Россия МСКси мухолифатчи номзодни президент сайловларига қўймади
Россия Марказий сайлов комиссияси ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг президентликка номзодини қўйиш учун имзо тўплашига рухсат бермади. Унинг ҳужжатларида гўё юздан ортиқ хатолик аниқлангани айтилди.
Комиссия аъзолари ташаббус гуруҳини рўйхатга олишни рад этиш учун бир овоздан овоз берди.
"Екатерина Сергеевна, сиз ёш аёлсиз, ҳамма нарса олдинда. Ҳар қандай минусни плюсга айлантириш мумкин, ҳар қандай салбий тажриба ҳам тажрибадир", - деди МСК раиси Элла Памфилова.
Россияда президентлик сайловлари март ойининг ўрталарига белгиланган.
Ўз-ўзини кўрсатиш учун номзод мамлакатнинг камида 40 та ҳудудидан сайловчиларнинг камида 300 минг имзосини тўплаши ва Россия Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши керак.
Ўтган ой 40 ёшли Дунцова берган интервюсида Украинадаги можарога чек қўйиш ва сиёсий маҳбуслар, жумладан, Алексей Навалнийни озод қилишга чақирган эди. Россия мухолифатининг кўплаб вакиллари Дунцовнинг рўйхатга олинишини қўллаб-қувватладилар.
Олдинроқ Россиянинг амалдаги президенти 71 ёшли Владимир Путин, ЛДПР партиясидан 55 ёшли Леонид Слуцкий, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан 75 ёшли Давлат Думаси депутати Николай Харитонов ва Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг ҳарбий раҳбари, тергов изоляторида сақланаётган Игор Стрелков сайловларда иштирок этишини маълум қилган эди.
Нидерландия биринчи 18 та F-16 қирувчи учоқларини Украинага етказиб беришга тайёрлигини билдирди
Нидерландия ҳукумати биринчи 18 та F-16 қирувчи учоқларини Украинага етказиб беришга тайёрлигини билдирди Голландия бош вазири вазифасини бажарувчи Марк Рютте 22 декабр, жума кунги чиқишида.
“Ф-16 учоқларини етказиб бериш Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш бўйича тузилган шартномаларнинг энг муҳим элементларидан биридир”, деди Рютте.
Голландия Украинага совға қилган Америкада ишлаб чиқарилган биринчи Ф-16 жанговар учоғи ўтган йилнинг ноябр ойида Руминиянинг украиналик учувчиларни тайёрлаш марказига етиб келган. Дания, Норвегия ва Белгия ҳам F-16 учоқларини Украинага ўтказиш ниятида эканликларини маълум қилганди.
Орбан Зеленский билан учрашиши мумкин
Венгрия бош вазири Виктор Орбан пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг келажакда икки томонлама учрашув ўтказиш таклифини қабул қилганини айтди:
"Владимир Зеленский музокаралар олиб боришимиз кераклигини айтди, мен эса унинг ихтиёрида эканлигимни билдирдим. Биз фақат битта саволга аниқлик киритишимиз керак: нима ҳақида?" У "Икки томонлама муносабатларни муҳокама қилишимиз керак", деди. Мен унга икки томонлама алоқалар учун ҳам тайёр эканлигимни айтдим. Бунинг учун икки тараф ташқи ишлар вазирлари музокараларга тайёргарлик кўришлари керак."
Венгрия Европа Иттифоқининг молиявий ёрдам ва қурол-яроғ билан таъминлаш ҳаракатларига бир неча бор тўсқинлик қилгани учун икки етакчи ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Орбан Украина Россия босқинига қарши курашаётган бир пайтда Киевга расмий ташриф билан келмаган Европа Иттифоқининг ягона раҳбари.
Ўтган ҳафта Орбан 27 аъзодан иборат бўлган Европа Иттифоқининг Киевга 54,7 миллиард долларлик ёрдам пакетини ажратишга қарши чиққан ёлғиз давлат раҳбари бўлди. Аммо у урушдан вайрон бўлган Украина учун Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлаш қарорига тўсқинлик қила олмади ва овоз беришдан кейин мажлисни тарк этди.
Россия президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси сифатида танилган Виктор Орбан урушга муносабати ва ҳукумати 13 йиллик ҳокимият даврида Венгриядаги демократик мувозанатни бузиб келаётганликда айблангани учун Европа Иттифоқи ичида изоляцияга дуч келмоқда.
Германия ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини топширди
Янги ёрдам пакетига учта Гепард зенит мосламаси, ўнта Вектор разведкачи дрони ва Леопард 2А6 танклари учун ўқ-дорилар киритилди. Бу ҳақда Германия ҳукумати сайтида хабар берилди.
Берлин Киевга навбатдаги ёрдам пакетига тракторлар, юк машиналари, енгил автомобиллар, снарядлар ва қуролларни ҳам киритди. Германия Украинага аввалги ёрдам пакетини 14 декабр куни ўтказганди.