Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:15

OzodDayjest: Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули ҳалигача тўлиқ берилмаган


Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 2019 йил декабрида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 киши нобуд бўлганди
Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 2019 йил декабрида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 киши нобуд бўлганди

Қирғизистон президентининг “Мирзиёев Каримовдан қолган диктатурани йўқотгани”га оид гапи ўзбек жамоатчилиги орасида турлича қарши олинди. Метрополитен қурилишида рўй берган фожиада жабр кўрган оилаларга ваъда қилинган маблағ ҳалигача тўлиқ тўлаб берилмаган. Диний қўмита раиси ўринбосари таҳдид йўли билан мақолаларни ўчиртиришга уринди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

ЎзАда президент Каримов даври “кучли диктатура” деб аталди. Бу борада жамоатчилик икки “лагер”га бўлинди

Ўзбекистон расмий ахборот агентлиги сайтида “Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди” деб номланган мақола чоп этилди (www.uza.uz, 29 январь). Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ВВС нашрига интервьюсида президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан қолган диктатурани йўқ қилганини баён этган.

“Ислом Каримов даврида кучли диктатура эди. Уни бутун дунё биларди, қўшни давлатлар ва биз ҳам билганмиз. Шавкат Мирзиёев келгач, диктатурани олиб ташлаб, дунёга эшигини очди. Ҳозир қандай ўзгаришлар бўляпти?! Агар диктатурани ўрнатаман деса, Ислом Каримовнинг диктатурасини давом эттириб кетса бўлар эди. Аммо давом эттирмади-ку”, деган С. Жапаров.

Расмий ахборот агентлиги сайтида биринч президент бошқаруви даври “кучли диктатура” деб аталиши ижтимоий тармоқларда турлича баҳоланди. Айримлар бу ҳолатни кескин танқид қилди.

“Ўзини Ўзбекистоннинг биттаю битта ва ягона ахборот агентлиги деб ҳисоблайдиган манба томонидан томонидан ажойиб бир материал берилибди. ...мақолада “Ислом Каримовдан қолган диктатура” ибораси 4 марта, аввалги режимга тегишли “диктатура” сўзи эса яна алоҳида 4 марта ишлатилган. Бир мақола учун кўп эмасми?! Лекин, келиб-келиб амалдаги ҳукуматни ағдариб, тарихда энг кам сайловчилар иштирок этган сайловда бир амаллаб сайланган давлат раҳбари гапини ура-урага айлантириш керакмикан?” деб ёзди “Давр24” ахборот нашри.

Бошқа бир гуруҳ фойдаланувчилар эса президент Ислом Каримов даври чиндан ҳам диктатура бўлгани, ЎзА эса яқин ўтмиш воқелигини ўз номини билан атаганини қайд этган ва агентликни оқлаган.

Метро қурилишида тупроқ остида қолган ишчиларнинг оилалари ҳалигача рози қилинмаган

2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида рўй берган фожиада жабр кўрган оилаларга ваъда қилинган маблағ ҳалигача тўлиқ тўлаб берилмаган (www.kun.uz, 3 февраль). Ўшанда 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлган.

Марҳумларнинг бир нафари “Ўзбекистон темир йўллари минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси, қолган 5 нафари “SBK Universal Construction Group” МЧЖ ходимлари бўлган.

Фожиа оқибатларини бартараф этиш юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ ҳалок бўлган ишчиларнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 100 миллион сўм компенсация пули, шунингдек, боқувчисини йўқотганлик нафақалари берилиши белгиланган.

Kun.uz маълумотларига кўра, “SBK Universal Construction Group” МЧЖ марҳумларнинг оила аъзоларига махсус комиссия тайинлаган нафақа пулларини ўз вақтида ва етарли миқдорда тўлаб бермаган. Ҳатто бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганларнинг яқинлари бирйўла ва ойма-ой тўланадиган нафақалар ўз вақтида тўлаб берилмагани сабабли судга даъво аризаси киритган.

Айрим жабрланувчиларга товон пули тергов иши тугатилганидан 4-5 ой ўтганидан кейин тўланганки, бу ҳам жиддий қонун бузилиши ҳисобланади.

Прокуратура одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини 2020 йил 18 март куни тугатган. Бунга эса вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарар ўрни иш берувчи томонидан “тўлиқ қоплангани” асос қилинган.

Kun.uz нашрига кўра, Бош прокуратура терговни тугатиш асослари қонунийлигини қайта кўриб чиқиши лозим.

Диний қўмита раиси ўринбосари Azon.uz cайтига таҳдид қилиб мақолаларни олдириб ташламоқчи бўлди

3 февраль куни Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Раимов таҳририятга нисбатан босим ўтказилгани сабабли ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини эълон қилди. Бу ҳақда қатор ахборот нашрлари хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Azon.uz сайтида эълон қилинган икки мақола (“Қорилар маҳалласи – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди” ҳамда “Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?”) юзасидан сайт таъсисчиси, диний олим Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, ҳақорат ва таҳдид билан уларни ўчиришни талаб қилган.

Маълум бўлишича, Д.Эшнаев бунга қадар ҳам Azon.uz сайти ва Azon TV онлайн телевидениесидаги эълон қилинган кўплаб кўрсатувлар ва мақолаларни ўчиришнинг ташаббускори бўлган.

Дин ишлари бўйича қўмита бу хабарни рад этиб, мақолаларни ўчиртириш борасида раҳбарият томонидан топшириқ берилмаганини билдирган.

Қўмита баёнотига жавоб берган Azon.uz таҳририяти сайт таъсисчисига чиндан ҳам қўмита раиси ўринбосари ҳақоратли сўзлар билан таҳдид қилгани, ушбу сўзлашув аудиоёзуви мавжудлигини билдирган.

2018 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган собиқ ДХХ ходими Эшнаев 2019 йил сентябрь ойида Нуриймон Абулҳасаннинг ўрнига Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари – Диний ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори лавозимини эгаллаган эди.

Kun.uz нашри cобиқ ДХХ ходимининг бу ҳаракатлари президент Ш.Мирзиёевнинг очиқлик ва эркинлик сиёсатига зид эканини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG