Украин аскарлари Лимандан илк тасвирларни эълон қила бошлади
Украина Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари Лиман чеккасидан олинган биринчи фотосуратлар ва видеоларни эълон қилди.
Улардан бирида шаҳарга кираверишдаги стеланинг устига Украина байроғини ўрнатганликлари акс этган. Видеони Твиттерда Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ёрмак баҳам кўрди.
Бошқа эълон қилинган видеода украиналик аскар Ямпол чеккасидаги темир йўл устидаги кўприкда туриб, у "Лиманга хуш келибсиз" дейди.
Фронтдаги вазиятни ёритувчи Россия телеграм каналлари ҳам “қамалдан чиқиш учун” рус аскарлари шаҳарни ташлаб кетиш эҳтимоли ҳақида ёза бошлади.
Агар Лиман Украина Қуролли Кучлари назоратига қайтса, у Донецк вилоятида озод қилинган биринчи шаҳарга айланади.
Украина кучлари Лиманда
Украина кучлари сўнгги кунларда олиб борган қақшатқич жанглар ортидан Донецк вилоятининг Лиман шаҳрига кириб борган.
Украинадаги урушни ёритувчи Россиянинг кремлпараст телеграм каналлари рус қўшинлари аллақачон шаҳарни тарк этганини даъво қилмоқда.
Аммо, Расмий равишда на Россия, на Украина ҳарбийлари буни ҳали тасдиқлагани йўқ.
Украина президенти Владимир Зеленский девонининг маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг айтишича, турли манбаларга кўра, 2, 5 мингдан 5, 5 минггача одам қуршаб олинган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Арестовичнинг тан олишича, вазият муттасил ўзгариб туради ва Лиман ҳақида аниқ маълумот йўқ, ҳатто шаҳар тўлиқ қуршаб олингани ёки рус қўшинларининг чиқиш йўлаги бор-йўқлиги ҳам маълум эмас.
Бундан олдин Украина президенти Владимир Зеленский Киев қўшинлари мамлакат шарқида “сезиларли натижаларга” эришганини айтди ва Россия босиб олган Лиман шаҳрини тилга олди, бироқ тафсилотларни келтирмади.
"Мамлакатимиз шарқида сезиларли натижаларга эришдик. Бу борада жамоатчилик маълумотлари етарли. Донецк вилоятининг Лиман шаҳрида нималар бўлаётганини ҳамма эшитди. Бу биз учун катта аҳамиятга эга қадамлар. Ва бунга эришган барча жангчиларимизга миннатдорчилик билдираман", деди Зеленский.
Аввалроқ Украина томони Лиман атрофидаги йўллар ва чекиниш йўллари Украина Қуролли кучларининг ўт ўчириш назорати остига олингани ҳақида хабар берган эди.
Харьков яқинида тинч фуқаролар автокарвонига ҳужум қилинган
Украина расмийлари Харьков яқинида бир неча кун аввал рус диверсантлари томонидан ҳужумга тутилган автомобилларни топгани ҳақида хабар берди.
Расмийларга кўра, камида 20 киши ҳалок бўлган, улар орасида болалар ҳам бор.
Украина Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, карвонга ҳужум 25 сентабрь куни қилинган, Россиянинг диверсантлар гуруҳи томонидан амалга оширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Лиманни бой берганини тасдиқлади
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Донецк вилоятидаги Лиман шаҳрини бой берганини тасдиқлади.
“Қамал қилиш хавфи юзага келгани муносабати билан қўшинлар Қизил Лиман аҳоли пунктидан янада қулайроқ йўналишларга олиб чиқилди”, — дейилади вазирлик баёнотида.
1 октабрь куни эрталаб Луганск вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Сергей Гайдай Телеграм орқали Лиман ҳудудида 5 мингдан ортиқ россиялик аскарлар қуршаб олинганини маълум қилганди.
Айни пайтда украин ҳарбийлари Лимандан илк суратларни эълон қилган.