Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:25

Тоғли Қорабоғ: Арманистон Озарбайжонга Келбажар туманини топширишни бошлайди (ВИДЕО)


Ҳудудни бўшатаётган арманиларнинг айримлари ўз уйларини ёқиб юбормоқда, 13 ноябрь, Тоғли Қорабоғ
Ҳудудни бўшатаётган арманиларнинг айримлари ўз уйларини ёқиб юбормоқда, 13 ноябрь, Тоғли Қорабоғ

15 ноябрь куни Арманистон Тоғли Қорабоғ минтақасида олти ҳафта давом этган урушни тугатган тинчлик шартномаси доирасида Озарбайжонга ушбу ҳудуднинг бир қисмини ўтказиб беришни бошлаши кутилмоқда.

14 ноябрь куни Озарбайжоннинг бир неча ўн йил давомида этник арманлар назорати остида бўлган Келбажар тумани аҳолиси ўз уйларини тарк этишни бошладилар.

Озодлик арман хизматнинг хабар қилишича, ҳудудни бўшатаётганларнинг айримлари ўз уйларини ёқиб юборган.

Келбажарда 1990 - йиллар бошида содир бўлган урушдан олдин асосан этник озарбайжонлар истиқомат қилар эди.

Уруш давомида этник арманлар уларни ҳайдаб чиқарган. Яъни, бугунги кунда бўшатилаётган уйларнинг аксари аввал озарбайжонларга тегишли бўлган.

Ҳудудни Озарбайжонга беришдан олдин арманлар Дадиванк монастирига сўнгги марта бордилар. 14 ноябрь куни монастирь яқинига Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган эди.

Кремлнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин 14 ноябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга Тоғли Қорабоғдаги христиан зиёратгоҳларини ҳимоя қилишни айтган.

Алиев матбуот хизмати тарқатган баёнотда президент насронийларнинг муқаддас жойларини ҳимоя қилишга ваъда бергани айтилади.

Россия воситачилигида имзоланган тинчлик битимига кўра, Арманистон кейинги 2,5 ҳафта ичида Келбажар ва яна икки туманни Озарбайжонга қайтариши керак бўлади.

Келбажар сингари бу туманлар 1994 йилда тугаган урушдан бери арман айирмачилари назоратида қолиб келаётган эди.

10 ноябрь куни эълон қилинган тинчлик сулҳи 5 мингга яқин одам умрига зомин бўлган ҳарбий тўқнашувларни тўхтатди.

Аммо келишув Тоғли Қорабоғнинг йирик қисмини ҳамда Боку қўшинлари эгаллаб олган ҳудудларни Озарбайжонга ўтказиб бераётгани учун кўплаб арман уни тан олмаяпти.

Келишувга биноан 2 000 нафар Россия тинчликпарвар ҳарбийси минтақага сафарбар қилинади. Келишув эълон қилиниши ортидан 200 нафар россиялик ҳарбий Арманистонга юборилди.

Россия ҳарбийлари ҳудудга келганидан кейин, Арманистон ва Озарбайжон ҳалок бўлган аскарлар майитларини алмашди.

Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган арманлар бошқариб келади.

Жорий йилнинг 27 сентябрда минтақада навбатдаги ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетди.

Келишув имзолангани ҳақидаги хабарни Озарбайжон халқи байрамона кайфият билан кутиб олди. Арманистонда эса келишув имзолангани сиёсий бўҳрон келтириб чиқарди. Ереванда норозилар ҳукумат уйини ва парламентни ишғол қилдилар.

11 ноябрь куни 10 нафар мухолифат етакчиси «оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришда» айбланиб, ҳибсга олинди.

Мухолифат бу ҳолатни кескин қоралади ва натижада, икки кун ўтиб қўлга олинган мухолифат етакчилари қўйиб юборилди.

XS
SM
MD
LG