Россия Бахмут ва Авдеевский йўналишларида ҳужумларини давом эттирмоқда
Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) ўзининг сўнгги шарҳида рус қўшинлари Бахмут ва Авдеевский йўналишларида ҳужумларини давом эттираётганини маълум қилди.
Россиялик ҳарбий блогер 3-январ куни рус қўшинлари Бахмутнинг шимолий қанотида олдинга силжишаётгани ҳақида хабар берди. ISW Россия қўшинлари ҳудудга олдинга ўтишга муваффақ бўлганлигини тасдиқловчи геолокация маълумотлари ҳали йўқлигини айтди. Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский Богдановка атрофида аёвсиз жанглар ва рус қўшинларининг Часовий Ярга ҳужум уринишлари ҳақида хабар берди. Қаттиқ жанглар Бахмутнинг жанубий қанотида, Клешчеевка ва Андреевка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
ISW шунингдек, рус қўшинлари Авдеевка томон олдинга силжишга муваффақ бўлганини хабар қилди. Россиялик блогерлар ҳам рус қўшинлари Степнойе томон олдинга ўтганини даъво қилмоқда.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Россия ва Украина сўнгги олти ойда илк марта асирлар билан алишди
Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина президенти офиси сўнгги олти ойда илк марта асирлар билан алишгани тўғрисида баёнот берди.
Москва Киев 248 рус ҳарбийсини қайтарганини тасдиқлади. Киев эса 230 кишини, жумладан, олти нафар ҳарбий бўлмаган фуқаросини қабул қилиб олганини билдирди.
Украина Ҳарбий разведкаси раҳбари қайтарилганлар орасида 2022 йилда Мариупол мудофаасида қатнашган шахслар борлигини билдирди.
“Ниҳоят, кўп вақт ўтгач, биз жуда қийин алмашинувни амалга оширдик. Бугун 230 нафар Украина ҳимоячиси ватанга қайтди. Улар орасида биринчи бўлиб асирга олинган шифокор, Змеиний ороли ва Чернобил АЭС ҳимоячилари, Азовстал аскарлари, чегарачилар, полиция ходимлари, Миллий гвардия аъзолари, Қуролли Кучлар зобитлари бор”, деди Кирилл Буданов, Украина Ҳарбий разведкаси раҳбари.
Россия Мудофаа вазирлиги асирлар билан алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситасида амалга оширилганини маълум қилди.
Бундан аввал Москва ва Киев ўтган йилнинг 7 августида асирлар билан алмашган эди.
2022 йил ноябрида БМТнинг Украинада инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини мониторинг этувчи миссияси раҳбари Матильда Богнер Россия ва Украина ҳарбий асирларни қийноқларга солгани ва қатл этгани тўғрисидаги далилларга эга эканини билдирган эди. Ўшанда Киев асирга олинган Россия ҳарбийларига нисбатан зўравонлик қилингани юзасидан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилган.
Киев 2023 йил ноябрь ҳолатига кўра, Россияда 4337 киши асирликда сақланаётгани, улардан 3574 нафари ҳарбий ва 763 нафари тинч фуқаро эканини билдирган. Россия эса Украина 500 га яқин ҳарбийни асир олганини билдирган.
Рамзан Қодиров жинояти учун қидирувда бўлган одамларнинг қариндош-уруғлари ўлдирилишини истисно этмади
У Чеченистон ИИВ ҳамда Росгвардияси ходимлари билан Янги йил олди йиғилишида шундай сўзларни айтган.
“Жамоат тартибини бузган ёки милиция ходимига, республикамизга келган меҳмонга қўл кўтарган ҳар кас билиб қўйсин. Агар биз уни топа олмасак, беҳудага қидириб юрмаймиз, биз унинг оиласидагиларни топамиз. Бизда ҳамиша шундай бўлган: оталаримиз, боболаримиз айбдорни топа олишмаса, унинг ака-укасидан, отасидан қасос олганлар. Биз қариндошлари учун улардан ўч оламиз. Улар одамни ўлдириб, “мен фалон қариндошимдан воз кечдим”, дейишади. Биз унинг қариндош-уруғларидан бирини отиб ташламагунча ундан воз кечолмайди”, дея огоҳлантирди Чеченистон раҳбари.
Кавказ.Реалии ёзишича, ИИВ ҳамда Росгвардия командирлари билан учрашувда Қодиров танқидчиларидан, “улар қаерда бўлишидан қатъи назаржазоланишини” айтди:
“Бизнинг нуқтаи назаримизга қўшилмайдиган барча республикадан кетсин. Биз кўпларни кечирдик, маҳбусларни озод этдик. Аммо Чеченистонда бирон фитна бошлашга чақирувчиларни аяб ўтирмаймиз. Қайси давлатда жон сақлаб юрган бўлса ҳам, террорчини топшириш ҳақида сўров юборамиз. Беришмаса, демак, ўзимиз билган тарзда ундан қутулишимиз керак бўлади. Улар биз ҳақимизда оғизларига келганини гапиришяпти, фильмлар суратга олишяпти – биз бунга қўл қовуштириб турмаслигимиз лозим”.
Бу Қодировнинг одамларни судсиз-терговсиз жазолашга доир илк чақириғи эмас. Октябр ойида у кучишлатар ходимларни итоатсиз кимсаларни “пешонасидан отиш”га чақирган эди.
Сентябрда Қодиров ўзининг вояга етмаган ўғли Адам Қуръонни ёққани учун ҳибсга олинган Никита Журавелни дўппослаётгани акс этган видеони эълон қилган эди. Чеченистон раҳбарининг ўғли бу қилмиши учун жазоланмаган, балки Республика қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, шунингдек қўшни регионлар раҳбарларидан ҳам бир нечта мукофот олган. Кейинроқ эса Рамзан Қодиров “Адам Журавелни ўлдирганида яхши бўларди”, деб айтган.
Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбий самолёти Воронеж вилоятига бомба ташлаганига изоҳ берди
Вазирлик баёнотида айтилишича ҳарбий самолёт Петропавловка қишлоғи устидан учиб ўтаётганда тасодифан бомбаларни ташлаб юборган. Ҳеч ким жабрланмаган, фақат олтита уйга зарар етган дея маълум қилди мудофаа вазирлиги.
Вазирлик махсус комиссия тузилиб, авария сабаблари ва етказилган зарарни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдирган.
Воронеж губернатори Александр Гусевнинг айтишича, маҳаллий аҳолининг бир қисми эвакуация қилинган.
Россия пропагандаси Воронеж вилоятидаги бу портлашни Украина Қуролли Кучлари зарбаси экани тўғрисида хабар бера бошлади. “Россия-1” телеканали бошловчиси Олга Скабеева Украинани “террор хуружи” содир этишда айблади, кейин эса Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Харковга урилган ракеталардан бири эканлигини тан олганидан кейин постни ўчириб ташлади.
Апрель ойида ҳам рус ҳарбий самолёти тасодифан Белгородга бомба ташлаб юборган ва кучли портлашга сабаб бўлган эди.
Ҳарбий экспертлар бу 500 килограммлик кучли бомба эканлигини айтган. Россия армияси GPS-нишонга олиш тизимига эга қанотли ракета бомбалардан кенг фойдаланиб келади, баъзи экспертларнинг таъкидлашича, русларнинг бу қуроллар носозликлардан холи эмас.