Украина расмийлари: Россия ўн кунда 10 мингдан ортиқ аскарини йўқотган
Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия қуролли кучларининг босқин бошланганидан бери йўқотишлари 10 минг кишидан ошганини маълум қилди. Худди шу рақамларни 5 март куни Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ўз чиқишида келтириб ўтган эди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ҳозиргача Украинада 498 нафар россиялик ҳарбийнинг ҳалок бўлганини расман тан олди.
Украина кучлари Харьковда қарши ҳужумга ўтмоқда, Черниговда рус учоғи уриб туширилган
Украина Қуролли кучларининг қуруқликдаги кучлари Харьков яқинида қарши ҳужум бошланганини эълон қилди.
Бундан ташқари, украин кучлари Чернигов яқинида Россия ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти йўқ қилинган. Бу ҳақдаги хабар Украина қуруқликдаги қўшинларининг Facebook саҳифасида пайдо бўлди.
Россия ҳарбий учоғи уриб туширилгани акс этган видеони УНИАН нашри ҳам эълон қилди.
Россияда Zara, Pull&Bear, Massimo Dutti, Berska ёпилади
Zara, Pull&Bear, Massimo Dutti, Berska каби машҳур кийим-кечак дўконлари тармоқларига эгалик қилувчи Испаниянинг Inditex Индитех ширкати Россиядаги 502 та дўконини ёпишини билдирди.
Ҳозирги шароитда Inditex Россиядаги фаолиятининг узлуксизлигини кафолатлай олмайди, бу мамлакатдаги жами сармоя Inditex учун молиявий жиҳатдан аҳамиятли эмас, дейилади ширкат баёнотида.
Компания, шунингдек, россиялик ходимларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус режа ишлаб чиқишни режалаштираётганини айтди, уларнинг сони 9000 нафарни ташкил этади.
Украина ҳукумати: Россия “сукунат режими”га амал қилмаяпти
Россия томони “сукунат режими”га амал қилмаяпти ва Мариуполнинг ўзини ҳам, унинг атрофини ҳам ўққа тутишда давом этмоқда, деб билдирди Мариупол шаҳар кенгаши.
Кенгаш расмийларига кўра, тинч аҳолини эвакуация қилиш ортга сурилмоқда.
"Биз Мариуполнинг барча аҳолисини тарқалиб, бошпана жойларига боришларини сўраймиз. Эвакуация бўйича қўшимча маълумотлар яқин кунларда эълон қилинади. Айни пайтда Россия Федерацияси билан сукунат режимини ўрнатиш ва хавфсизлик корридорини таъминлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда”, — дейилади хабарда.
Бугун Россия Мудофаа вазирлиги Москва вақти билан эрталаб соат 10 дан бошлаб Украинада "сукунат режими" жорий этилганини эълон қилганди.