Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:33

Чехиядаги портлаш ва рус агентлари – Марказий Европада йирик жосуслик можароси


Россиянинг Чехиядаги элчихонаси олдида чех байроғини ушлаб турган намойишчи.
Россиянинг Чехиядаги элчихонаси олдида чех байроғини ушлаб турган намойишчи.

2014 йил 16 октябрда Чехиянинг Словакия билан чегараси яқинидаги ўрмонда жойлашган ўқ-дори ва қурол-яроғ омборида йирик портлаш содир бўлди.

Омборда ишлаган икки кишининг жасадлари қарийб бир ойдан кейин топилди. Орадан тахминан икки ой ўтгач, биринчи портлаш жойидан 1 километр масофада яна бир портлаш содир бўлди.

Ушбу воқеа Чехия ҳукуматини ташвишга солиб қўйди. Бу пайтда 1 700 километр нарида Украина шарқида россияпараст айирмачилар ва Россия келтириб чиқарган шиддатли ҳарбий тўқнашувлар содир бўлаётган эди. Ўша пайтда Чехиядаги портлашлар ва Украина шарқидаги уруш ўртасида боғлиқлик бор ёки йўқлиги маълум эмас эди.

Аммо жорий йилнинг 17 апрель куни Чехия расмийлари портлашлар билан ГРУ – Россия ҳарбий разведка агентлиги, хусусан, 29155-қисм деб номланувчи бўлим ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини маълум қилди. Хорижий нашрларга кўра, 29155-қисм суиқасд ва бошқа қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириб келади.

Праганинг ушбу билдируви Ғарбнинг Москва билан муносабатларини янада мураккаблаштиришини кутиш мумкин. Россия Украина билан чегарадош ҳудудда ҳарбий тўплай бошлагани ҳамда АҚШ 10 нафар россиялик дипломатни бадарға қилиши ортидан Ғарб давлатлари ва Россия ўртасида кескин танглик юзага келган.

17 апрель куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш тунда матбуот анжумани ўтказиб, "Россиянинг ГРУ разведка хизмати зобитларининг ўқ-дори омбори портлашига алоқадорлиги тўғрисида аниқ далиллар мавжуд", деди.

Вазир Прагадаги Россия элчихонасининг 18 нафар ходими мамлакатдан қувилишини қўшимча қилди.

"Чехия суверен давлат ва ушбу мисли кўрилмаган янгиликларга муносабат билдириши керак", деди вазир.

Чехия Сенати президенти Милош Вистрчил портлаш "давлат терроризми" ўлароқ кўрилиши мумкинлигини таъкидлаб, "Бунга аниқ, ишончли ва қаттиқ жавоб қайтариш кераклигини" айтди.

Чехия ҳукумати ушбу эълон билан нафақат Украина шарқидаги уруш, балки Болгария пойтахтида Эмилиан Гебрев исмли қурол сотувчи заҳарланиши ўртасида билвосита алоқа борлигига шама қилишди.

Чехия расмийлари портлашлар ва Гебрев ўртасидаги алоқани очиқчасига эълон қилмади, аммо "Czech Radio" канали ва "Respekt" нашри очиқланмаган хавфсизлик манбаларига таянган ҳолда Гебревнинг портлашларга алоқаси борлиги ҳақида хабар берди.

Чехия ички ишлар вазири ва апрель ойидан бери ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Ян Гамачек портлашлар ва Болгария ўртасида боғлиқлик борлигига шама қилди.

Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали собиқ ходими Озодлик радиоси украин хизматига берган интервьюсида Киев 2014 йилда ўқ-дори сотиб олиш масаласида Гебревдан ёрдам сўраганини тасдиқлади.

Россия расмийлари бу айбловларни рад этмоқда. Прага кўрган чорага жавобан Москва ҳам чехиялик дипломатларни бадарға қилди.

29155-қисм нима?

Агар ўқ-дори омборларидаги портлашлар билан Гебревнинг заҳарланиши ўртасидаги боғлиқлик тасдиқланса, 29155-қисм ҳақида тобора ортиб бораётган далиллар янада кўпайган, ГРУнинг бутун Европадаги фаолияти ҳақида янги тафсилотлар қўлга киритилган бўлади.

