РТҚ: Қрим кўпригида содир бўлган портлашда 3 киши ҳалок бўлди
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси 8 октабрь эрта тонгда Қрим кўпригида содир бўлган портлашда 3 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Қўмитага кўра, ҳалок бўлганлар портлаган юк машинаси ёнида бўлган машина ҳайдовчиларидир, портлаш тўлқини уларни кўприкдан денгизга улоқтирилган. РТҚ расмийлари юк машинаси эгасининг исми аниқланганини маълум қилишди. У Краснодар ўлкаси яшовчи бўлган.
“Нобель мукофоти - ҳар бир украиннинг ҳаққидир!”
Украинанинг фуқаролик ҳуқуқлари маркази, ушбу гуруҳга берилган Нобел тинчлик мукофоти озодлик учун курашган ҳар бир украиннинг ҳаққидир, деб баёнот берди.
Киевда ўтган матбуот анжуманида Олександра Матвийчук, сўнгги 8 ой ичида Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий низо шу кунда мавжуда халқаро хавфсизлик тизимини қайта қуриш заруратини кўрсатди, деб таъкидлади:
“Бу озодлик учун курашган ҳар бир Украина фуқаросига тегишли мукофотдир - бу жуда муҳим қўлловдир. Олдинига, жуда кўп ҳаракатлар фақат рамзий бўлди, аммо кейинчалик амалий ҳаракатларга ҳам ўтилди. Бизнинг марказимиз учун айнан амалий ишлар муҳим, ва умид қиламизки, Нобел мукофоти платформасидаги имкониятлар икки жиҳат: Асир олинган барча украин аскарлари ва фуқароларининг озод этилиши ҳамда шу кунда худди Украинанинг Мариуполь шаҳри каби, вайроналар остига кўмилган халқаро хавфсизлик тизимини ислоҳ қилиш, уруш жиноятларининг юз минглаб қурбонлари учун адолатнинг тикланиши, Халқаро трибунал қурилиб, Путин, Лукашенко ва бошқа масъулларнинг маҳкамага тортилишига хизмат қилади”.
Нобель тинчлик мукофотининг 10 миллион швед кронаси, тахминан 900 минг АҚШ долларига тенг пул мукофоти бор. Бу мукофот 10 декабрь куни тақдим қилинади.
“Пўлат қанотлар”
Дунёнинг турли бурчидаги мамлакатларда яшаётган украиналиклар ўз ватанига ёрдам кампанияларини давом эттирмоқда.
Улардан бири - украин Владислав Стадник АҚШда металл мусиқага бағишланган энг машҳур ютуб-блогни юритади. У блог орқали топган пулларига Украина ҚК учун техника ва ҳарбий анжомлар сотиб олмоқда.
Владислав “Пўлат қанотлар” номли фонд таъсис қилган.
“Фондимга пул хайрия қилувчиларнинг аксари айнан блогим обуначилари, яъни металл мусиқа мухлисларидир. Улар жуда фаол одамлар, чунки менга ишонишди. Бизни хеви-металл бирлаштиради. Видеоларим тагидаги изоҳларда “Украинага шон-шарафлар!” деб ёзишади ёки пул ўтказилгани ҳақидаги хабарномани илова қилишади. Дунёдаги хави-металл мусиқаси ишқибозларининг 99 фоизи, балки ҳатто 100 фоизи Украинани қўллаб-қувватлайди”, дейди Владислав Стадник.
“Чечен уруши ҳолва”
Чеченистонда урушган рус ҳарбийларидан бири эса, чечен уруши - Украина урушининг олдида холва бўлиб қолди, демоқда.
Россия армиясининг ёлланма ҳарбий хизматчиси Украинага қарши урушда кўрган-кечирганлари ҳақида сўзлаб бераркан, уни Чеченистон уруши билан таққослади.
“Украинада бўлаётган воқеалар олдида Чеченистон уруши ҳолва бўлиб қолади. Бундан кўра мен яна бир марта Чеченистонга боришни афзал кўрган бўлардим. Чеченистон урушини бошидан кечирган бошқа қуролдош биродарларим ҳам шу фикрда”, дейди у.
Ҳарбийга кўра, Россия армияси Украинада Афғонистон ва Чеченистон урушларидан қолган техника ва қуролларда уруш олиб бормоқда:
“Қурол-аслаҳаларимиз алмисоқдан қолган. Бир куни янги техникалар беришди, десант ташувчи жанговар машиналар. Попасное орқали йўлга чиқдик. Биласизми, манзилга етгунимизча биттагина машина қолди – қолган бари йўлда бузилди, тўкилиб тушди”. “Урушга нега борганимни айтайми? Катта пул ваъда қилишгани учун. Жанговар тажрибам бор, рози бўлдим. Ойига 300 минг рублдан тўлаймиз, дейишган эди. Йўқ, бизни шунчаки алдашди. Лаққа туширишди”.