Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

19:52 20.9.2022

Украинадаги айирмачи ҳудудлар Россияга қўшилиш референдумини ўтказмоқчи

Украинанинг Херсон вилоятида Россия томонидан қўйилган расмийлар Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишга қарор қилганликларини ва Кремлни имкон қадар тезроқ қўшилишга рухсат беришга чақиришди, деди сешанба куни минтақанинг сепаратист раҳбари Владимир Салдо.

"Ҳурматли херсонликлар, ватандошлар: менга деярли ҳар куни ижтимоий ташкилотлар ва оддий фуқаролардан Россия Федерациясига қўшилиш бўйича референдумни имкон қадар тезроқ ўтказиш ҳақида қўнғироқлар бўлмоқда. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда Херсон вилояти раҳбарияти, унинг маъмурияти Херсон вилоятининг Россия Федерациясига қўшилиши бўйича референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга қарор қилди”.

Херсоннинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Салдо Телеграмдаги хабар алмашиш иловасидаги постида Херсон “Россиянинг бир қисми, бирлашган давлатнинг тўла ҳуқуқли субъекти”га айланишига умид билдирган.

Россия кучлари Украина жанубидаги Херсон ҳудудининг қарийб 95 фоизини назорат қилади.

Шу куни Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Мелитополда Россия томонидан тайинланган вилоят “ҳокимияти” томонидан ташкил этилган “Запороже вилояти фуқароларининг халқ қурултойи” бўлиб ўтди.

Ушбу "қурултой"да "Биз Россия билан биргамиз" жамоат ҳаракати вакиллари Запороже вилояти давлат маъмурияти "раҳбари" Евгений Балитскийга Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича ҳам "референдум" ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилишди. Бу борадаги қарор “бир овоздан” қабул қилинди.

Шу куни айирмачилар Луганск вилоятини Россия томонидан босиб олинган деб ҳисоблайдиган “ЛХР” деб аталувчи “парламент депутатлари” ҳам бир овоздан “референдум” ўтказиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишди. Бу ҳақда Давлат Думаси МДҲ ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Виктор Водолатский маълум қилди.

"Луганск ахборот маркази" Россия Федерациясига "ЛХР" деб аталувчи ташкилотнинг кириши бўйича "референдум" 23-27 сентябр кунлари бўлиб ўтади деди бўлгинчилар раҳбари Денис Мирошниченко.

Бўлгинчи ДХР “раҳбари” Денис Пушилин ҳам шу кунлари референдум ўтказилишини эълон қилди.

Аввалроқ Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев босиб олинган ҳудудлардаги “референдумлар” бўйича ўз фикрини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, "референдумлар" Россиянинг ўнлаб йиллардаги ривожланиш векторини бутунлай ўзгартиради.

Россиянинг Думаси депутати Леонид Слуцкий сешанба куни Донбаснинг россияпараст ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича референдумлар ўтказиш тўғрисидаги қарор бир неча кун ёки ҳатто бир неча соат ичида қабул қилиниши кераклигини айтди:

"Кеча тунда Донецк ва Луганск халқ республикаларининг фуқаролик палаталари ушбу ҳудудлар раҳбарларига Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича зудлик билан референдум ўтказишни сўраб мурожаат қилишди. Ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда, у ерда оддийгина. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бу ерда бошқача қарор бўла олмайди ва референдумлар албатта бўлиб ўтади. ДХР ва ЛХР раҳбарияти ҳозирданоқ кучларни бирлаштириш учун зарур чораларни кўрмоқда”.

Украинанинг Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлгинчи Донетск вилояти раҳбари Денис Пушилин аввалроқ қўшни Луганск вилоятидаги айирмачилар етакчисини Россияга қўшилиш бўйича “орзиқиб кутилган” референдумга тайёргарлик кўришда кучларни бирлаштиришга чақирган эди.

19:56 20.9.2022

Зеленский рус аскарларига: Қочинглар ёки таслим бўлинглар

19 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат «Харьков вилоятидаги вазиятни барқарорлаштираётганини» айтди.

