Қирғизистон элчихонаси Россияда қирғиз мигрантлари мобилизация қилинаётганини рад этди
Қирғизистон элчихонаси Россияда вақтинча ишлаш учун келган қирғиз мигрантлари мобилизация қилинаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотларни рад этди.
Элчихона Россия Ички ишлар вазирлиги 1 ноябрдан бошлаб Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини мобилизация қилиш механизмини ишлаб чиқишга оид ҳужжатни фейк деб атади. Мазкур ҳужжат ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди. Унда мобилизациядан бош тортган мигрантларнинг ишлаш ҳуқуқи бекор қилиниши ва Россияга 5 йилгача кириш тақиқланиши айтилган эди.
“Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Элчихона қирғизистонликларни тасдиқланмаган маълумотларни қўлланмасликка ва ҳақиқатга зид ахборотларни тарқатмасликка чақиради”, дейилади элчихона билдирувида.
21 сентябрда Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Ундан олдинроқ Россия армиясида хизмат қилишни истаган мухожирларга енгиллаштирилган тарзда фуқаролик берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганди.
Россиядаги Қирғизистон элчихонаси муҳожирларни хориж давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.
Расман билдирилишича, шу кунларда 1 миллион 118 минг қирғизистонлик хорижда меҳнат қилади. Уларнинг 1 миллион 63 мингги Россияда ишламоқда.
Лимандаги мағлубиятдан сўнг Россия пропагандаси оҳангини ўзгартирди
АҚШдаги Урушни ўрганиш институтининг билдиришича, рус қўшини Харьков вилояти ва Лиманда енгилгани, шунингдек, Путин мобилизация эълон қилгани ортидан Россия пропагандаси ўз оҳангини ўзгартирди.
“Настояшчее время” телеканалининг Урушни ўрганиш институти ҳисоботига таянган ҳолда хабар беришича, россияликлар генераллар кўпроқ танқид қилинаётганига гувоҳ бўлмоқдалар. Экспертлар фикрича, Лимандаги мағлубият Россия ахборот маконида Харьковдаги мағлубиятлардан кўра кўпроқ саросималик ва танқидларга сабаб бўлмоқда. Чунки Лимандаги мағлубият айнан мобилизация эълон қилинган бир даврга тўғри келди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Россия ҳарбий раҳбариятини россияпараст ҳарбий блогерлардан тортиб Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Путиннинг “ошпаз”и Евгений Пригожингача танқид қила бошлаган.
Британия ҳарбий разведкаси Украина уруши бўйича янги ҳисоботини эълон қилди
Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг янги ҳисоботи Россияда ўтказилаётган сафарбарликка бағишланди. Унда экспертлар Владимир Путин ҳарбий чақирув билан боғлиқ муаммолар "фавқулодда тез" тан олганидан ажабланганлар.
Таҳлилчиларга кўра, бу илк ҳафтада сафарбарлик тадбирлари ниҳоятда ёмон ташкил қилинганини кўрсатади.
Разведкачилар буни мулозимлар сафарбарлик кампаниясининг аниқ кўламини ва ҳуқуқий асосларини билишмагани билан изоҳлашмоқда. Шу боис ҳам жойларда Путин ва мудофаа вазири эълон қилган мезонларга номувофиқ кадрлар ҳам аскарликка чақирила бошланган.
Эндиликда, захирадагилар ҳарбий хизматга чақирилиб, чодирларга жойлаштирила бошлангач ҳукумат уларга ярим-ёрти бўлса-да аскарча таълим бериш ва янги бўлинмалар учун командирлар топиш устида бош қотирмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, сафарбарликка олинганларнинг бир қисми тайёргарликсиз фронтга жўнатиляпти.
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) Харьков вилояти ва Лимандаги мағлубиятлар, шунингдек Путин эълон қилган сафарбарликдан сўнг Россия пропагандаси сўз оҳангини ўзгартирганига, хусусан, Россия армияси генераллари кўп танқид қилинаётганига эътибор қаратди.
Экспертлар фикрича, Лимандаги мағлубият Россия ахборот маконини саросима солган ва танқидий фикрларни келтириб чиқарган, сабаби – Лимандаги воқеалар сафарбарлик бўлаётган вақтга тўғри келди.
Ҳарбий раҳбариятни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров, “Путиннинг ошпази” Евгений Пригожин ва ҳатто айрим ҳукуматпараст ҳарбий блогерлар ҳам танқид қила бошлаганлар.
Ёқутистонда сафарбарликдаги хатолар сабабли 300га яқин киши уйига қайтди
Бу ҳақда республика Жамоатчилик палатаси вакили Николай Бугаевга таянган ҳолда ТАСС агентлиги хабар берди.
“Янглиш сафарбар қилинган қарийб 300 киши қайтарилди, уларнинг барчаси ҳозир республика ҳудудида”, деди Бугаев.
Унга кўра, Ёқутистон Жамоатчилик палатаси мувофиқлаштириш марказига сафарбарлик билан боғлиқ жами 209 та ариза тушган.
Ёқутистонда кўплаб эркаклар хатоликлар туфайли аскарликка чақирилаётгани ҳақида аввалроқ республика раҳбари Айсен Николаев ҳам гапирган эди. У шунақа ҳолатларда чақирилганларни уйига қайтаришни талаб қилган.
Кейинроқ, 30 сентябрда президент Владимир Путин ҳудудий мулозимларга вазиятни тузатишни буюрган.
Ҳуқуқбонлар Россияда эълон қилинган “қисман” сафарбарликни ўтказиш жараёнида кўпдан-кўп хатолар бўлаётгани, хусусан, чақирилганлар ҳарбий қисмга жўнатишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилмаётгани, кундузги таълим бўлимлари талабалари сафарбарликка тортилгани ва бошқа қатор янглишликларни қайд этмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч қачон армияда хизмат қилмаганлар, яқинда жарроҳлик амалиётини кечирганлар, инсульт ва инфаркт ўтказганлар, диабет беморлар ва ҳатто зўрға юрадиган ногиронларга ҳам чақирув қоғози келаётгани ҳақида хабарлар бор.