Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:29
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.

Украина ҳужум остида: Зеленский Киев мудофаасида; ЕИ Путин ва Лавров активларини музлатди

  • 24 февраль тонгда Россия армияси Украинага ҳужум бошлади.
  • Ҳужум, Владимир Путин Донбасда махсус амалиёт ўтказилишини эълон қилиши биланоқ амалга оширилди.
  • Путин, Донецк ва Луганк ҳудудидаги украин ҳарбийларини қуролни топширишга чақирди.
  • Россия қўшинлари, бу икки айирмачи республика раҳбарларининг "сўрови билан" киритилди.
  • 21 февраль куни Россия, Украина шарқидаги икки айирмачи республикани мустақил, деб тан олган.
  • Украинада фавқулодда ҳолат жорий этилди, мамлакат бўйлаб кенг кўламли хакерлик ҳужуми кузатилмоқда.
  • НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши" деб қоралади.

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий этмоқда

АҚШ активлари ҳажми бир триллион доллардан кам бўлмаган Россия банклари – ВТБ, "Сбербанк", “Открытие”, “Совкомбанк” ҳамда “Новикомбанк”га нисбатан санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Қўшма Штатлар президенти Жо Байден матбуот анжуманида маълум қилди.

Бу хабардан кейин "Сбербанк"нинг акциялари 40 фоизга тушиб кетди.

Аммо АҚШ Россияни SWIFTдан узиб қўйишни таклиф этаётгани йўқ. АҚШ ҳукумати фикрича, банкларга қарши санкциялар Россия иқтисодиёти учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради, бироқ SWIFT масаласини улар Европадаги ҳамкорлари билан муҳокама қилишга тайёр.

Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг доллар, евро, фунт ва йенада бизнес юритиш имкониятларини чеклаб, мамлакатга юқори технологик маҳсулотлар етказиб беришни 50 фоизга камайтиради.

Санкциялар Россия саноати, космик соҳаси ва айрим мулозимлари, йирик тадбиркорлари ва уларнинг оилаларига ҳам тааллуқли бўлади.

Жо Байден мазкур чоралар Россиянинг ўз ҳарбий кучларини модернизация қилишига халал беришига умид қилмоқда.

“Бу Владимир Путиннинг ҳарбий амбицияларига нуқта қўяди, деб умид қиламиз”, деди АҚШ президенти.

Санкциялар узоқ муддатли оқибатларга олиб келади, улар Россия иқтисодиётига путур етказган ҳолда АҚШ ва иттифоқчилари иқтисодиётига мумкин қадар кам зарари тегадиган қилиб ишлаб чиқилган.

Байден Россия президентини агрессор деб атаб, у ўз иттифоқчилари билан бирга “нима қилиб бўлса ҳам империяни тиклаш истагида” эканини айтди. Президентга кўра, АҚШ қўшинлари Россия ва Украина ўртасидаги урушда иштирок этмайди, аммо НАТОнинг Шарқий Европадаги мамлакатларини кучайтиради ва Россия томонидан ҳар қандай агрессияни бартараф этишга тайёр туради.

Канада 58 россиялик ва компанияларга қарши санкция жорий қилади

Санкцияга тушганлар орасида Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари, жумладан, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Молия вазири Антон Силуанов, Адлия вазири Константин Чуйченко ҳам бор.

Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо хабар берди.

Канада, шунингдек, Россия берган экспорт рухсатномасини ҳам бекор қилди.

Байден: G7 лидерлари Россияга қарши “қақшатқич санкциялар пакети”ни жорий этишга келишишди


АҚШ президенти Жо Байден “Катта еттилик” клуби етакчилари Украинага тажовуз қилгани учун Россияга қарши “қақшатқич санкциялар пакети”ни жорий этишга келишишганини эълон қилди.

Аввалроқ Байден Украинага қарши ҳужум келтиражак “вайронагарчиликлар учун фақатгина Россия жавобгар”лигини айтган эди.

Январь ойи охирида АҚШ президенти, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда президент Владимир Путинга қарши персонал санкциялар жорий этишга тайёрлиги ҳақида гапирган. Ўшанда у, агар тажовуз юз берса, у “оғир оқибатлар” келтиришини ва “дунёни ўзгартириб юбориши”ни айтган.

Борис Жонсон Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Путин “хунрезлик ва вайронагарчилик йўлини танлаган”ини айтиб, Буюк Британия ва иттифоқчилари қатъий жавоб қайтаришига ваъда берди.

Кейинроқ Буюк Британия “Аэрофлот” ширкатига ва Россия банклари, жумладан ВТБга қарши санкциялар жорий этди. Шунингдек, Лондон россияликлар Буюк Британиядаги ҳисоб варақларида сақлаши мумкин бўлган пул миқдорига чеклов қўйди.

Рус олигархлари ҳам санкцияга йўлиқди. Мазкур рўйхатда Россия президенти Владимир Путиннинг қизи Катерина Тихонованинг собиқ эри Кирилл Шамалов, ВТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Денис Бортников ҳамда Бирлашган авиақурувчилар корпорацияси раҳбари Юрий Слюсар кабилар бор.

Дунё шаҳарлари Украинани қўллаб митингларга чиқмоқда

Дунёнинг кўплаб шаҳарларида Россиянинг Украинага нисбатан ҳарбий агрессиясига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

Прага марказидаги Вацлав майдонига турли тилларда “Украинага озодлик”, “Руслар урушга қарши. Биз Путин режимининг жиноятларидан уятга қолдик” деб ёзилган плакатларни кўтарган бир неча минг киши тўпланди.

Украина ҳимояси учун митинг Шри-Ланканинг Мирисса шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. У ерда россияликлар Украина байроқлари ҳамда “Уруш керак эмас”, “Руслар урушни хоҳламайди”, деб ёзилган плакатлар билан денгиз соҳилига чиқишди.

Берлинда одамлар Украина байроғи рангларида нур таратаётган Бранденбург дарвозалари ёнида йиғилишди.

Урушга қарши чиқишлар, шунингдек, Австрия, Испания, Канада, Латвия, Нидерландия, Швеция ва Японияда ҳам бўлиб ўтди.

Вильнюсда Беларус ва Россия фуқароси – мусиқачи Тимоте Суладзе Россиянинг Литвадаги элчихонаси олдида ўзининг Россия паспортини намойишкорона ёқди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида, Россия консулхонаси ёнида ўтказилган акция чоғида ўнга яқин киши қўлга олинди.

Митингчилар Украина байроқларини кўтарган ҳолда: “Украинадан қўлингни торт!”, “Украина незалежна”, “Йўқолсин уруш!” дея хитоб қилишди. Чамаси 40 дақиқа ўтгач акция иштирокчилари куч билан ушланиб, автозакларда олиб кетилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG