Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:24
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.

Украина ҳужум остида: Зеленский Киев мудофаасида; ЕИ Путин ва Лавров активларини музлатди

  • 24 февраль тонгда Россия армияси Украинага ҳужум бошлади.
  • Ҳужум, Владимир Путин Донбасда махсус амалиёт ўтказилишини эълон қилиши биланоқ амалга оширилди.
  • Путин, Донецк ва Луганк ҳудудидаги украин ҳарбийларини қуролни топширишга чақирди.
  • Россия қўшинлари, бу икки айирмачи республика раҳбарларининг "сўрови билан" киритилди.
  • 21 февраль куни Россия, Украина шарқидаги икки айирмачи республикани мустақил, деб тан олган.
  • Украинада фавқулодда ҳолат жорий этилди, мамлакат бўйлаб кенг кўламли хакерлик ҳужуми кузатилмоқда.
  • НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши" деб қоралади.

Путин ва Лавровнинг Европадаги активлари музлатилади

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши Россияга қарши иккинчи пакет санкцияларни жорий қилди.

Бу санкциялар президент Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Европа банкларидаги пуллари ва бошқа активларини музлатишни кўзда тутади.

Бу ҳақда ЕИ Ташқи ишлар вазирлари фавқулодда мажлисида қатнашаëтган Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич ўз Twitter саҳифасида хабар қилди.

Латвия вазирига кўра¸ айни дамда ЕИ Россияга қарши учинчи пакет санкцияларни жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Зеленский Киев кўчасидан туриб ўз халқига мурожаат қилди

25 февраль Киев вақти билан кечқурунги соат 7 да ижтимоий тармоқда тарқатилган видеомурожаатида Украина президенти Владимир Зеленский ўзи ва ҳукумат раҳбарларининг Киевда эканини билдирди.

Қўл телефонига ëзилган қисқа мурожаатда Зеленский қоронғу тушган Киев кўчасидан туриб Украина учун жанглар давом этаëтганини билдирди.

"Кўриб турганингиздек¸ ҳамма Киевда. Мустақиллигимиз ва ватанимизни ҳимоя қилаяпмиз"¸ дейди ўз ҳукумати ва маъмурияти раҳбарлари қуршовида турган Зеленский.

Украина пойтахтидаги Ғарб мухбирларининг хабар қилишича¸ Киевнинг шимолий қисмини Россия ҳарбийлари ишғол қилган ва шаҳарнинг ҳукумат бинолари жойлашган қисми учун жанглар давом этмоқда.

Шаҳарни қўриқлашга армия ва ИИВ қўшинларидан ташқари ҳудудий мудофаа батальони деб ном олган кўнгиллилар гуруҳи ҳам қўшилган.

25 февраль куни Украина расмийлари кўнгиллиларга қурол тарқатилаëтганини маълум қилган эди.

Украина ва Россия ҳарбийлари урушнинг иккинчи кунидаги талофатларни эълон қилди

Украина Бош қўмондонлиги 25 февраль кунги ҳарбий амалиëтларга оид рақамларни эълон қилди.

Маҳаллий вақт билан 16:00га қадар олинган маълумотларда қайд этилишича¸ 25 февраль куни Украина ҳарбийлари Россиянинг 80 та танки¸ 516 дона зирҳли техникаси¸ 7 та вертолëти¸ 10 самолëти¸ 20 та қанотли ракетаси ва 100 дан ошиқ автомобилини йўқ қилган. Россия ҳарбийлари орасидаги талофат¸ Украина томони хабарига кўра¸ 2800 одамга етган.

Украина ҳарбий идорасига кўра¸ Россия фуқаролик инфраструктурасига ҳаво ва артиллерия ҳужумларини давом эттирган¸ Россиянинг разведка-қўпорувчи гуруҳлари Украина шаҳарларига фуқаролик кийимида кийиб¸ вазиятни издан чиқаришга уринмоқда.

Россия ҳарбийлари берган маълумотларда бу йўқотишлар ҳақида ҳеч нарса айтилмади.

Россия томони иддаосича¸ 25 февраль куни Украинадаги 211 та ҳарбий объект ишдан чиқарилган¸ 6 та қирувчи учқич уриб турширилган¸ 67 танк ва бошқа зирҳли машина йўқ қилинган.

Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширди

Украинанинг Европа Иттифоқига қабул қилиниши сўралган хужжат остига президент Владимир Зеленский ўз имзосини қўйди. Ҳужжат аллақачон Брюсселга юборилган.

“Ушбу мактуб билан Украина Европа Иттифоқи тўғрисидаги Шартноманинг 2-моддасида мустаҳкамланган қадриятларни ҳурмат қиладиган Европа давлати сифатида ЕИга аъзо бўлиш учун ариза бериш шарафига эга", - дейилади ҳужжатда.

Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 2-моддасида айтилишича, Европа Иттифоқи "инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини, шу жумладан озчиликларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш қадриятларига" асосланади.

49-моддасида эса Европа Иттифоқига қўшилиш қоидалари кўрсатилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG