Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:22
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

22:32 21.12.2022

Stat.uz: Жорий йил газ ишлаб чиқариш ҳажми камайди

Мамлакатда энергетик бўҳрон давом этаётган бир пайтда Давлат статистика қўмитаси эълон қилган рақамлар тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

20 декабрь куни Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган рақамларга кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда 3,5 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг ноябрига нисбатан 24,2%га камдир.

Ўтган 11 ойида эса жами 47,3 млрд куб метрдан зиёд табиий газ ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда бу 3,2 фоизга кам яъни 1,6 миллиард куб метрга оздир.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 ойида газ конденсати ҳам 2 фоизга кам ишлаб чиқарилган. Бу йил 1,2 млн тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,8 минг тоннага камдир.

Айни пайтда жорий йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 105,4%га ўсгани қайд этилган.

Телеграмдаги bakiroo канали буни "Энергетик кризис статистикаси ва ўзбекча иқтисодий мўъжиза", дея атаган:

«Эсимни таниганимдан буён ва умуман статистикани кузатиб бораётганимдан буён энергетикага оид бундай қисқаришни эслай олмайман...Энергетика инқирози шароитида ва бутун соҳаларни тармоқдан узиш юз берган ҳолатда қандай қилиб саноат ишлаб чиқариш ўсиш кўрсаткичи сақлаб қолингани ўзи катта жумбоқ ва балки ўзбекча мўъжиза».

21:24 21.12.2022

"6 миллион тонна кўмир қани?"

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга 173 миллион АҚШ долларига тенг қийматда кўмир импорт қилинган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Расмий рақамларга ишонилса, кўмир импорти рекорд даражада ошгани кўринади. Жорий йилнинг дастлабки 10 ойи яъни январь-октябрда Ўзбекистонга жами 93,1 миллион долларлик кўмир импорт қилинган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров расмий рақамларни шубҳа остига оларкан кўмир бизнеси ортида кимлар тургани ёпиқ ҳолда қолаётганига эътибор қаратган.

Иқтисодчи ҳисоб китобича, 173 миллион долларлик кўмир 6 миллион тоннага тенгдир. "Шунча кўмир қаерга кетди", дея савол қўяди Бакиров:

"Қозоқ статистикасига кўра, январь-август ойларида бир тонна қозоқ кўмири ўртача 28,72 доллардан экспорт қилинган.

Агар ноябрда кўмирни логистика бўйича бизга энг яқин бўлган Қозоғистондан сотиб олган бўлсак, бу 6 миллион тонна кўмир дегани. Бунча кўмирни темир йўл таший олганми? Бунча кўмир қайси омборларга жойлаштирилган? Уни кўрса бўладими?
Албатта бу саволларнинг ҳеч бирига ўзбек расмийлари жавоб бермайди. Берган тақдирда ҳам кўмир узоқ хориждан келтирилиб, ёқиб бўлинди, қабилида жавоб бўлади.

Дарвоқе, Порошенко даврида кўмирни Украинага бир неча минг километр наридаги Жанубий Африка Республикасидан ва ҳатто Австралиядан келтирилди, дея пул ўзлаштирилган. Амалда кўмир Россия босиб олган Донбасс ҳудудидан контрабанда билан келтирилган ёки умуман келтирилмаган, ёқилди дея "списать" қилинган ва фақат офшорларга пул кетган холос".

18:03 21.12.2022

Фарғонада эр-хотин ис газидан вафот этди

Расмийлар қўлбола печлардан ноўрин фойдаланиш ис газидан заҳарланишга олиб келишини таъкидлаб келишади
Расмийлар қўлбола печлардан ноўрин фойдаланиш ис газидан заҳарланишга олиб келишини таъкидлаб келишади

Ўзбекистон расмийлари мамлакат энерго тизимида юзага келган инқирозни бартараф этиш учун чоралар кўраётгани ҳақида баёнотлар бераркан, газ ва электр тақчиллиги кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлишда давом этмоқда.

Фарғонанинг Учкўприк туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бош прокуратуранинг маҳаллий матбуотга билдиришича, воқеа 21 декабрь куни эрталаб Учкўприк туманининги “Чорбоғ” МФЙ, Юксалиш кўчасида содир бўлган.

Расмий версияга кўра, ҳодисага қўлбола усулда ясалган печкадан сизиб чиққан ис гази сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.

Маҳаллий матбуотдаги маълумотлардан келиб чиқилса, совуқ бошланганидан бери Ўзбекистонда ис гази ва печкадан чиққан ёнғин ҳамда газ портлаши оқибатида ўлганлар сони камида 35 кишига етди:

Бухорода 6 киши
Жиззахда 6 киши
Қашқадарёда 5 киши
Хоразмда 4 киши
Тошкент вилоятида 3 киши
Наманганда 3 киши
Фарғонада 5 киши
Самарқандда 2 киши
Андижонда 1 киши

Расмийлар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган. Жорий ой бошида содир бўлган ўлим ҳолатларидан бирида қурбонлар қарздорлик сабаб газдан узилгани ва ноқонуний улангани айтилган.

15:12 21.12.2022

ZIMISTON-UZ XABARLARI. 6-qism

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG