Луганскда етти қишлоқ озод этилди
Украинанинг Луганск вилоят администрацияси бошлиғи Сергей Гайдай еттита қишлоқ рус босқинидан озод этилганини 9 октябрь куни билдирди. Унга кўра, Новолюбовка, Невское, Грековка, Новоегоровка, Надия, Андреевка ва Стельмаховка қишлоқлари Украина назорати остига ўтган.
“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, Россия Мудофаа вазирлиги кунлик брифингларда намойиш этган хариталар солиштирилганда, Москва мазкур ҳудудда талафотга учрагани аён бўлмоқда. Юқоридаги харита 9 октябрдаги брифингда журналистларга намойиш этилган.
“Бу Украина армияси аввалроқ тўлиғича Россия назорати остида бўлган Луганс вилояти бўйича ичкарилаб бораётганини англатади”, дейилади хабарда.
Путинга совға. “Мирзиёев ордени, Раҳмон тарвузидан зўр”
Шанба куни Қрим кўпригида бўлган портлаш - бу урушда Украинани қўлловчилар томонидан олқишлар билан қарши олимоқда.
Уни Россия президенти Владимир Путиннинг 70 ёшига муносиб совға, деб улашмоқдалар. Ўзбек тилидаги тармоқларда ҳам бу портлаш ҳақида қизғин фикрлар билдирмоқда.
Тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги - бу кўприкнинг 100 йил қимирламай туриб бериши ҳамда унинг ўта қаттиқ қўриқланиши ҳақида рус расмийлари берган ваъдаларни эслатмоқда.
Запорожье шаҳрига ракеталар ёғдирилди
Ҳужумларида камида 12 киши ўлди, 49 киши жароҳатланди. Ўлганлардан 6 нафари болалар экани айтилмоқда.
Бу шаҳар Европадаги энг йирик Запорожье атом станциясидан 125 километр нарида. Сўнгги кунларда бу шаҳар ва унинг аҳолиси тинимсиз ўққа тутилмоқда.
9 октябрга ўтар кеча Запорожье шаҳрига ҳужум пайтида кўрилган талафотларни маълум қилган губернатор Олександр Старухга кўра, камида 12 та ракета зарбасидан битта 9 қаватли уй вайрон бўлган.
"Вайроналар остида қолганлар кўп бўлиши мумкин. Қутқарув-қидирув ишлари давом этяпти. Ҳозиргача 8 киши вайроналар остидан тортиб олинди”, деди Telegram орқали маълумот улашган губернатор.
Reuters агентлиги украин расмийлари берган бу маълумотларни мустақил манбалардан таслиқлай олмаганини билдирмоқда.
Запорожье шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртевнинг айтишича, ракеталар қарийб 40 та хусусий уйни шикастлаган.
“Яна Запорожье. Яна бегуноҳ одамлар устига аёвсиз ўт очилди. Ярим кечада турар-жой биноларига зарба берилди. Ўтакетган аблаҳлик. Ўтакетган ёвузлик. Ваҳшийлар, террорчилар! Буйруқ берганлардан тортиб ижро этганларгача – ҳаммаси. Улар ҳали жавоб беришади. Шубҳасиз. Қонун олдида ва одамлар олдида”, деб ёзди 9 октябрь куни эрталаб Украина президенти Владимир Зеленский.
Сўнгги кунларда Запорожье деярли ҳар куни ҳужумга учрамоқда, 6 октябрь куни ракета зарбалари натижасида 11 киши нобуд бўлган эди, ўшанда ҳам кўп қаватли турар-жой биноларига ракета отилган.
Запорожье шаҳри - ҳозир Россия назоратида бўлган - Европадаги энг йирик Запорожье атом электр станциясидан 125 километр нарида.
Шу кунга қадар, станция теграсида бир неча отишма бўлди, ракеталар ташланди. Киев ва Москва бу ҳужумларда бир-бирини айблаб келмоқда.
Қрим кўпригида қатнов тикланди
Қримнинг Россия тайинлаган “раҳбари” Сергей Аксёнов шанба кунги портлашдан қисман шикастланган Қрим кўприги орқали автомобиллар ҳаракатлана бошланганини билдирди.
“Айни пайтда енгил автомашиналар ва автобуслар тўлиқ кўздан кечирилгандан сўнг кўприк бўйлаб ҳаракат қилиши мумкин. Оғир юк машиналари ҳайдовчиларига эса Керчь паромларидан фойдаланишни маслаҳат берамиз. Икки соатдан сўнг бўғозда “Керчь-2” пароми қатнови ҳам бошланади”, дея маълум қилди Аксёнов 9 октябрь куни эрталаб.
8 октябрь куни Қрим кўпригидаги портлаш, ундан олдин ва кейинги вазият акс этган сунъий йўлдош тасвирлари тармоқларда улашилмоқда.
Тасвирларда олов ва тутун кўприк устидаги темирйўлда турган цистерналар составидан чиқаётгани кўринади.
Мазкур кўприк Украина жанубида босиб олинган ҳудудлардаги рус кучларни ҳарбий қурол-аслаҳа ва бошқа маъсулотлар билан таъминловчи асосий йўл ҳисобланади.