АҚШ Путиннинг "вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш" таклифига шубҳа билан қарамоқда
АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада православ Рождество байрамида 36 соатлик сулҳ тузиш ҳақидаги таклифига муносабат билдирди.
"У 25 декабрда ва Янги йилда касалхоналар, болалар боғчалари ва черковларни бомбардимон қилишга шай эди. . . Менимча, у куч тўплаш учун фурсат қидирмоқда", - деди Байден.
Кремлнинг билдиришича, Путин рус православ черкови раҳбари, Москва патриархи Кириллнинг Рождество сулҳи ҳақидаги чақирувига жавобан, жума 6 январ куни тушдан бошлаб бутун фронт бўйлаб рус қўшинларига ўт очишни тўхтатишни буюрган.
Рyc православияси Рождествони 7 январда нишонлайди. Украина православ черкови Рождествони ғарб давлатларидаги каби 25 декабр кунига ўзгартирган.
Пентагон расмийлари ҳам Путиннинг Украинада 36 соатлик оташкесим ҳақидаги чақириғига шубҳа билдирди.
“Россиянинг узоқ йиллик уруш тарғиботи ва Украина шаҳарлари ва тинч аҳолисига қарши тинимсиз ҳужумларини инобатга олсак, АҚШда, қолаверса бутун дунёда уларнинг бу таклифига жиддий шубҳа бор, деб ўйлайман. Россия Украина халқига олиб келган зўравонлик ва қон тўкишларни тўхтатишдан чиндан ҳам манфаатдор бўлса, дарҳол Украинадан чиқиб кетсин“, - деди Пентагон вакили Патрик Райдер.
Жаноб Райдер ўз чиқишида АҚШ Украинани қанча вақт лозим бўлса шунча қўллаб-қувватлашда давом этади, деди..
АҚШ ва Германия Украинага зирҳли техника етказиб беради
Қўшма Штатлар ва Германия Украинага зирҳли жанговар машиналарни жўнатаётганликларини эълон қилди.
Шу ҳафта бошида Франция ҳам Украинага жанговор зирхли ҳарбий техника жўнатишини билдирди.
АҚШ умумий қиймати 2 миллиард 800 миллион долларлик хавфсизлик ёрдами доирасида Украинага 50 га яқин “Брэдли” жанговор машиналари етказиб беришини маълум қилган.
АҚШ ва Германия Украинага қурол етказиб бериш бўйича қўшма баёнот билан чиққан. Баёнотда Қўшма Штатлар “Брэдли”, Германия эса - “Мардер” жанговар машиналарини Украинага етказиши ҳақида гап боради. Бундан ташқари Германия ҳам Украинага “Пэтриот” ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришда АҚШга кўмакчи бўлади.
Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали мулоқот қилганидан сўнг маълум қилинди.
Рейтер агентлиги америкалик икки мулозимга таяниб хабар беришича, Украинанинг янги ҳарбий ёрдам пакетига 50 га яқин “Брэдли” жанговар машиналари киради. Янги ёрдам пакети жума куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Украинага “АМХ-10 РC” енгил зирҳли ҳарбий машиналарини етказиб беришини маълум қилганди.
Украинага “Леопард” танкларини етказиб бериш бўйича ҳам чақириқлар бор. Аммо, ҳозирча бу таклиф мухокама босқичида қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский эса Ғарбни ўз армиясининг жанговор қудратини ошириш учун оғир танклар билан таъминлашга чақирди.
БМТ раҳбари Москва ва Киев ўртасида музокаралар учун ҳали имкон йўқлигини айтди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антони Гутерриш православ Рождествода ҳар қандай сулҳни олқишлашини айтди ва "бу БМТ низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ тинчлик ўрнини боса олмаслиги”ни эсга олди.
БМТ раҳбари Москва ва Киев ўртасида можарога барҳам бериш бўйича музокаралар учун ҳали ҳам имкон йўқлигини таъкидлади.
"Биз ҳали ҳам жиддий тинчлик музокаралари мумкин бўлган вақтдан узоқдамиз. Айни пайтда урушнинг салбий таъсирини минималлаштириш учун қўлимиздан келган барча ишни қилиш муҳим деб ўйлайман".
Португалиядаги Лиссабон университетида ўтган тадбирда Гутерришнинг таъкидлашича, ҳозирда асосий нарса уруш таъсирини камайтириш учун ҳамма нарсани қилишдир.
Гутерришнинг изоҳлари Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленскийга Анқара икки давлат ўртасида тинчликни таъминлаш учун воситачилик мажбуриятларини ўз зиммасига олишга тайёрлигини айтганидан кейин янграган.
Журналистларнинг Эрдўғон таклифи ҳақидаги саволларига Гутерриш “жиддий тинчлик музокаралари” учун вақт ҳали етилмаган деди.
АҚШ: Пригожиннинг мақсади Бахмут яқинидаги конлар бўлиши мумкин
Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган тадбиркор, “Вагнер” ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин Украинанинг Бахмут минтақасидаги туз ва гипс конлари устидан назоратни қўлга киритишдан манфаатдор.
Рейтер агентлигининг Оқ уй вакилига таяниб хабар беришича, “Пригожиннинг Бахмутга интилиши пул мотивлари билан боғлиқ” деб ҳисоблашга асослар бор.
Бахмут ҳудудида, Европадаги энг йирик туз конлари бор. Кон майдони 179 кв.кмни ташкил қилади.
Қўшма Штатлар аввалроқ россиялик ёлланма аскарларни Украинадаги урушни молиялаштириш учун Африкадаги табиий ресурслардан фойдаланганликда айблаган эди. Россия ҳукумати бу айбловларни рад этган.
Вашингтон маълумотларига кўра, урушда қатнашаётган “Вагнер” гуруҳининг 50 минг жангчисидан 4минглан дан ортиғи ҳалок бўлган, 10 минг нафари яраланган.
Мингдан ортиқ ёлланма аскар ўтган йилнинг ноябр ойи охиридан декабр ойи бошигача Бахмут учун бўлган жангларда ҳалок бўлди, дейилади хабарда.
Декабр ойи охирида АҚШ “Вагнер” гуруҳи Украинадаги Россия кучларини қўллаб-қувватлаш учун Шимолий Кореядан қурол-яроғ юборгани ҳақида хабар берган эди,