаш Европа Иттифоқини 5 ноябрдан кейин Лукашенко легитимлигини тан олишни тўхтатишга чорламоқда. Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко сайловда 80 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонганини иддао қилмоқда.

Латушко Польша ва Литва аллақачон бундай декларация имзолашни қўллаганини, Чехия ҳам шундай қилиши кераклигини айтди.

Аммо мухолифатчи «учинчи давлатлар геосиёсий хавотирлари» туфайли Европа бир фикрга келолмаётганини таъкидлади. Латушко бу билан Лукашенкони қўллаётган Россияни назарда тутгани эҳтимол.

«Европа Иттифоқи бизга йўл кўрсатди, демократияни ўргатди. Энди ёрдам бериш вақти келди», деди мухолифатчи.

Латушко ЕИ чора кўриши учун «яна қанча зўравонлик талаб қилинишини» сўради.

9 август куни бўлиб ўтган сайлов ортидан юз минглаб беларус норозилик намойишларида қатнашди.

Намойишчилар Лукашенко истеъфосини, сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришни ҳамда адолатли ва очиқ сайлов ўтказишни талаб қилмоқдалар.

Лукашенконинг намойишларни ҳибсга олишлар ва зўравонлик билан тўхтатишга қаратилган уринишлари самара бермади. Кейинги ой ичида минглаб одам қўлга олинди, юзлаб одам қийноққа тутилди.

Қўлга олинганлар орасида Мухолифатни мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари ҳам бор.

7 сентябрь куни кенгаш аъзоси Мария Колесникова ниқобли шахслар томонидан ўғирлаб кетилди ва кейинроқ «ҳокимиятни қўлга олишга қаратилган чақириқлари» учун қўлга олинди.

Етти нафар аъзога эга кенгаш президиумининг аксар аъзоси қўлга олинди ёки Беларусни тарк этди. Аввалроқ Беларусь Тергов қўмитаси Латушкони сўроқ қилган эди.

Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳамда маданият вазири ўлароқ ишлаган Латушко Озодликка берган интервьюсида намойишчилар қийноққа тутилгани акс этган тасвирларни кўрганидан кейин мухолифатга ўтганини айтди.

Унинг бу қарори Лукашенко ғазабини келтирди.

Латушко Лукашенко тинч тарзда лавозимини тарк этмаслигини айтди. Шундай бўлса-да, мухолифатчи намойишлар авторитар президентга таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

«Ҳокимият аппарати унга қарши эканлигини тушуниб турибди», деди Латушко президени ҳақида.

Аммо Россия Лукашенкони қўллашда давом этмоқда.

Латушко Кремлнинг Лукашенкони қўллаш сиёсати пировардида муваффақиятсизликка учрашини башорат қилди.

«Россия Беларусда ўрта муддатли стратегик манфаатларга эга бўлса, эртанги кунда ҳокимият тепасига келадиган одамлар билан мулоқот қилиш кераклигини англаб етиши керак. Улар Лукашенконинг вақти битганини яхши биладилар», деди Латушко.

XS
SM
MD
LG