«Вазиятни барқарорлаштиряпмиз, ўз позицияларимизни ушлаб турибмиз. Маҳкам. Шу қадар маҳкамки, босқинчилар ваҳимага тушмоқда. Украинадаги рус аскарларини уларнинг олдида фақат иккита йўл борлиги ҳақида огоҳлантирганмиз – бизнинг ерлардан қочиш ёки таслим бўлиш», - деди президент.

Зеленский аввалроқ Украина ўз ҳудудини қайтариб олиш учун курашда тўхтамаслигини ваъда қилган эди.

Президентнинг бу шарҳларидан олдинроқ Киев қўшинлари Оскол дарёсидан ўтиб, шарқий Донбасс минтақасида Россиянинг ишғолчи кучларига ҳужум қилиш имкониятини қўлга киритган эди.

Оскол дарёсидан ўтиш Украинанинг Харьков вилоятидаги қарши ҳужумининг яна бир муҳим босқичидир.

Дарё Россия босқинининг асосий йўналиши бўлган Донбасс минтақаси орқали ўтувчи Северский Донец дарёсига қуйилади.

Жорий ойда Украина кучлари Харьков вилоятида фронт чизиғини ёриб ўтиб, минглаб рус аскарларини танк ва ўқ-дориларини ташлаб, қочишга мажбурлади.

Сўнгги кунларда Украинанинг қарши ҳужуми яна секинлашди, бироқ Зеленскийнинг буни қўшинлар бирлашиб, кейинги ҳужумларга тайёрланаётгани билан изоҳлади.

Россия йўқотишлари ортидан Кремлнинг «махсус ҳарбий операция» «режадагидек» кетаётгани ҳақидаги иддаолари тобора ишончсиз бўлиб бормоқда.

Россия расмий билдирувларида ўз қўшинларининг бир қисмини Харьков вилоятидан бошқа жойга қайта гуруҳланиш учун олиб чиқилаётганини эълон қилди. Аммо рус давлат телеканаллари Россия армияси йўқотишларини очиқчасига тан ола бошлади.

09:02 21.9.2022

Ҳуқуқ фаоллари Россия аскарларини урушда иштирок этишдан воз кечишга чақирди

Россиядаги 20 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимояси ва демократик ҳаракатлар рус ҳарбийларини Украинадаги урушда иштирок этишдан бош тортишга ёки асирга тушиш жиноят ҳисобланадиган қонун кучга киргунигача асир тушишга чақирди. Мурожаат сешанба куни “Весна” ҳаракати сайтида эълон қилинди.

“Ҳозиргина Дума шошилинч равишда Жиноят Кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонунга асосан ихтиёрий равишда асирга тушиш, ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиш ва буйруқни бажармаслик жиноят ҳисобланади. 21 сентябрь куни қонунни Федерация кенгаши тасдиқлайди ва кўп эҳтимол билан шу куниёқ у Путинга имзолаш учун тақдим этилади. Бу қонун “махсус амалиёт”да иштирок этишни истамаётган ҳарбийларнинг вазиятини кескин ўзгартиради”,-дейилади мурожаатда.

20 сентябрда давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда шошилинч равишда Жиноят Кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Унга асосан, ихтиёрий равишда асирга тушган аскарлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

09:05 21.9.2022

Ғарб давлатлари Москванинг Украинада референдум ўтказиш режасини қораламоқда

Ғарбдаги қатор давлатлар лидерлари Москва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида референдум ўтказишга ҳаракат қилаётганини қоралади.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон бу референдумларни қоралашини билдирди. Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэл Макрон референдумларни “сохта” деб атади.

“Бу жуда тушунарли ҳолат, бу сохта референдумларни қабул қилиб бўлмайди ва уларнинг ўтказилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келади”,-деди БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келган Олаф Шольц.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг “бу референдумлар ҳеч қандай легитим кучга эга эмас ва Россиянинг Украинага нисбатан олиб бораётган агрессив урушининг характерини ўзгартира олмайди”, - деб фикр билдирди.

Канада ва Европа Иттифоқи ҳам референдумлар ўтказилишини кескин танқид қилди. Расмий Киев мазкур референдумларни тан олмаслигини билдирди.

Украина шарқидаги ўзини ДХР ва ЛХР деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда ва Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича 23-27 сентябрь кунлари референдумлар ўтказилиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG