Шойгу Путинга Марьинка босиб олинганини билдирди. Украина бу маълумотни рад этди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путин билан учрашуви пайтида Донецк вилоятидаги Марьинка шаҳри тўлиқ босиб олинганини билдирди.
Шойгуга кўра, Марьинканинг рус армияси назоратига ўтиши ортидан Украина артилерияси Донецк атрофидан чекинишга мажбур бўлди. Путин бунга жавобан «Россия қўшинлари анча кенгроқ оператив майдонга чиқиш имкониятини қўлга киритди», деб айтди.
Украина Қуролли кучлари вакили Александр Штупун бу хабарга муносабат билдирар экан, Шойгунинг Марьинка тўлиқ босиб олингани тўғрисидаги баёнотини рад этди. Унга кўра, шаҳар учун жанглар давом этмоқда ва украин аскарлари шаҳар маъмурий чегараларидан чекинган эмас.
Би-би-сининг хабар беришича, Марьинканинг рус аскарлари назоратига ўтгани тўғрисидаги маълумот тасдиқланса, у ҳолда Россия армияси Новомихайловка ҳудудида украин армияси позицияларига зарба бериши мумкин. Бу ҳужум муваффақият билан якунланса, Россия Угледар йўналишда ҳужумга ўтиш имкониятини қўлга киритади. Угледар плацдарми Украин армияси учун муҳим аҳамиятга эга.
Уруш бораётган шароитда томонларнинг бу баёнотларини мустақил манбалардан тезкор тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.
Марьинка Донецк жануби ғарбидан 10 километр масофада жойлашган. 2022 йил аввалида бу ерда тўққиз мингдан кўпроқ аҳоли яшаган. 2022 йил мартидан бери Марьинка атрофида Россия ва Украина армияси ўртасида қақшатқич жанглар бормоқда. Шаҳар тўлиқ вайрон бўлган.
Москва суди Украина ҳарбий разведкаси бошлиғини қамоққа олиш тўғрисида сиртдан ҳукм чиқарди
Москванинг Басманний туман суди Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (БРБ) бошлиғи генерал-лейтенант Кирилл Будановни террорчилик айблови бўйича қамоққа олиш тўғрисида сиртдан ҳукм чиқарди.
“Интерфакс”нинг хабар беришича, Буданов “Россияга экстрадиция қилинганидан сўнг унга нисбатан икки ой қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси” қўлланилади. Россияда у 104 та терактга алоқадорликда айбланмоқда.
Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси Украина ҳаво кучлари қўмондони Николай Олейшчук, Украина ҳарбий денгиз кучлари қўмондони Алексей Неижпапа ва Украина ҳарбий ҳаво кучлари 383-махсус полки бошлиғи Сергей Бурденюкка нисбатан ҳам мана шундай айбловларни олға сурган эди. Тергов қўмитасининг иддао қилишича, улар 2022 йилнинг апрелидан 2023 йилнинг сентябригача дронлар билан Россия ҳудудларига ҳужмларни уюштирган.
Украина Бош разведка бошқармаси Россиянинг қатор ҳудудларида ва Украинанинг босиб олинган минтақаларида амалга оширилган амалиётларга алоқадор экани тўғрисида баёнот берди. Аммо бу амалиётлар тафсилотларини очиқламади. Буданов 25 декабрда ижтимоий тармоқларда украиналикларни Рождество билан табриклаб қолдирган баёнотида “Россия ҳеч қачон Украинани йўқ қилиш бўйича ёвуз режаларини амалга ошира олмаслиги”ни қайд этди.
Сўнгги бир ярим йил ичида Москва Украина Россия ҳудудларига камида 500 марта дронлар билан ҳужум қилганини билдирди, деб ёзди РБК. Улардан 110 тасида вайроналар ва жабрланганлар борлиги тилга олинган.
Киев Москванинг бу баёнотларига муносабат билдирган эмас.
Умеров: Аскарларни захирага бўшатиш ҳақида уруш тугаганидан кейингина гапирса бўлади
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ҳукумат демобилизация ҳақида уруш тугуганидан сўнггина гапириши мумкинлигини айтди.
Мулозим “Суспильне” телеканали билан суҳбатда аҳоли сафарбарлик тушунчасини бир оз “қора бўёқларда” кўришини урғулади. Умеров фикрича, бундай “дунёқараш”ни ўзгартириш керак.
Вазир Россия ҳарий ҳаракатларни давом эттираётганини, Украина мудофаа идораси эса икки йилдан бери фронтда қолаётган ҳарбийларнинг дам олиши ёки қисман армиядан бўшатилиши қоидалари қандай бўлишини тушунишга имкон берувчи ечимни топганини эслатди. Бунинг учун Мудофаа вазирлиги зарур қонун лойиҳасини тайёрламоқда, таъкидлади Умеров.
“У сўнгги икки йилда тўпланиб қолган ечимлар мажмуасидан иборат бўлади. Умуман олганда, бизнинг мақсадимиз – ҳарбий хизматни жазо деб тушунувчи аҳоли фикрини ўзгартиришдир”, деди вазир.
Ўз навбатида, украин генерали Дмитрий Марченко Deutsche Welle билан суҳбатда Украинада армия сафига киришни истовчи кўнгиллилар ортиқ йўқлигига эътибор қаратган.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбийлар қўшимча 500 минг нафаргача кишини сафарбар қилишни илтимос қилаётганини маълум қилган эди. Ҳукумат бу борада якуний қарорга келганича йўқ.
Бир неча кун олдин Россия Мудофаа вазирлиги сафарбар қилинган аскарларнинг хизмат муддатини бир йилга чеклашни рад этиб, чақирилган ҳарбийлар уруш тугагунича хизматда бўлишини маълум қилди. Вазирликка кўра, сафарбарлик асосида чақирилган фуқароларнинг ҳарбий хизмат муддати президент фармони асосида ўтказилган қисман сафарбарлик даври тугаганидан сўнг якунига етади.
Бир қанча вақт аввал Владимир Путин сафарбарликни тўхтататиш тўғрисида фармон чиқаришга ҳожат йўқлигини айтган. Ҳуқуқ фаоллари бунақа фармон йўқлиги ҳукуматга сафарбар қилинган аскарларни хизматдан бўшатмаслик учун асос бўлишини таъкидламоқдалар.
Украина Бош штаби: Россиянинг қирувчи учоғи уриб туширилди
Украина Қуролли кучлари Бош штаби 25 декабрь тонггида берган хабарномасида ўтган кунларда Россиянинг икки учоғи – Су-34 ва Су-30 уриб туширилганини маълум қилди.
Донецк вилоятида Су-34 қирувчи-бомбаловчи учоғи йўқ қилингани ҳақида украин ҳарбийлари якшанба куни хабар қилишган эди. Су-30 қирувчисига келсак, УҚК Ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Николай Олешчук унга нисбатан “жанговар иш олиб борилган”ини ёзган.
Эндиликда Бош штаб Су-30 ҳам Қора денгиз акваторияси устида уриб туширилганини билдирмоқда.
22 декабрь куни Олешчук жанубий йўналишда Россиянинг Су-34 русумли учта қирувчи-бомбаловчи учоғи уриб туширилганини маълум қилган. Ушбу маълумотни Кремлга ишловчи ҳарбий блогерлар тасдиқлаган.
Россия томони эса расман мазкур талафотлари юзасидан изоҳ берган эмас.
Душанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага зарбдор дронлар билан ҳужум қилди. УҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги Одесса, Херсон, Николаев, Донецк, Кировоград ва Хмельницкий вилоятларига йўналтирилган 31 дрондан 28 таси, шунингдек Х-59 русумли икки ракета уриб туширилганини айтмоқда.
Дронлар бўлаклари Одесса портидаги техник иншоот, бўш ётган маъмурий бино ва омборга шикаст етказган.
24 декабрь оқшомида Херсон вилояти ўққа тутилиши натижасида Чернобаевка қишлоғида бир аёл ҳалок бўлди. Унинг жасади хароба уйдан топилди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин.
Ўз навбатида, Россиянинг Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков вилоятнинг тўрт тумани Украина армияси томонидан ўққа тутилгани дарагини берди. Грайворон шаҳар округининг Новостроевка-Вторая қишлоғида дрон инфратузилма объектига ҳужум қилган. Мулозимга кўра, ҳужумга учраган аксар аҳоли масканларида вайронагарчилик йўқ, маҳаллий аҳоли жабрланмаган.