Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

Онлайн режимга ўтган мактабларда ўқитувчилар мактаб биносига чақиртирилиб¸ йўқлама қилинмоқда


2020-2021 йилги ўқув йили Ўзбекистондаги 4379 та мактабда онлайн режимда бошланди.
2020-2021 йилги ўқув йили Ўзбекистондаги 4379 та мактабда онлайн режимда бошланди.

Ўзбекистондаги мактабларнинг ярмидан кўпида коронавирус пандемияси сабаб дарслар онлайн-масофавий режимда олиб борилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан бундай мактаб ўқитувчиларига уйдан туриб ишлаш айтилган эса-да, айрим мактабларда ўқитувчилар ҳар куни 8.00 ва 15.00 да мактаб биносида тўпланиб, йўқламадан ўтказилмоқда.

Озодликка боғланган ўқитувчиларга кўра¸улар мактаб биносига келиб йўқловдан ўтмаса, ойлик маоши қирқилишидан огоҳлантирилган.

Халқ таълими вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими бундай ҳолатларни "айрим мактаб директорларининг ўзбошимчалиги" сифатида изоҳлади.

Мулозимга кўра, 14 сентябрдан онлайн режимда иш бошлаган мактаб раҳбарларига зарурат бўлмаса ўқитувчиларни мактаб биносида тўпламаслик ҳақида топшириқ берилган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги 18-мактабнинг Озодлик суҳбатлашган бир неча ўқитувчиси дарслар онлайн бўлишига қарамай¸ мактаб директори уларни мактаб биносида тўплаб, ҳар куни икки мартадан йўқлов қилаётганини айтди.

- Касал тарқалмасин, деб уйдан туриб ондайн дарс бериш айтилганди. Лекин, директоримиз "ҳамманг ойлик оляпсизлар, уйда ўтириш бўлмайди", деб ҳаммани эрталаб 8 да ва кундуз 3 да мактаб биносида тўплаб, йўқлов қиляпти. Худо кўрсатмасин¸ касал тарқаладиган бўлса, мактаб келаси ойда ҳам очилмайди, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган мирзаободлик муаллим.

Фарғонанинг Қува туманидаги 11-сон мактаб ўқитувчилари ҳам пандемияга қарамай¸ ҳар куни мактаб биносида йўқлов қилинаётгани, келмаганлар ойликлари қирқилишидан огоҳлантирилганини айтди.

- Иситмаси билан келганлар бўлди. Ўзи ўқиш онлайн бўлса, нима зарурат мактаб биносига ҳаммани тўплаб? Шу йўқлов зарур бўлса, уни ҳам онлайн қилса бўладику. Мантиққa умуман тўғри келмайдиган ишлар бўляпти. Агар ўқитувчиларда касаллик бўладиган бўлса, мактаб ҳали бери очилмайди.

Бу мактаб ўқитувчилари директор йўқловга келмаганлар ойликлари қирқилиши ҳақида таҳдидли хат ëзганини қўшимча қилди.

11-сон мактаб ўқитувчиларига Телеграм орқали жўнатилган хатда¸ жумладан шундай дейилади:

"Ҳурматли ўқитувчилар, ишга келиб-кетишда кадрлар менежери томонидан дафтарга имзо қўйиб кетишларинг зарур. Акс ҳолда¸онлайн ўқиш бўлса ҳам ойлик оляпсиз. Агар дафтарда келиш ва кетиш имзойингиз йўқ бўлса¸ иш ҳақингиз қирқилади. Ўтган ҳафта шанба куни вазирлик томонидан текшириш кутилаётган вақтда мактабда йўқлама қилинганда иш жойида бўлмаган устозлар иш ҳақингиз қирқилди".

Қува туманидаги 11-сон мактаб ўқитувчиларига Телеграм орқали юборилган хатда мактабда йўқлама қилинганда иш жойида бўлмаганлар ойлиги қирқилишидан огоҳлантирилган.
Қува туманидаги 11-сон мактаб ўқитувчиларига Телеграм орқали юборилган хатда мактабда йўқлама қилинганда иш жойида бўлмаганлар ойлиги қирқилишидан огоҳлантирилган.

