Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Беларусь мухолифати намойишда куч ишлатган ҳарбийларнинг "ниқобини ечмоқда" (ВИДЕО)


Намойишчини ҳибсга олаётган ниқобли зобит, 30 август, 2020
Намойишчини ҳибсга олаётган ниқобли зобит, 30 август, 2020

АҚШда яшаётган украиналик иллюстратор Эндрю Максимов, сунъий интеллект ёрдамида полиция ходими ниқоби ечилиши мумкинлиги акс этган видеони Интернетга юклади.

24 сентябрь куни тарқалган видеода, полициячининг юзи очилгач, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали шахсини ҳам аниқлаш мумкинлиги намойиш қилинган.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонгани эълон қилинганидан бери норозилик акциялари тўхтамаётир. Мамлакат ҳарбийлари тинч намойиш қатнашчиларига нисбатан аёвсиз куч ишлатаётгани кузатилмоқда.

Айни дамда Лос-Анжелесда яшаётган Максимов Озодликка берган интервьюсида 2010 йилги президентлик сайловида Лукашенкога қарши норозилик акцияларида қатнашгани, бу йилги сайлов ортидан ҳам сукут сақлай олмаганини айтди.

Максимов тарғиб қилаётган технология намойиш фаолларини калтаклаб, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаётган хавфсизлик ходимлари шахсини фош қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.

Бу орада намойишчилар хавфсизлик хизмати ходимлари ниқобини ечиб ташлаган ҳолатлар ҳам кўпайди. Интернетда хавфсизлик ходимлари намойишчилар ҳаракатлари туфайли жуфтакни ростлагани акс этган бир неча видео улашилди.

Беларусда хабар ва маълумотлар Telegram мессенжери орқали кенг улашилмоқда.

Лукашенко тузуми цензурасининг тиши ўтмаётган Telegramда NEXTA мухолифат гуруҳи 2 миллиондан ошиқ обуначи тўплади.

«Беларусь қора китоби» канали эса кундалик тарзда Лукашенко атрофидаги расмийларнинг исми, адреси ва бошқа шахсий маълумотларини ёйинламоқда.

Беларусь мухолифати янги технологиялар ёрдамида Лукашенко тузумининг бошқа аспектларини ҳам нишонга олмоқда.

Масалан, Лукашенкога ён босаётган ширкатлар маҳсулотларини аниқловчи штрих код сканери яратилди.

Сканерни ишлаб чиқишда иштирок этган прагалик ҳуқуқшунос Сергей Кастрама Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканалига берган интервьюсида:

«Мен маълумотлар базасини туздим. Дастурчи дўстим эса иловани ишлаб чиқди», деди.

Мустақиллик йилларида Беларусда кучли IT соҳаси юзага келган. Аммо 9 август куни ўтказилган сайлов ортидан кўплаб дастурчи Минскни тарк этди.

Хорижда яшаётган беларуслик дастурчилар эса мухолифатга ёрдам бермоқда.

Аммо, полиция шахсий маълумотларининг ошкор қилиниши ортидан айримлар безориликка қўл ура бошлади.

25 сентябрь куни туман полицияси етакчиси Дмитрий Балаба яшаётган тураржой деворида «фашист» ва «қотил» деган ёзувлар пайдо бўлди.

Деворда, шунингдек, бўёқ билан «Сен ҳеч қаерга қочиб қутула олмайсан, каламуш!», деган ёзув пайдо бўлди.

Балабанинг адресини «Беларусь қора китоби» канали эълон қилган эди.

«Беларусь қора китоби» каби гуруҳлар тарқатаётган маълумотлар қай даражада тўғрилиги номаълум.

Айрим фаоллар текширилмаган, нотўғри маълумотлар туфайли намойишчиларга қарши куч ишлатмаган шахслар ҳужум нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Максимов 24 сентябрь куни YouTubeга юклаган видеосида Беларусь полициясини огоҳлантирди.

«Жирканч ишларга қўл урар экансиз, фарзандларингиз юзингизга қараб туради. Афтидан, қалтис вазиятдалигингизни англамаяпсизлар. Сизларда ҳеч қандай ниқоб йўқ», - деди у видеода.

Максимов, Озодлик билан суҳбатда, ўзи ишлаб чиққан дастур мукаммал эмаслигини тан олиб, хатолар бўлиши мумкинлигини эътироф этган.

XS
SM
MD
LG