Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

"Ипотека-банк"нинг юзлаб мижози пластик карталари блокланганидан норозилик билдирди (ВИДЕО)


Шу кунларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги тижорий банклар олдида ҳам уруш-жанжалли манзарани кузатиш мумкин.
Шу кунларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги тижорий банклар олдида ҳам уруш-жанжалли манзарани кузатиш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда кредит бўйича қарздорларнинг пластик карталари блокланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тармоқда улашилган видеолардан бирида пластик карталари блокланганидан норози мижозлар "Ипотека-банк"нинг Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар филиали олдида тўпланганини кўриш мумкин.

Банкнинг Олмалиқ шаҳар филиали ходими айрим мижозларнинг пластик карточкалари кредит қарздорлиги боис вақтинча блок қилиб қўйилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Сўнгги ҳолат Ўзбекистонда коронавирус пандемияси боис карантин чекловлари даврида олти ойлик кредит таътили тугаши ортидан рўй бермоқда.

8 октябрь куни олинган видеода "Миллий гвардия" кучлари Олмалиқдаги "Ипотека-банк" олдида турган ғазабноқ оломонни тинчлантиришга ва масофа сақлашга кўндиришга уринади.

"Алам қилади-да, ака 7 яримда келганмиз", - дейди норозилардан бири.

Олмалиқдаги "Ипотека-банк" бўлими олдида норозилик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

"Ипотека-банк"нинг Олмалиқ филиали олдида тўпланганлар Озодлик билан суҳбатда пластик карточкалари огоҳлантиришсиз блоклаб қўйилгани сабабли коронавирус профилактикаси қоидаларига зид бўлса ҳам, банкка боришга мажбур бўлаётганликларини айтишади.

Банк мижозларидан бирига кўра, 8 октябр куни банк олдида юзага келган жанжални Миллий гвардия кучлари ҳам тўхтата олмаган.

- Камида тўрт юзта одам, коронавирус профилактикаси қоидаларига бўйсунмай, банк олдида турибди. Миллий гвардия ҳам ҳеч нарса қилолмаяпти. Сабаби карта блокланганига одамлар ғазабга минган. Картаси блоклангани сабабли турибди. Шунча одамнинг йиғилишига, аслида банк ходимлари сабабчи, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган банк мижози.

Кредит тўловини вақтида тўлаган айрим мижозлар ҳам банк карталари блокланганини айтишади.

- Менинг пластик картамни блоклаб қўйишди. Қарзим йўқ, лекин фақатгина светдан қарзим бор эди, аслида у ҳам кеч бўлса ҳам тўланган эди. МИБга қўнғироқ қилиб туша олмаяпман. Нима қилишни ҳам билмаяпман", - дейди "Ипотека-банки" мижозларидан бири.

Бошқа мижозлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлашади.

"Ипотека-банк"нинг Олмалиқ филиали ходими айрим мижозларнинг пластик карточкалари кредит қарздорлиги мавжудлиги учун вақтинча қулфлаб қўйилаётгани маълум қилди.

Исми очиқланмаслигини истаган банк ходимига кўра, мижозлар қарздорлик юзага келса пластик караталари блоклаб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.

- Тижорий банкларга жисмоний шахсларнинг пластик карталарини қарздорлик учун вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилган. Бу ҳақда фуқаролар бир неча марта огоҳлантирилган. Қарздорлик тўлангандан сўнг банк пластик карточкалари яна очиб берилади. Бу ҳақда кеча уларга тушунтирилди, - деди "Ипотека-банк"нинг Олмалиқ бўлими ходими.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги тижорий банклар олдида ҳам уруш-жанжалли манзарани кузатиш мумкин.

Бу холат Ўзбекистонда коронавирус карантини даврида банкдан олган кредити тўловларини тўлашда берилган олти ойлик таътил тугаши ортидан рўй бермоқда.

Кредит таътили тугади, одамларда пул йўқ

Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги "Агробанк" бўлими олдида тўпланган оломон йиғилиб қолган кредит қарзларини тўлашга имтиёз талаб қилиб келишганини айтишади.

- Кредит тўловлари бир миллиондан кўпроқ. Ҳозир ҳамма йўқ тўхтаб ётибди қаердан оламиз пулни. 1 октябрдан яна пеня минишни бошлайди, шунга тўловни яна бир муддат кечиктириб туришни сўраяпмиз, - дейди банк мижози.

Айрим банклар ўз мижозлари вазиятини тушунган ҳолда кредит таътили муддатини узайтириш ва қўшимча имтиёзлар бериш имкониятларини кўриб чиқаётганликларини Озодликка айтишганди.

Тошкентдаги "Асака банк" ходими 2 октябр куни Озодлик билан суҳбатда қийин аҳволда қолган мижозларига қарз тўловлари бўйича ҳар хил таклифлар қўйилаётганини маълум қилган.

Банк ходими кредит таътили даврида кечиктирилган муддат учун жарима қўлланилмаслиги, 1 октябрдан кейин кечикиш бўлса, жарима бўлиши ҳақида огоҳлантирганди.

"Чунки 1 октябрдан имтиёзлар бекор бўлди", - деган эди "Асака банки" ходими.

Банклар тақиқ қўйиши мумкинми?

Маълум бўлишича, фуқаролар банк пластик карталари блокланиши билан боғлиқ муаммога бундан олдин ҳам дуч келишган.

Баъзи банклар газ, светдан қарзи борлар, солиқларни ўз вақтида тўламаганларнинг ҳам пластик карталарини блоклаб қўйган ҳолатлар бўлган.

Тошкентдаги "U Credit" консалтинг гуруҳи мутахассиси Тоҳир Собировнинг Озодликка айтишича, Мажбурий ижро бюросига қарздорнинг пластик карточкасини блоклаш ва ундан пул ечиб олиш ваколати берилган.

- Ҳамма мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам агар кимдир светданми, газданкми ёки кредит қарзиними тўламаса пластик картаси блокланиб, шу пул ундирилади. Мажбурий ижро бу бўйича кенг ваколатларга эга. Агар иш МИБга етиб борган бўлса огоҳлантириб ўтирмасдан ечиб олиши мумкин. Лекин, карантин даврида бу амалиёт вақтинча тўхтатиб қўйилганди. МИБ одамларга қийин бўлмаслиги учун буни тўхтатиб турганди, - дейди мутахассис.

Аммо баъзи ҳолларда қарзи йўқ мижозларнинг ҳам плаcтик карталари блоклангани ҳақида Озодлик аввал хабар берган.

Ўтган ой бошида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида шифокорлар пластик карталаридан пуллар уларнинг розилигисиз ечиб олинишига норозилик билдириб, "Савдогарбанк" бўлими олдида тўпланишганди.

Зангиота тумани Соғлиқни сақлаш бўлими расмийлари шифокорларга хайрия пулларини тарқатишда хатолик бўлгани, шу туфайли айрим ходимларга ёрдам пули кўпроқ бериб юборилгани учун уларнинг пластик карталари блокланиб, шу пул ечиб олинганини айтишган.

XS
SM
MD
LG