Озодлик Қува туманидаги 11-сон мактаб директори Маматвали Турсуновга боғлана олмади - директор уяли телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

Халқ таълими вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ўқитувчиларни мактаб биносига тўплаб йўқлов қилишини айрим мактаб директорларининг ўзбошимчалиги сифатида талқин этди.

Мулозимга кўра, 14 сентябрдан онлайн режимда иш бошлаган мактаб раҳбарларига зарурат бўлмаса ўқитувчиларни мактаб биносида тўпламаслик ҳақида топшириқ берилган.

- Ҳозир 57 фоиз мактабда дарслар онлайн бўляпти¸ ўқитувчилар уйидан ишлайди. Ўқувчилар ҳам уйида, яъни ўқиш масофадан бўляпти. Келаси ой бошига қадар шунақа бўлади. Кейин мактаблардаги ҳолатлар ўрганилиб, аста-секин анъанавий таълимга ўтилади. Шунга қадар мактаблар санитария аҳволини яхшилаш, бинода кўп одам тўпланишига йўл қўймаслик ҳақида топшириқлар берилган. Бу сиз айтаётган нарса айримларнинг ўзбошимчалиги бўлса керак, биз қайтанга ўқитувчилар уйидан ишласин, деяпмиз. Шу ҳақда барча туман бўлимларига айтилган, - деди вазирлик мулозими.

Онлайн дарслар

Фарғонанинг Қува туманидаги 11-сон мактаб ўқитувчиларидан бири онлайн дарслар Телеграм каналида олиб борилаётгани, лекин интернет йўқлигидан¸ камида учтадан битта бола унда қатнаша олмаëтганини айтади.

Бундай вазиятда¸ ўқитувчилар таъкидича¸ таълим тизими раҳбарларининг асосий эътибори онлайн дасрларга қатнаша олмаëтган болаларнинг билимсиз қолиб кетмаслигига қаратилиши лозим.

- Телеграмда ўқувчиларга топшириқлар берамиз, улар шу топшириқларни бажариб бўлганларидан кейин, вароқларини суратга олиб қўйишади. Дарсларни видеомулоқот тарзида йўлга қўймоқчи бўлдик, лекин Zoomни ҳамманинг Интернети кўтармайди. Ҳозир ҳам 30 фоиз бола Интернет йўқлигидан қатнашолмаяпти. Уларнинг уйларига бориб, дарсларини текширишга тўғри келади. Бунинг устига¸ мактаб директори, йўқламага келмасангиз ойликни қирқаман, деб пўписа қилади. Ундан кўра Интернет йўқлигидан дарсга қатнашолмаётган болалар муаммоси билан қизиқса бўларди, - дейди қувалик муаллим.

Шу йилнинг 16 мартидан Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча таълим муассасалари ёпилиб, ўқувчилар таътилга чиқарилганди.

30 мартдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланди.

Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 янги ўқув йилида анъанавий дарслар босқичма-босқич йўлга қўйилишини маълум қилган.

Бунга қадар 2020-2021 ўқув йили, ота-оналарнинг танловига биноан, анъанавий, онлайн ёки гибрид (анъанавий ва онлайн) тарзда бошланиши айтилган.

Анъанавий мактаблар очилиши учун эса қатор шартлар қўйилган.

9-10 сентябрь кунлари Озодлик, вилоят ва қишлоқларда мактабларнинг асосий қисми очилишга ҳозир эмаслигини ўрганди.

Озодлик суриштируви давомида, ўқув йили бошидан ёппасига текширилаётган ўқитувчилар орасида коронавурус юқтириб олганлари кўпчилик экани аниқланди.

12 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемия шароитида ўқитувчи ва ўқувчилар соғлиғини ҳимоя қилиш учун мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда COVID-19 учун тест олинаётганини билдирганди.

"11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди. Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда", деб хабар қилди вазирлик.

Бу расмий хабардан сўнг қатор туманлардаги ҳокимликлар, жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ (60 нафар) ва Жомбой (40 нафар) туманларидаги ўқитувчилардан коронавирус аниқлангани, таҳлил натижалари ҳануз тўлиқ чиқмагани маълум қилинди.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқиндир.

XS
SM
MD
LG