Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:27

Кремль ЕИнинг Лукашенкони тан олмаслик қарорини қоралади


Ҳафта бошида Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилган эди.
Ҳафта бошида Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилган эди.

Россия Европа Иттифоқининг Александр Лукашенкони Беларусь президенти этиб тан олишдан бош тортганини танқид қилди.

Ҳафта бошида Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилган эди.

Лукашенко давлат раҳбари лавозимига мамлакатда оммавий норозилик намойишлари фонида киришмоқда.

Мазкур акциялар 9 августда бўлиб ўтган президент сайлови расмий натижалари эълон қилингани ортидан бошланиб кетганди ва 1,5 ойдан бери ҳануз тингани йўқ.

25 сентябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ЕИнинг Лукашенкони тан олмаслик қарори блокнинг Беларусь билан диалогини мушкуллаштириши, лекин Беларусь ва Россия муносабатларига эса ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтди.

Лукашенко инаугурацияси ҳақида хабар тарқаши ортидан Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская аҳолини 27 сентябрь куни норозилик акциясига чиқишга ҳамда «янги, адолатли сайловлар ва улар ортидан расмий, қонуний инаугурация ўтказилишини» талаб қилишга чорлади.

Россия сайлов ўтказилганидан бери Лукашенкони қўллаб келади. Кремль Беларусга 1,5 миллиард доллар қарз берди ва ҳарбий ёрдам ваъда қилди.

24 сентябрь куни ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель иттифоқ Александр Лукашенкони Беларусь президенти сифатида тан олмаслигини тасдиқлаган эди.

«Бу инаугурация Беларусь халқининг асосий қисми хоҳиш-иродасига зиддир. Беларусь халқи буни президентлик сайловидан сўнг кўп сонли, мисли кўрилмаган даражадаги тинч намойишларни ўтказиш орқали билдирмоқда. Беларусь халқи иродасига қарши ўтказилган инаугурация мамлакатдаги сиёсий инқирозни чуқурлаштириш учунгина хизмат қилади», - деди Боррель.

23 сентябрда Қўшма Штатлар ҳам Александр Лукашенкони қонуний президент деб тан олишдан бош тортишини билдирган эди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Озодликка интервью бериб,

«9 август куни ўтказилган сайловлар на очиқ, на адолатли бўлди. Эълон қилинган натижалар сохталаштирилган ва легитим эмас. Қўшма штатлар Александр Лукашенкони Беларуснинг сайланган, легитим етакчиси ўлароқ тан ололмайди», - деди.

АҚШ ва ЕИ сайловда мухолифат номзоди Тихановская сайловда ғалаба қозонганини айтмоқда.

Лукашенко тинч намойишларга қарши аёвсиз курашмоқда. Бугунга қадар минглаб одам қўлга олинди, юзлаб намойишчи калтакланди, хорижлик журналистлар мамлакатдан чиқариб юборилди.

25 сентябрь куни Минск суди мухолифат етакчиларидан бири Мария Колесниковани гаров эвазига қўйиб юборишдан бош тортди. Колесникова мухолифатни мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси ҳамда Тихановская сайлов кампанияси етакчиси бўлиб, унга «миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатларга чақириш» моддаси асосида айблов қўйилган.

Унинг адвокати Людмила Казак 24 сентябрь куни бедарак йўқолган эди. Кейинроқ полиция у қўлга олинганини билдирди.

Казакнинг адвокати унга рухсат берилмаган оммавий тадбирда қатнашиш ҳамда полицияга қаршилик қилиш айбловлари қўйилганини айтди.

Колесникова ҳамда унинг икки шериги 7 сентябрда қўлга олинган ва куч ишлатар тузилмалар томонидан Украинага мажбурий депортация қилинган эди. Аммо Колесникова Украина чегарасида қочишга муваффақ бўлган ва Беларусга қайтганди.

Хабарларга кўра, Колесникова ўз паспортини йиртиб ташлагани учун Беларусь расмийлари уни Украинага бадарға қила олмаган. Унинг шериклари эса айни дамда Украинада қолмоқда.

Беларусдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Колесникова ҳамда унинг шериклари сиёсий сабабларга кўра қўлга олинганини айтиб, уларни озодликка чиқаришни талаб қилмоқда.

АҚШ, Канада ва Буюк Британия Беларусь расмийларига қарши санкция жорий қилишни режалаштиряпти.

24 сентябрь куни Британия ташқи ишлар котиби Доминик Рааб Британия АҚШ ва Канада билан мувофиқлаштирган ҳолда санкция жорий қилишини билдирди. ЕИ санкциялари Қибрис қаршилиги туфайли кечикмоқда.

Европа Иттифоқидаги энг кичик давлатлардан бири бўлган Қибрис Беларусга санкция жорий этилса, Туркияга нисбатан ҳам санкция қўллашни талаб қилди.

Қибрис Туркиянинг Ўрта денгизда газ захирасини ўрганаётганидан норози.

XS
SM
MD
LG