26165 ва 74455-қисмлар бир нечта халқаро хакерлик текширувлари марказида бўлган. АҚШнинг махсус прокурори Роберт Мюллер 2016 йилда АҚШ сиёсий партиялари компьютерларига қилинган хакерлик ҳужумлари бўйича олиб борган тергови ҳисоботида ушбу икки бўлимни тилга олган эди.

Бу қисмлар, шунингдек, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига қилинган хакерлик ҳужумлари ортида тургани айтилади.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти "Новичок" ва шунга ўхшаш Россияда ишлаб чиқилган асабни фалажловчи моддалардан фойдаланилган ҳолатларни тергов қилишда муҳим роль ўйнаб келади.

29155-қисм эса Гебрев заҳарланганидан кейин тахминан уч йил ўтгач, кенг миқёсда танилди. Бунга 2018 йилда Британиянинг Солсбери шаҳрида собиқ россиялик жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль тўсатдан кескин хасталаниши туртки бўлди.

Британия расмийлари Скрипаль ва унинг қизи совет даврида ишлаб чиқилган "Новичок" моддаси билан заҳарланганини хулоса қилишди. Лондон ҳужумни турли исмлардан фойдаланган, жумладан, Александр Петров ва Руслан Боширов исмларини қўллаб келган россиялик ҳарбий агентлар амалга оширганини хулоса қилди.

"Bellingcat" ва "The Insider" нашрлари суриштирув ўтказиб, Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исмлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкин эканини аниқлади. Буни кейинчалик Британия расмийлари ҳам тасдиқлади.

17 апрель куни Чехия полицияси Мишкин ва Чепига 2014 йил 11 октябридан 16 октябрига қадар, яъни портлашлар содир бўлган пайтга яқин кунларда Чехияда юрганини маълум қилди. Полиция бу икки шахсни қидирувга берди.

Болгария билан алоқа

2015 йил 28 апрелда Гебрев, унинг ўғли ҳамда Гебревнинг қурол-яроғ савдоси билан шуғулланадиган EMCO компанияси директори оғир хасталанди. Гебрев комага тушиб қолди, аммо омон қолди. Болгариялик терговчилар Скрипаллар заҳарлангунига қадар Гебревнинг хасталаниши сабаби ёки айбдорларни аниқлай олмаганди.

Болгария расмийлари АҚШ Федерал қидирув бюроси, Буюк Британия разведкаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда Гебревга тегишли автомобил эшиги тутқичига номаълум модда суртиб кетилганини хулоса қилди.

"Bellingcat" Скрипаль заҳарланган пайтда Англияга саёҳат қилган рус агенти Болгарияга ҳам бир неча бор саёҳат қилганини аниқлади. Бу агент 29155-қисмнинг аъзоси эканига ишонилади.

2020 йил январь ойида Болгария прокуратураси учта россияликни Гебревни заҳарлашга уринишда айблади.

Озодлик радиоси Болгария хизматининг Гебревдан изоҳ олиш уринишлари самара бермади.

Чехия иши

Чехиядаги портлашлар бўйича тергов қарийб уч йил давомида далил етарли бўлмагани учун тўхтаб қолди. Аммо 2018 йил Солсберида Скрипаллар заҳарланиши ортидан бу ишда силжиш кузатилди.

Чехия президенти Милош Земан Москва билан яқин алоқалар тарафдори бўлса-да, сўнгги йилларда Прага – Москва муносабатлари мураккаблашди.

2020 йил бошида Прага шаҳар маъмурлари Иккинчи Жаҳон уруши қаҳрамони ҳайкалини бузиб ташлаб, Россия элчихонаси олдидаги майдонни Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий мухолифи ва танқидчиси бўлган марҳум Борис Немцов номи билан атади.

Россиянинг коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинасини олиш масаласи ҳам сўнгги ойларда Чехия ҳукуматини иккига бўлиб юборди.

Чехия расмийлари нима учун фақат бугунга келиб Россияга қарши чора кўра бошлагани ва ўз айбловларини жамоатчиликка эълон қилишга қарор қилгани номаълум бўлиб қолмоқда.

"Respekt" хабар агентлигига кўра, ўтган йили чех терговчилари портлашлар тўғрисида янги маълумотларни қўлга киритган. Чехия ҳукуматининг разведка қўмитаси эса ушбу ишни атиги икки ҳафта олдин кўриб чиққан.

XS
SM
MD
LG