Maxar Technologies: Россия қўшинлари Киев томон бормоқда
Якшанба куни сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда кўп сондаги рус қуруқлик қўшинлари Украина пойтахти Киев томон бораётгани кўринди.
АҚШга қарашли Maxar Technologies Inc (MAXR.N) ширкати тақдим қилган суратларда, сафида танклар кўриган ҳарбий колонна Киевдан 64 километр узоқликда эди, деб хабар қилади Рейтерс агентлиги.
Ширкат берган маълумотга кўра, ҳарбий колоннанинг узунлиги 5 километр атрофида. Тасвирга тушган пайтида колонна, Украинанинг Иванкив шаҳри яқинида бўлган.
Maxar Россия қўшинлари ҳаракатини ҳафталардан буён кузатмоқда. Ҳозирча, янги суратлардаги маълумотлар бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлангани йўқ.
"Шунчаки солиштиринг"
Украин тилидаги тармоқлар вазирлари билан орасига масофа қўйган президент Путин ҳамда вазирлари билан елкама-елка турган президент Владимир Зеленскийларни солиштирмоқда:
"Шунчаки солиштиринг. Бункерга тиқилган ўзининг мудофаа вазири билан ва ўз юртининг ҳақиқий президенти".
Туркия Қора денгизида Россия ҳарбий кемалари ҳаракатини чеклайди
Туркия Монтрё халқаро конвенцияси қоидаларига мувофиқ, Ўрта ер денгизидан Қора денгизга қараб сузаётган Россия ҳарбий кемалари ҳаракати чекланишини эълон қилди.
Бу ҳақда CNN Turk телеканалига Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли айтган.
Туркия расмийси Россия 24 февралда Украинага бостириб кирганидан бери илк бор Украинадаги вазиятни уруш, деб атади.
"Бу билан Чавушўғли, шу пайтга қадар Ғарб мамлакатлари ҳамда Москва ўртасида мувозанат сақлаш мақсадида воқеаларга жуда эҳтиёткорлик билан изоҳ бериб келаётган Анқаранинг риторикасини сезиларли даражада ўзгартирди", деб ёзди Reuters.
“Ҳозир гап бир-иккита авиазарба ҳақида бораётгани йўқ, Украинадаги вазиятни расман уруш ўлароқ баҳолаш мумкин. Биз Монтрё конвенциясини бажарамиз”, деди Туркия ТИВ раҳбари.
Чеклов фақат бошқа базаларда қайд этилган кемаларга татбиқ этилади, Қора денгиздаги базаларга оид ҳарбий кемалар Босфор ва Дарданелл бўғозларидан бемалол ўтиши мумкин.
Бунга қадар Киев Анқарани Россия кемалари Украинанинг Қора денгиз соҳилларига келишининг олдини олиш мақсадида улар учун бўғозларни ёпиб қўйишга чақирган эди.
Февраль ойида Россиянинг бошқа флотларидан камида етти кема (бири сувости) бўғозлар орқали ўтиб Қора денгиз акваториясига кирган.
Киев мэри: эвакуация қилолмаймиз, ҳамма чиқиш йўллари ёпилган
Киев мэри Виталий Кличко Ассошиэйтед пресс агентлигига берган интервьюсида аҳолини шаҳардан чиқариш имконсизлигини билдирди.
Бу борада журналист берган саволга жавобан, бир неча дақиқа сукутга чўмган мэр: "Биз (эвакуация) қилолмамиз, чунки ҳамма йўллар ёпилган. Биз қуршовдамиз", деб жавоб берган.