ЕИ Медведевнинг ўғли ва Путиннинг жиянига санкция жорий қилди
Европа Иттифоқи Россияга жорий этилган санкцияларнинг 12-пакети доирасида 61 жисмоний ва 86 юридик шахсни “қора рўйхат”га киритди. Мазкур рўйхат ЕИ расмий журналида эълон қилинди.
Рўйхатга тиркалганлар орасида Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг ўғли Илья ва президент Владимир Путиннинг жияни Анна Цивилева ҳам бор.
Анна Цивилева Украина урушида қатнашганлар ва урушда ҳалок бўлганларнинг яқинларига кўмак кўрсатувчи “Ватан ҳимоячилари” давлат фондига раҳбарлик қилади. Бу фонд ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Бундан ташқари «Спас» ва «Царьград» телеканаллари, «Алабуга» махсус иқтисодий зонаси, «АльфаСтрахование” гуруҳи, Росфинмониторинг ва унинг раиси Юрий Чиханин, МСКнинг 14 аъзоси ҳамда Москва шаҳар думаси раиси Алексей Шапошниковга ҳам санкциялар жорий этилди.
“Илюшин номидаги авиация комплекси”, Қозон вертолёт заводи, “Тактик ракета қуроллари” корпорацияси бош директори Борис Обносов ва Россия ҳаво-космик кучлари бош қўмондони Виктор Афзаловга ҳам чекловлар киритилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва Европа Иттифоқи жорий этган 12-санкциялар пакетига муносиб жавоб қайтаришини билдирди.
18 декабрда қабул қилинган янги санкциялар доирасида Россиядан олмос сотиб олиш тақиқланди ва реэкспорт қоидалари кучайтирилди.
Украина армияси бош қўмондони кабинетидан хуфя эшитиш қурилмаси топилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужний кабинетидан яширин тинглаш қурилмаси топилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг жиноят иши очди.
УХХга кўра, “техник қурилма” генералнинг “потенциал дислокация жойларидан бирида” топилган. “Техника бевосита Валерий Залужний кабинетидан эмас, балки у келгуси фойдаланиши мумкин бўлган хоналардан бирида топилди”, дейилади хабарномада.
Айтилишича, жиноят иши Украина ЖКнинг 359-моддаси (“Маълумот олишнинг махсус техник воситаларини қонунга хилоф равишда сотиб олиш, сотиш ёки қўллаш”) 2-қисми бўйича қўзғатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурилма носоз ҳолатда бўлган. Унда ахборот йиғиш ёки аудиоёзувларни масофадан узатиш воситалари борлиги аниқланмади, дея қайд этган УХХ ва қурилма экспертизага топширилишини қўшимча қилган.
Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний кабинетидан яширинча эшитиш қурилмаси топилгани ҳақида 17 декабр куни “Украинская правда” ва РБК Украина ўз манбаларига таяниб хабар қилган эди. Агентлик суҳбатдошига кўра, қурилма “хонани ишлаш учун тайёрлаш асносида” аниқланган. УП манбаси эса қурилма текширув чоғида топиб олинганини айтган. Шунингдек, Залужнийнинг ходимларига тегишли хоналардан ҳам эшитиш қурилмалари топилган.
Аввалроқ ОАВлар, жумладан Ғарб нашрлари Украина президенти Владимир Зеленский ва бош қўмондон Валерий Залужний қарши ҳужум жараёнини баҳолаш масаласида низолашаётгани ҳақида ёзган эди. Ноябр ойида генерал Economist нашрига интервью бераркан, Украина фронтида вазият боши берк кўчага кириб қолганини, жанглар позицион жангга ўтиши эҳтимоли мавжудлигини айтган эди. Зеленский эса унинг фикрига қўшилмаган.
Белгород губернатори: Теребрено қишлоғида отишма бўлган
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков якшанба куни кундузи Краснояруж туманининг Теребрено қишлоғи “чегарасида” “душман билан отишма бўлаётганини” маълум қилди. Губернатор телеграмда ёзишича, қишлоқ украин ҳарбийлари томонидан ўққа тутилмоқда.
Теребренога ҳужум учун масъулиятни “Свобода России” кўнгиллилар легиони ўз зиммасига олди. Легион россияликлардан тузилган бўлиб, Украина тарафида жанг қилмоқда. Якшанба оқшомида легион телеграм-канали ўз “штурмчи гуруҳлари олдиларига қўйилган барча вазифаларни бажариб, эсон-омон Украина ҳудудига қайтишган”ини хабар қилган эди.
Хабарга кўра, “Свобода России” жангчилари Россия қўшинлари таянч пунктини йўқ қилган ва ҳудудни миналаштирган.
Ўз навбатида, Украина ҳарбий разведкаси Белгород вилоятига ҳужум ортида “Кремл режими душманлари” тургани ҳақида баёнот берди.
Кейинроқ Гладков Украина ҚК ўққа тутиши натижасида қишлоқда учта уй шикастланганини билдирди. Улардан бирига снаряд теккани, иккинчисининг фасади ва томи кўчгани, учинчи уйда эса шийпон ёниб кетгани айтилмоқда. Ҳозирча фақат Теребрено билан Староселье қишлоқлари аҳолиси электрсиз қолган. “Тиклаш ишлари Мудофаа вазирлиги рухсат берганидан сўнг бошланади”, дейилади губернаторнинг телеграм-каналида.
Президент Владимир Зеленский кечки видеомурожаатида ҳарбий разведка, УХХ, Ҳаво кучлари ва Ташқи разведка хизматига ушбу “катта иш” учун миннатдорлик билдирди. “Афсуски, тафсилотларини айтиб бўлмайди, лекин битта гап айтаман – катта иш қилдингиз. Раҳмат!” – дейилади Зеленский телеграм-каналидаги хабарда. Украина президенти айнан қайси воқеаларни назарда тутганини очиқламаган.
Теребрено Украинанинг Суми вилояти билан чегара яқинида жойлашган. “База” телеграм-каналига кўра, жанг кундузи 11.ларга яқин бошланган. “Қишлоқда тахминан 200 нафар аҳоли яшайди, аҳоли эвакуация қилинмаган, ҳозир одамлар панагоҳларда жон сақлашяпти”, деб ёзади “База”.
Аввалроқ Россиянинг чегараолди ҳудудларига рейдлар учун жавобгарликни Рус кўнгиллилар корпуси ҳам ўз бўйнига олган эди. Июн ойи бошларида бўлган энг йирик ҳужум чоғида Белгород вилоятининг Грайворон туманига қарашли бир нечта қишлоқ назоратга олинган эди, Теребрено ушбу ҳудудлардан узоқ эмас.
Путин Россия НАТО билан урушга “қизиқмаслиги”ни айтди
Президент Владимир Путин Россия НАТО билан урушга "қизиқмаслиги" ва бунинг учун “мутлақо сабаб йўқ”лигини айтди. Бу ҳақда у Россия (ВГТРК) телеканалига берган интервьюсида гапирди.
Бундан аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Россия Украина устидан ғалаба қозонадиган бўлса, НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида фикр билдирганди. Путин интервьюда Байденнинг бу фикрини «сафсата» деб атади.
"Россияда НАТО давлатлари билан урушиш учун геосиёсий, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий қизиқиш мавжуд эмас",- деди Путин.
Унга кўра, Россия НАТО билан “муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор”. Шу билан бир қаторда Путин НАТОни “АҚШнинг томорқаси” деб атади.
Путин Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига муносабат билдирар экан: "Шу кунгача бу давлатнинг Россия билан муаммоси йўқ эди. Энди муаммолар пайдо бўлади. Россия Финландия билан чегарада муайян ҳарбий қисмларни жамлайди",- деб айтди.
Путин интервьюси давомида Ғарб 1991 йилда СССР тарқаб кетганидан сўнг Россияни "беш бўлакка бўлиб ташлашга уринаётганига" ишонч ҳосил қилганини билдирди.
АҚШ президенгти Жо Байден 6 декабрда Конгрессга Украинага кўмак кўрсатиш бўйича қилган мурожаатида Россия Украинада ғалабага эриша олса, НАТОдаги иттифоқчиларга ҳужум қилиши эҳтимол экани ҳақида гапирган эди.
Россиялик қатор сиёсатчилар, жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров НАТО давлатларига, биринчи навбатда Польша ва Болтиқ давлатларига ҳужум қилиш билан таҳдид этган эди.