Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Шунча одам ишсизми? Хоразмда "Артел"га ишга кириш учун минглаб одам тўпланди (ВИДЕО)


Хоразмнинг Питнак шаҳридаги "Артел" корхонаси олдида тўпланган одамлар - 9 февраль, 2021
Хоразмнинг Питнак шаҳридаги "Артел" корхонаси олдида тўпланган одамлар - 9 февраль, 2021

9 февраль куни маиший техника ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи"Артел" ширкатининг Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Питнак шаҳрида янги қурилган шўъба корхонасига ишга қабул эълон қилингани ҳақида эшитган минглаб одам тўпланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода корхона олд майдони ва атрофи одамга тўлгани ва издиҳом юзага келганини кўриш мумкин.

Шунча одам ишсизми? Хоразмда "Артел"га ишга кириш учун минглаб одам тўпланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00

Видеога берилган изоҳларда "Артел" корхонаси олдидаги талотўп ишга киришни хоҳловчи одамлар тўпланиши натижасида юзага келгани айтилган.

Телеграм тармоғида тарқалган видеода камера ортидаги овоз: "Қаранг, Хоразмда аҳволни. Мана "Артел" заводи. Ишга қирмокчи бўлган одамлар мана. Ҳеч ким киролмаяпти. Мана халқ. Буларга эътибор қаратадиган одам йўқ", дейди.

Озодликка маълум бўлишича, воқеа 9 февраль куни бўлган.

Исми очиқланмаслигини сўраган питнакликлардан бири корхона қаршисида 20 мингга яқин одам тўпланганини айтади:

Бўш иш ўринлари учун ишга қабул бошлангани ҳақида эшитиб Ҳазорасп, Шовот, Боғот, Хивадан ҳам одамлар келди. Талотўп бўп кетди. Босқи остида қолганлар бўлди.

"Бўш иш ўринлари учун ишга қабул бошлангани ҳақида эшитиб Ҳазорасп, Шовот, Боғот, Хивадан ҳам одамлар келди. Талотўп бўп кетди. Босқи остида қолганлар бўлди. Завод берк эди, ҳеч ким киролгани ҳам йўқ, кимдир у ерда чиқиб учрашгани ҳам йўқ. Кейин Ички ишлар ва ҳокимликдан одамлар келди, бу ерда турганларингни фойдаси йўқ, барибир шунча одамни қабул қилмайди, дейишди. Кейин ҳамма тарқалди, - дейди йигит.

Видео зудликда тармоқ фойдаланувчилари эътиборига тушди. Баъзилар ушбу видео нафақат Хоразм, балки бутун мамлакатдаги ишсизлик вазиятини кўрсатиб бериши ҳақида ёзган.

"Артел" Ўзбекистонда маиший техника ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи монополист ширкат саналади.

Озодлик ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар юзасидан "Артел"нинг Тошкентдаги марказий идораси раҳбариятидан изоҳ ололмади.

"Артел" ширкатининг Питнакдаги корхонасида қанча ишчи ўрни очилган ва танлов қачон ва қандай шартлар билан эълон қилинган?

Бу саволларга ҳам жавоб олиш имкони бўлмади.

Ишсизлик шу қадарми?

Тупроққалъа тумани ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда ўзи дохил расмийлар "Артел" олдига тўпланган одамлар билан мулоқот қилганини айтди.

Бизда биласиз, бир жойда бир нарса бўлди, деса ҳамма югуриб боради.

"Ишга қабул қиляпти, экан деб бири-биридан эшитиб келган. Биргина Питнакдан эмас, бутун вилоятдан келган, Қорақалпоғистондан ҳам келган. Бизда биласиз, бир жойда бир нарса бўлди, деса ҳамма югуриб боради. Ана шундай ҳолат бўлди. Биз улар ёнига бордик, учрашдик. Лекин, бу "Артел" хусусий ширкат бўлгани учун улар ишига аралашолмаймизку, шунча одамни ишга оласан ёки қабул қиласан, деб шарт қўя олмаймизку. Келгусида очилиши режалаштирилган янги иш ўринларига қабул бўлса, маълум қиламиз, деб ҳаммасига тушунтирилди, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 13 фоиздан кўпроқни ташкил қилади.

Хоразмлик блогер Шерзод Ботировга кўра, Питнакдаги талотўп ишсизлик кўлами расмий статистикадагидан анча катта эканини кўрсатади.

"Ҳазорасп тумани, Тупроққалъа ва Питнак шаҳри Хоразмдаги ишсизлик энг кўп бўлган жой. Шуни ҳисобга олиб Питнакда "Дамас" заводи очилди. Бу билан ҳам ишсизлик камаймади. Ҳозир мана, "Артел" очиляпти, лекин қанча одамни бу корхона иш билан таъминлайди, билмаймиз. Лекин масштабни кўряпсиз, аҳвол нақадар эканини мана шу видеодан билиб олса бўлади", - дейди хоразмлик блогер.

"Артел"да ишлашни ҳамма истайди"

Хоразм вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи муовини Мурод Отажонов фикрича эса, Питнакдаги ҳодиса вилоятдаги ишсизлик кўплигидан дарак эмас.

"Ҳамма яхшироқ ишга киргиси келади. Ҳамма кўп ойлик тўланадиган "Артел"да ишлашни истайди. Бу ерда айнан шу нарса бўляпти.

"Ҳамма яхшироқ ишга киргиси келади. Ҳамма кўп ойлик тўланадиган "Артел"да ишлашни истайди. Бу ерда айнан шу нарса бўляпти. Бетон қориш ёки ер чопишни кўплар хоҳламайди, тўғрими? Шунинг учун бу тарқалган видеолардан Хоразмда ишсизлик шу қадар кўп экан, деган хулосага келиш тўғри бўлмайди. Лекин биз ҳолатни ўрганяпмиз,", - дейди Мурод Отажонов.

Ўзбекистонда иш ўринлари ярмаркалари ёки ишга қабул жараёни пайти талотўп бўлиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йил ёзида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги Тоғ-кон металлургия комбинатига ишга қабул жараёнида пандемияга қарамай минглаб одам тўпланган эди.

Ишсизлар армияси

Ўтган ой ёшлар бандлиги мавзусидаги селектор мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ишсизлик масаласида масъулларни танқид қилар экан:

"Бечора болалар ишсиз юрса, мен кабинетда қандай тинч ўтираман?, -деганди.

Мирзиёев ўз чиқишида мамлакатда 18-30 ёш оралиғидаги фуқароларнинг 17 фоизи ёки 844 минг нафари ишсиз эканини билдирган.

У расман қайд этилмаган ишсизлар сони бундан-да кўп эканини ҳам таъкидлаган.

"Масалан, Фарғона вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 703 минг фуқаронинг 81 минг нафари ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Қайта ҳисоб-китоблардан сўнг бу рақам яна 100 мингга кўпайган"

Мирзиёев ишсиз ёшларнинг расмий сонидаги бундай ноаниқликлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG