Кунпаякун бўлган Соледар ва Бахмут
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Солeдар ва Бахмутдаги вайронагарчиликларни кўриш мумкин. Ҳозирда мазкур икки шаҳар Россия билан шиддатли жанглар марказига айланган.
Махаr Теchnologies компанияси тақдим этган суратларда Солeдардаги куйиб кулга айланган аҳоли пунктлари, Бахмутда эса ракета снарядлари қолдирган излар акс этган.
Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий гуруҳи раҳбари Солeдар тўлиқ назоратга олинганини, 500 га яқин украин аскари ҳалок бўлганини даъво қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский бу даъволарни инкор қилиб, жанглар ҳануз давом этаётганини билдирган.
Рейтерс Солeдардаги вазиятни мустақил равишда текшира олмади.
Агар Россия кучлари Солeдарни эгаллайдиган бўлса, бу Москва учун шарқий Донбас минтақасини, жумладан Бахмутни қўлга киритиш йўлида йирик қадам бўлиши мумкин.
Россия Украинадаги уруш тизгинини қўлга олиш учун ҳарбий етакчиларни алмаштирмоқда
Россия жанг майдонидаги муваффақиятсизликлардан сўнг Украинадаги урушга масъул раҳбариятини алмаштирмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов Сергей Суровикин ўрнига Украинадаги қўшинларнинг олий қўмондони лавозимига тайинланди.
Эндиликда Герасимов Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” бевосита жавобгар бўлади. Ўзининг шафқатсизлиги билан "Генерал Армагеддон" лақабини олган генерал Сергей Суровикин бир неча ой бош қўмондон лавозимида ишлади.
Мудофаа вазирлиги эълон қилган баёнотида, ўзгартиришлар ҳарбий бўлинмалар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ҳамда қўмондонлик тузилмасининг “сифат ва самарадорлигини” ошириш мақсадида қилинганини билдирди.
Тайинловлар Соледар учун шиддатли жанглар кетаётган бир пайтда амалга оширилди.
Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ташкилоти Соледар шаҳрини эгаллаганини даъво қилмоқда.
"Террорчи давлат ва унинг тарғибот машинаси Соледар шаҳрининг босқинчилар томонидан деярли бутунлай вайрон қилинган бир қисмини Россиянинг қандайдир ғалабаси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқд", дея юқоридаги даъволарни инкор этди Зеленский.
У шунингдек, "жанглар давом этаётганини" айтиб, Украина мудофаани кучайтиришини қўшимча қилди.
Украина Давлат чегара хизмати Соледарда ҳужум остида қолган рус аскарларининг видеосини тақдим қилди.
Рейтерс агентлиги видео жойлашувини тасдиқлади, бироқ санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Соледар яқинида украин ҳарбийлари немис гаубицалари билан русларни ўққа тутди
Украина ҳарбийлари кеча Соледар яқинида Россия позицияларини PzH 2000 немис гаубицасидан ўққа тутди.
Баъзи техник камчиликларга қарамай, ҳарбий хизматчилар PzH 2000 ишлашидан мамнун.
"Правда" лақабли ҳарбий хизматчининг айтишича, улар ўзига бириктирилган гаубицадан икки ой ичида 1300 дан ортиқ снаряд отган.
“Автоматик режим ишлаганда, ўт очиш тезлиги ақл бовар қилмас даражада. Тезлик ҳам аниқлик даражаси ҳам юқори. Агар ҳаммасини тўғри бажарсангиз, у жуда аниқ нишонга олади ", дейди украин ҳарбийси.
Полша Украинага Леопард танкларини беришни режалаштирмоқда
Полша президенти халқаро коалиция таркибида Украинага Леопард танкларини юборишни режалаштираётганини маълум қилди.
Киев анча вақтдан бери Леопард каби оғир ҳарбий техникар етказиб беришни сўраб келаётган эди. Бу Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашида сезиларли қадам бўлади.
"Биз бу ёрдам халқаро коалиция доирасида бўлишини истаймиз. Ушбу халқаро коалициянинг бир қисми сифатида Леопард танкларини етказиб беришга қарор қилдик. Умид қиламанки, бу кампания Леопард танклари билан бирга бошқа кўплаб танкларни етказиб бериш билан давом этади. Украинага етказиладиган ҳарбий техникалар Украина мудофаасини мустаҳкамлайди", деди Полша президенти Анджей Дуда.
Президент Владимир Зеленский июлдаги саммитда НАТОни Украинага эшиклари очиқлигини ваъда қилиш билан чекланмасликка чақириб, Киев ҳарбий альянсга қўшилиш учун “кучли амалий қадамлар”га муҳтожлигини айтган эди.
Бироқ, Германия ҳукумати вакили Украинага “Леопард” жанговар танкларини жўнатаётганидан хабардор эмаслигини билдирди.
Германияда ишлаб чиқариладиган Леопард танкларини учинчи давлатга қайта экспорт қилиш учун Берлин ҳукуматининг розилигини талаб қилинади.