Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

17:09 24.10.2022

Россиялик муҳожирлар Тбилисида урушга қарши митинг ўтказишди

Грузия пойтахтида 23 октябрь куни россиялик муҳожирларнинг Украинадаги уруш ва Путин сиёсатига қарши митинги бўлиб ўтди. SOTA телеграм-каналининг ёзишича, норозилик акциясида 500 чоғли одам иштирок этган.

Тадбир мақсадларидан бири украиналик қочқинларга ёрдам маблағи йиғиш бўлган. Митинг якунига кўра, SOTA қайдича, қарийб 3 минг доллар йиғилган.

Россиялик эмигрантларнинг Тбилисидаги митинги Free Russia Foundation халқаро жамғармаси томонидан ташкил этилган.

Президент Путин томонидан Украинадаги урушни давом эттириш учун «қисман ҳарбий сафарбарлик» эълон қилинганидан кейин мамлакатни тарк этган россияликлар сони кескин ошиб кетган. Турли маълумотларга кўра, бу ерда гап бир неча минг кишидан бир неча миллион эмигрантгача бораётган бўлиши мумкин – 21 сентябрдан бери Россияни қанча киши тарк этгани ҳақида текширилган аниқ рақам йўқ.

Россиялик энг кўп кўчиб борган мамлакатлардан бири Грузия бўлган.

17:07 24.10.2022

Бретон: ЕИнинг Россияга энергетик қарамлиги камайди

Европа Иттифоқининг ички боозор масалалари бўйича комиссари Тьерри Бретон ЕИ Россиядан энергетик қарамликни сезиларли даражада қисқартирганини билдирди. Бу ҳақда Бретон Франциянинг RTL радиостанциясига берган интервьюсида сўзлаган.

Мулозимга кўра, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралгача Европа Иттифоқи Москванинг газ ва нефтига 40 фоиз қарам бўлган бўлса, ҳозирда бу рақам фақат 7 фоизни ташкил этади, бу кўрсаткичга эса фақат 2027 йилга бориб эришиш режаланаётган эди.

Еврокомиссар ўз сўзида уруш бошланганидан кейин газ етказиб беришда узилишлар кузатилгани, шу важдан Россия бу масала аллақачон ишончли ҳамкор бўлмай қолганини урғулаган. Айни пайтда Бретон, Европа Иттифоқи аввал Россиядан сотиб олинган 155 миллиард куб метр газга муқобил бошқа манбалар топишга муваффақ бўлганига қарамай, бу газ қиймати ошганини қайд этган.

15:47 24.10.2022

Зеленский: “Ифлос бомба”ни Россиянинг ўзи қўллайди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўнгги даъволари Москванинг Украина ҳудудида радиоактив қурилма жойлаштиришига ишора қилади, дея таъкидлади.

Сергей Шойгу АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Туркия мудофаа вазирлари билан телефон орқали боғланиб, Украина радиоактив бомба қўллаган ҳолда “провокация” тайёрлаётгани ҳақида ўз хавотирларини билдирган.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Шойгу “Украина “ифлос бомба” иштирокида провокация тайёрлаётганидан” хавотир билдирган. Ифлос бомба портлаш хусусиятига эга, ўзидан радиоактив чиқиндиларни тарқатувчи портловчи қурилма ҳисобланади. Унинг кучи ядро қуролиникига тенг бўлмасада, катта ҳудудни радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин.

Россия расмийлари Украина ифлос бомбани портлатиб, бунда Москвани айблайди дея бир неча бор даъво қилган.

Ўз навбатида, Украина томони аксинча Кремль бундай провокацияни режалаштирган дея айблаган.

Зеленский халқаро ҳамжамият Шойгунинг даъволарига учмаслигига ишонишини билдирди.

17:58 23.10.2022

Иркутскда ҳарбий учоқ аҳоли уйлари устига қулади

Россиянинг Иркутск шаҳрида ҳарбий самолёт қулаб тушди. “112” Телеграм-каналининг хабар беришича, СУ-30 қирувчи самолёти авиазавод ҳудудидан ҳавога кўтарилгач турар-жой мавзесига қулаган.

Дастлабки хабарларга кўра, икки учувчи ҳалок бўлган. Тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.

Mash маълумотига кўра, учоқ самога кўтарилгач, экипаж аъзолари билан алоқа узилган. Орадан 20 дақиқа ўтиб, Су-30 ортидан бошқа бир учоқ жўнатилган. Ушбу учоқ учувчилари Су-30даги экипаж ҳушсиз ҳолатда эканлигини кўришган. Бу пайтда учоқ аллақачон ерга яқинлашиб қолган пайт бўлган. Бир неча дақиқадан сўнг Су-30 Ново-Ленино микро туманидаги турар-жой биносига урилган. Учоқ қулагач, 200 квадрат метр майдонда ёнғин бошланган.

Россия Тергов қўмитаси учоқ қулаши бўйича иш қўзғади.

Бу сўнгги кунларда Россияда иккинчи ҳарбий самолёт қулашидир. Ўтган ҳафта Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида ҳарбий самолёт аҳоли мавзесига қулаши оқибатида 15 киши, жумладан, уч бола ҳалок бўлган эди. Учоқ 9 қаватли бинога урилиши оқибатида 70та квартира вайрон бўлган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG