Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:03 26.2.2024

Украина прокуратураси 7 нафар украин ҳарбий асирининг отиб ўлдирилган бўлиши эҳтимолини ўрганмоқда

Украинанинг Донецк вилояти прокуратураси 7 нафар украин ҳарбий асири Россия ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган бўлиши эҳтимоли бўйича текширув бошлади.

Асирлар қатли акс этгани айтилаётган видеоёзув 25 феврал куни турли телеграм-каналларда ёйинланган эди.

Текширув уруш қонунлари ва одатларининг бузилишига доир моддага кўра ўтказилмоқда, дея маълум қилди Украина бош прокурори офиси.

Дастлабки маълумотга кўра, асирлар Ивановское ҳамда Хромово қишлоқлари орасидаги украинлар позицияларини ишғол қилиш вақтида отиб ташланган.

Дрондан олинган тасвирларда бир гуруҳ аскар бир неча қадам масофадан бошқа бир гуруҳ ҳарбийга ўқ отган. Ўққа тутилганлар, – муҳтамалан украин ҳарбийлари – қуролсиз экани кўринади.

Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец қатл 24 феврал куни Бахмут туманида рўй берганини ва камида етти украин аскари ўлганини айтди.

Deep State лойиҳасига кўра, ўлганлар, катта эҳтимол билан 92-махсус штурм бригадаси жангчилари бўлган ва улар етти эмас, 9 нафар бўлганлар.

Бу – сўнгги ойдаги учинчи қатл ва энг кўп асирлар ҳалок бўлган воқеа дея қайд этилмоқда.

Айни пайтда Украинада Россия ҳарбийларининг муҳтамал ҳарбий жиноятлари, жумладан асирларнинг отиб ташланишига доир 50 мингдан зиёд жиноят иши тергов қилинмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги бу айбловларни ё инкор этади, ё изоҳсиз қолдиради.

16:58 26.2.2024

Зеленский: Урушда камида 31 минг украин аскари ҳалок бўлди

Украина президенти Владимир Зеленский 25 февраль куни журналистлар билан ўтказган матбуот анжуманида Россия билан уруш бошланганидан бери илк марта украин аскарлари орасидаги қурбонлар тўғрисидаги маълумотни ошкор қилди.

Унга кўра, Россия агрессиясига қаршилик кўрсатиш жараёнида 31 минг украин аскари ҳалок бўлди. Зеленский яраланганлар ва бедараклар тўғрисидаги маълумотларни очиқламади.

“31 минг украиналик аскар. Бу биз учун оғир йўқотиш. Ярадорлар сонини айта олмайман”, деди Зеленский.

Ўз нутқи давомида Украина президенти урушнинг икки йили давомида ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлганини, Россия 180 минг ҳарбийсидан ажралганини, 500 мингга яқин рус аскари яраланганини айтди.

Россия Украинадаги йўқотишлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти. Би-Би-Си рус хизмати ва “Медуза” нашри Украинада ўлган камида 45 минг рус ҳарбийсининг шахсини аниқлаган эди.

Зеленский Россия май охири ёки ёзда яна ҳужумга ўтиши мумкинлигини айтди:

“Биз уларнинг ҳужумига тайёрланамиз. Уларнинг 8 октябрда бошлаган ҳужуми ҳеч қандай самара бермади деб ўйлайман”, деди Зеленский

У шунингдек, шу ой бошида Украина армияси раҳбариятидаги алмашинувга ҳам тўхталиб, бу жанг майдонидаги янги ҳаракатлар режаси билан боғлиқлигини таъкидлади. Зеленский янги режа ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Зеленский АҚШ Конгресси ҳарбий ва молиявий ёрдамни бир ой ичида маъқуллашини кутаётганини қўшимча қилди.

У қўшинларнинг ротацияси уруш ҳаракатларида жуда муҳим эканлигини, Украина захира кучларини яхшироқ тайёрлаши кераклигини айтди.

Украина яқин бир неча ой ичида Киев илгари сурган тинчлик режаси бўйича Швейцарияда дунё етакчилари иштирокида саммит ўтказилишига ва бу тинчлик режаси Россияга тақдим этилишига умид қилмоқда. Бу ҳақида президент Владимир Зеленский маълум қилди.

«Умид қиламанки, бу саммит баҳорда бўлиб ўтади. Биз бу дипломатик ташаббусни қўлдан чиқармаслигимиз керак», - деди Украина раҳбари Киевда ўтган матбуот анжуманида.

Украина раҳбарининг айтишича, украин армиясининг рус босқинчилари устидан ғалаба қозониши Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши, иттифоқчилар етказиб берадиган қуролларга боғлиқ.

Матубот конференциясида журналистлардан бири, Зеленскийга агар Путин сизга қўнғироқ қилса олармидингиз, деб савол берди.

Зеленский бу саволга юмор билан бундай деб жавоб қилди:

“Путиннинг мобил телефони йўқ, шунинг учун у менга қўнғироқ қилмайди. "Менда эса 1917 йил телеграфи йўқ".

24 февраль куни Россия Украинага тўлақонли қуролли босқинни бошлаганига икки йил тўлди.

18:15 25.2.2024

РББдаги манбалар Россиянинг А-50 учоғи йўқ қилинганини тасдиқлади

Би-би-си рус хизматининг Украина Разведка бош бошқармаси (РББ)даги манбалари Россиянинг А-50 олисдан радиолокацион аниқлаш учоғи С-200 зенит-ракета комплекси ракетаси билан уриб туширилганини тасдиқлади.

Аввалроқ “Украинская правда” нашри ҳам РББдаги ўз манбаларига таяниб, Украина мудофаа кучлари Россиянинг А-50 учоғини совет давридан қолган С-200 ЗРК ёрдамида уриб туширгани ҳақида ёзган эди.

Нашр суҳбатдошларидан бири 23 феврал куни учоқ йўқ қилиниши натижасида 10 кишилик экипаж ҳалок бўлганини айтган.

“Учоқда бўлган 10 нафар россияликнинг барчаси ўлган. Улар орасида беш майор, уч капитан, биттадан прапоршчик ва лейтанант бўлган”, дея ўз манбасидан иқтибос келтиради “Украинская правда”.

Озодлик ушбу маълумотларни мустақил манбалар орқали текшириш имконига эга эмас. Россия Мудофаа вазирлиги воқеа юзасидан изоҳ бергани йўқ.

18:14 25.2.2024

БМТ: Украинадаги икки йиллик урушда 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди

2022-йил 24-февралдан бери Украинада камида 10 582 нафар тинч аҳоли, жумладан 587 нафари бола ҳалок бўлди. 19 875 киши, жумладан 1 298 нафар бола жароҳатланган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳисоботида айтилади.

Тинч аҳоли қурбонларининг катта қисми (91 фоизи) кенг майдондаги портловчи қуроллар туфайли содир бўлган. Миналар ва урушнинг портловчи қолдиқлари қурбонлари 3,7 фоизни ташкил этди, қолган қурбонлар эса бошқа турдаги қуроллардан ҳалок бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, икки йил давомида ҳарбий ҳаракатлар натижасида 1072 та таълим муассасаси (236 таси вайрон қилинган, 836 таси шикастланган) ва 465 та тиббиёт муассасаси (59 таси вайрон қилинган, 406 таси шикастланган) зарар кўрган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG