Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:20

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

13:41 17.1.2024

Владимир Зеленский Давос иқтисодий форумида нутқ сўзлади

Украина президенти Владимир Зеленский Давос иқтисодий форумида сўзлаган нутқида Россия урушда ғалаба қозонмаслиги учун Ғарб мамлакатларини Украинани янада кўпроқ дастаклашга чақирди.

Зеленский Украинани молиявий қўллаб-қувватлаш борасида Евроиттифоқдан “хайрли муждалар” олганини урғулади. Украина етакчиси, шунингдек, яқин бир неча ҳафта ичида АҚШ ҳам Киевга ёрдамни маъқуллайди, дея умид билдирди.

Аввалроқ Давосда НАТО раҳбари Йенс Столтенберг билан кечган музокарада Зеленский қарийб икки йилдан бери Россия босқинига қарши курашаётган Украина ҳаво ҳужумидан мудофаасини кучайтириш зарурлигига урғу берган эди.

Владимир Зеленский форумда илк дафъа шахсан қатнашмоқда. Бунга қадар у ҳар йили сиёсий лидерлар ва жаҳон бизнес элитаси вакиллари ташриф буюрадиган Давос анжуманида фақат видеоалоқа орқали иштирок этган.

Столтенберг билан учрашувда Украина президенти ўз мамлакати НАТОга қўшилишга интилаётганини яна бир карра эслатди. Зеленский шу йилнинг ўзидаёқ Украинани Альянс аъзолигига яқинлаштирувчи қарор қабул қилинишига умидворлигини таъкидлади. Шунингдек, Зеленский офиси маълумотига кўра, учрашувда у Столтенбергга Украина фронтидаги вазият ҳақида маълумот бериб, Россия билан уруш шароитида Киевга кўмаклашишда давом этаётгани учун НАТОга миннатдорлик билдирган.

Давос форуми доирасида Зеленский қатор йирик корпорациялар ва молиявий тузилмалар раҳбарлари, жумладан Bank of America ва Siemens Energy топ-менежерлари билан алоҳида учрашган. Ёпиқ эшиклар ортида кечган учрашув “Украина учун СЕО” деб аталган. France-Presse учрашувда Зеленский олқишлар билан кутиб олинганини урғуламоқда.

Душанба куни Владимир Зеленский Швейцарияда Украина масаласи бўйича глобал тинчлик саммитини ўтказишни келишиб олгани маълум бўлган эди. “Украина президенти сўровига кўра Швейцария тинчлик формуласи бўйича саммитни қабул қилишга розилик билдирди”, дея баёнот берди Швейцария ҳукумати. Айтилишича, саммит доирасида кечажак музокаралар мавзулари ҳали ишлаб чиқилмоқда. Анжуман қачон бўлиши ва унда кимлар иштирок этиши ҳам ҳозирча тўлиқ аниқлаштирилмаган.

“Биз суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳурмат қилувчи барча мамлакатлар учун очиқмиз, шундай экан кимлар таклиф этилиши ҳақида хулоса қилаверинг”, деди Зеленский Швейцария президенти Виола Амерд билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. Айни чоғда Зеленский бўлажак саммит иштирокчилари орасида Глобал Жануб вакилларини кўриш истагида эканини таъкидлади.

Ўтган дам олиш кунлари Давосда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида Украина бўйича тўртинчи халқаро учрашув ўтказилди. Унда 80 дан ортиқ давлат ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашди. Россия делегацияси таклиф этилмади. Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ҳамда можарода бетараф мақомни тутиб турган мамлакатлар Украинадаги урушни аввалроқ Зеленский таклиф қилган “тинчлик формуласи” асосида тугатиш имкониятларини муҳокама қилишди. Ушбу формула Россия қўшинлари Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетилишини ва 1991 йилги чегаралар тикланишини назарда тутади. Россия мазкур таклифни абсурд ва номақбул деб атамоқда.

Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Давосдаги Киевнинг тинчлик таклифларига доир муҳокамаларга изоҳ бераркан, улардан ҳеч бир натижа бўлмаслигини урғулади. “Бари қуруқ гап. Мазкур жараён муайян натижага эришишга йўналтирилмаган, йўналтирилиши ҳам мумкин эмас, бунинг сабаби оддий – унда биз иштирок этмаяпмиз”, деди Дмитрий Песков.

Сешанба куни Россия президенти Владимир Путин Украинанинг тинчлик формуласига оид таклифларини “тақиқловчи талаблар” деб атади. Путин Россия Украинада қозонганларидан воз кечмаслигини айтаркан, “босиб олинган ҳудудлар” деган сўзларни ишлатди. Россия президенти Украина раҳбарлари 2022 йил баҳорда Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Борис Жонсон босими остида Россия билан сулҳ тузишдан бош тортишганини (Жонсон ва украин сиёсатчилари буни инкор этиб келишади) такрорлаб, уларни “каллаварамлар” атади. Путинга кўра, ҳозирда Россия армияси фронтда ташаббусни ўз қўлига олган ва “агар шу тарзда давом этса, украин давлатчилигига жуда жиддий зарба берилиши мумкин”.

12:10 15.1.2024

Россия Украинага 517 болани қайтарди

Москва босиб олинган ҳудудлардан мажбуран Россияга олиб чиқиб кетилган болалардан 517 нафарини Украинага қайтарди. Бу ҳақда Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец Давосда ўтган анжуманда маълум қилди.

Унга кўра, Россия томонидан 2828 нафар катта ёшдагилар ҳам қайтарилган, улардан 150 нафари тинч аҳоли.

“Бизнинг вазифамиз барчани қайтариш”,- деган Лубинец халқаро ҳамжамиятни мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

Киев расмийларининг билдиришича, 2023 йил охиригача Украинадан Россияга 19546 нафар бола мажбуран кўчирилган.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) 2023 йилнинг мартида Россия президенти Владимир Путинни ҳамда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Бу иккиси ҳарбий жиноятларда, аниқроғи Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан аҳолини, хусусан, болаларни мажбурий депортация қилиш ва кўчиришда гумонланмоқда.

Кремль босиб олинган ҳудудлардан аҳоли, жумладан, болалар мажбурий равишда депортация қилинганини рад этиб келмоқда. Россиянинг билдиришича, “болалар хавфсизлик нуқтаи назаридан” олиб чиқиб кетилган.

12:07 15.1.2024

Давосда Украинанинг “тинчлик формуласи” муҳокама этилди

Швейцариянинг Давос шаҳрида Европа, Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкадаги 80 дан ортиқ давлат раҳбарларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ва дипломатлари Украинадаги урушни тўхтатиш шартларини муҳокама қилди. Бу Украина томонидан таклиф қилинаётган “тинчлик формуласи” бўйича ўтказилган тўртинчи халқаро анжуман бўлди.

Тадбирга Россия таклиф қилинмади. Бундан аввалги учта йиғин ҳам Россия иштирокисиз ўтказилганди. Анжуманда Украинани дастаклаётган Ғарб давлатлари ҳам, Россия босқини юзасидан бетараф позицияда бўлган давлатлар вакиллари ҳам қатнашди.

Давос анжуманида Киев номидан Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак иштирок этди. Ермак ўз телеграм каналида йиғилиш иштирокчиларига Россиянинг сўнгги ҳужумлари ва Киевнинг ўт отишни тўхтатиш бўйича режалари тўғрисида маълумот берганини ёзди.

“Ўт отишни тўхтатиш тўғрисидаги оддий шартнома Россиянинг Украинадаги агрессиясини тўхтатиб қола олмайди. У агрессорга куч тўплаш учун танаффус бўлади холос. Бу тинчлик сари ташланган қадам эмас. Россия тинчликни истамайди. Россия Украинада устуворлик қилишни хоҳлайди”, деб ёзди Ермак.

Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис Москва тинчлик жараёнига вақти келиб қўшилишга мажбур бўлишини таъкидлади. Swissinfo нашри унинг ”Россия ўз сўзини айтмагунича тинчлик бўлмайди”, деган гапини иқтибос сифатида келтирди. Айни пайтда вазир “Украинани дастаклаш учун барча имкониятларни ишга солиш зарур”лигини билдирди.

Бошқа давлатлар вакиллари Давосдаги анжуман юзасидан ўз фикрини билдирмади.

Ўтган йили Украина президенти Владимир Зеленский урушни тўхтатиш бўйича “тинчлик формуласи”ни таклиф қилган эди. Ўн банддан иборат мазкур ҳужжатда, жумладан, Россия кучларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш, Украина ҳудудий яҳлитлигини тиклаш тинчлик сари ташланадиган асосий қадамлар экани айтилади.

17:43 14.1.2024

Владивостокнинг судланган собиқ мэри Украинадаги урушга бориш учун қамоқхонадан чиқарилди

Порахўрликда айбланиб, 12 йилга қамалган Владивостокнинг собиқ мэри Олег Гуменюк колонияни тарк этди. Унинг адвокати Александр Китаевнинг айтишича, Гуменюк Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва у Украинадаги урушга юборилади.

Китаевнинг аниқлик киритишича, мижози аввало ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак. У Гуменюкнинг ҳозир қаердалигини билмайди.

Адвокатга кўра, Гуменюк дастлаб ўтган йилнинг 22 декабрида ҳарбий қисмга келиши керак бўлган.

Гуменюк колонияда армия шартномасини имзолагани аввалроқ хабар қилинган эди. У ҳарбий қисмга борган, бироқ ўтган йилнинг 29-ноябрида у колонияга қайтарилган. Унинг қайтиши сабаби номаълум. Тахминларга кўра, ФСБ ходимлари унинг фронтга боришига рухсат бермаган бўлиши мумкин.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари Гуменюкнинг ҳарбий кийимда, қурол билан, бошқа ҳарбийлар қуршовида тургани тасвирланган суратни нашр этмоқда.

2023 йил бошида Гуменюк 38 миллион рубл миқдоридаги пора билан боғлиқ иш бўйича 16,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик жазо муддати 12 йилга қисқартирилди.

Бу судланган ёки судланувчи мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликдан қочиш учун Украинага урушга бориши биринчи марта эмас.

Хакасия раҳбарининг собиқ ўринбосари, порахўрликда айбланган Сергей Новиков ва денгиз бўйидаги Болшой Камен шаҳрининг собиқ раҳбари Рустам Абушаев ҳам фронтга кетган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG