Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

"Олмаота ТВ" машинаси ўққа тутилди. Ҳайдовчи ўлди, журналист яраланди

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, 6 январь куни Олмаотанинг Республика майдонидаги отишма пайти "Олмаота ТВ" телеканали ходимлари кетаётган машина ўққа тутилган.

Оқибатда телеканалнинг бир ходими - машина ҳайдовчиси ҳалок бўлган, унинг ёнида бўлган бир журналист яраланган. Улар билан бирга бўлган оператор эса омон қолган.

Пайшанба куни Республика майдонидаги "тозалаш" тадбирлари пайти намойишчилар ўққа тутилгани, қурбонлар бўлгани хабар қилинди.

Қозоғистон: Намойишчилар умрбод ватандошликдан маҳрум қилиниши мумкин

Қозоғистонда кейинги кунларда бўлаётган оммавий намойишлар ва унда иштирок этиш ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Vласть нашри хабарига кўра, шунингдек, намойишчиларга қарши терроризм бўйича ҳам тергов жараёни бошланган.

Президент Тоқаев топшириғига кўра, бунинг учун махсус гуруҳ тузилган бўлиб, унга Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа кучишлатар тизимлар вакиллари киритилган.

Қозоғистон жиноят кодексида юқоридаги моддалар бўйича 8 йиллик қамоқ жазосидан тортиб, фуқароликдан умрбод маҳрум қилишгача бўлган жазо кўзда тутилган.

Зась: КХШТ ҳарбийлари "қуролли тўда" ҳужум қилса, уларга ўқ отиш ҳуқуқига эга

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – КХШТ Бош котиби Станислав Зась Қозоғистонга киритилган "тинчликпарвар кучлар"нинг агар "қуролли тўда" ҳужум қилса, уларга қарши қурол ишлатиш ҳуқуқи борлигини айтди.

Бу ҳақда РИА "Новости" агентлигига берган интервьюсида гапирган Зась "тинчликпарвар кучлар"нинг Қозоғистонда қолиш муддати ушбу мамлакат мудофаа вазирлиги билан шартнома орқали белгиланишини билдирди.

Пайшанба куни эрталаб КХШТ котибияти тинчликпарвар контингент Қозоғистонга жўнатилгани, КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучлари сафида Россиядан Ҳаво десанти қўшинларига тегишли бўлинмалар киргани ҳақида маълум қилган эди.

Пайшанба оқшомида эса РФ Мудофаа вазирлиги Россиянинг илк аскарий бўлинмалари Қозоғистонга етиб келганини билдирган.

Савдо тармоқлари мародёрлар ҳужумидан кўрилган зарарни ҳисоблашга киришишди

Олмаотада таланган дўконлардан бири
Олмаотада таланган дўконлардан бири

Қозоғистон савдо тармоқлари уюшмаси мародёрлар босқинидан кўрилган зарар миқдори, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 25 миллиард тенгени (тақрибан $57 млн) ташкил қилганини очиқлади.

Уюшма вакилларига кўра, ретейлерлар кўрган зарар ҳақида аниқ бир рақам айтиш қийин, бу борада яна аниқлик киритилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри ва бошқа ҳудудларда 23 та Magnum дўкони зарар кўрган, улардан 12 таси таланган, 11 тасига шикаст етказилган. Кўрилган зарарнинг умумий миқдори 8,5 миллиард тенгега етган. Олмаота ва Талдиқўрғонда маиший техника буюмлари сотадиган “Технодом” тармоғининг 14 та дўконига зарар етган, кўрилган зарар миқдори 5,5 миллиард тенгега баҳоланмоқда. Шунингдек, Sulpak тармоғининг Олмаотадаги 11 та дўкони талангани ортидан 5,14 миллиард тенге, Alser тармоғининг еттита дўкони талангани ортидан эса 1 миллиард тенге зарар кўрилгани айтилмоқда.

“Спортмастер” ва “Остин” савдо тармоқлари кўрилган зарар миқдорини 3 миллиард тенгега баҳолаганлар, бу тармоқларнинг Уральск, Олмаота ва Чимкентдаги 20 дан зиёд дўконига зарар етган.

Олмаотада атир-упа сотадиган Mon Amie тармоғининг саккизта дўкони (бу ерда кўрилган зарар миқдори ҳали охиригача ҳисоблаб чиқилгани йўқ), Kimex/Gracie тармоғининг 11 та дўкони (кўрилган зарар миқдори 1 миллиард тенге) ҳам мародёрлар ҳужумига учраган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG