Россия Украинадаги аҳоли яшайдиган ҳудудларни бомбардимон қилишда давом этмоқда
Харков вилоятидаги Волчанск шаҳрида кечаги ҳужумда 1 киши ўлдирилгани, 4 киши яралангани маълум. Ўтган жума куни рус ҳарбийлари 21 шаҳар ва қўрғонни ўққа тутганини Запорожье вилоят маъмурияти раҳбари Александр Старух хабар қилди.
Россия қўшинлари Краматорскка ҳам учта ракета отди. Ракета зарбалари натижасида болалар боғчаси, мактаб ва хусусий профилакторийга зарар етган.
Донецк вилояти маъмурияти раҳбари Павел Кириленко эса мазкур ҳужумда бир киши ўлганини билдирди. Вилоят ҳудудида мактаб ва боғчалар ишламаяпти, болалар масофадан ўқитилмоқда.
Днепропетровск вилоятининг Никополь шаҳрида ҳам портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар бор.
Сўнгги кеча-кундузда Курахово, Горняк ва бошқа қишлоқлар ўққа тутилди. Часов Ярга бўлган ҳужум чоғида тўртта уй ва болалар боғчасига шикаст етди. Эрталаб Авдеевка икки марта қаттиқ артиллерия ҳужумига учради. Бахмутда бир нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлди, Ивановскоеда бир киши яраланди. Лиман туманининг Дробишево кентида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Вертолёт қулаб тушган боғчада нобуд бўлган она-бола дафн этилди
Броварида эса 18 январ куни авиаҳалокатда вафот этган беш ёшли Милана ва унинг онаси Элена Пономаренко билан хайрлашмоқда.
Фавқулодда вазиятлар хизматининг вертолёти бортида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти қулаган пайтда Элена ва унинг қизи болалар боғчасида бўлган.
АҚШ “Вагнер ХҲШ”ни халқаро жиноий ташкилот деб эълон қилади
АҚШ Молия вазирлиги “Вагнер ХҲШ”ни халқаро жиноий ташкилот деб топади ва келгуси ҳафтада унга қарши қўшимча санкцияларни жорий этади. Бу ҳақда 20 январь куни Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
Мулозимга кўра, Байден маъмурияти “ХҲШнинг трансконтинентал таҳдиди”ни тан олмоқда. Жорий этиш режаланаётган санкцияларнинг аниқ рўйхати ҳозирча очиқланмаган.
“Вагнер ХҲШ” ва унинг муҳтамал асосчиси Евгений Пригожин аллақачон ЕИ ва АҚШнинг “қора рўйхат”ларига тиркалган. Ширкат ноқонуний қуролли можаролар, жумладан, Украинага қарши урушда иштирок этганликда ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланмоқда.
Вашингтон Украина ҳудудидаги вагнерчилар сонини 50 минг кишига баҳолаган, шундан 40 минг нафари – Россия қамоқхоналарида ёлланган маҳкумлардир.
Евгений Пригожин АҚШнинг “Вагнер ХҲШ”ни халқаро жиноий ташкилот деб тан олиш қарорига истеҳзо билан муносабат билдирди.
“Ниҳоят “Вагнер ХҲШ” америкаликлар билан деярли ҳамкасб бўлди. Бизнинг ўзаро алоқаларимизни бундан сўнг “жиноий кланларнинг тортишувлари” деб аташ мумкин”, деб унинг жавобидан иқтибос келтирди "Конкорд” ширкати матбуот хизмати
Жон Кирби ўтказган брифинг чоғида сунъий йўлдошдан олинган суратлар ҳам намойиш қилиниб, унда ноябрь ойида Россиядан Шимолий Кореяга йўл олган ва ортига қайтган темир йўл вагонлари акс этгани таъкидланди. АҚШ разведкасига кўра, ушбу вагонларда “Вагнер ХҲШ” жангарилари Украина урушида қўллаши учун ракеталар ташилган. КХДРдан қурол-аслаҳа олиш БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан ушбу мамлакатга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларга зид ҳисобланади.
Россия нефть маҳсулотлари учун чекланган нархлар 5 февралдан киритилади
“Катта еттилик” мамлакатлари, Евроиттифоқ ҳамда Австралия Россиянинг Украинага босқинига жавобан Россия нефть маҳсулотлари учун чекланган энг юқори нархларни белгилашда келишувга эришди. Шунингдек, улар денгиз орқали экспорт қилинадиган Россия нефти лимитларини қайта кўриб чиқишмоқда. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги маълум қилди.
Нефть маҳсулотлари учун чекланган нархлар 5 февралдан амал қилиши кутилмоқда. Бундан кейин жаҳон бозорида юз беражак ўзгаришларни ҳисобга олганда, ушбу мамлакатлар Россиянинг танкерлар орқали ташиладиган нефти учун энг юқори чекланган нархни март ойида қайта кўриб чиқади. 2022 йилнинг декабрида у бир баррель учун 60 доллар этиб белгиланган эди.
Энг юқори чекланган нархлар “Катта еттилик” мамлакатлари, ЕИ ҳамда Австралия Россиянинг танкерларда ташиладиган нефти баррели 60 доллардан ёки бундан пастроқ баҳода сотиб олинган тақдирдагина ушбу нефть билан боғлиқ хизматларни кўрсатаётганини билдиради.
Энг юқори чекланган нархлар Россиянинг даромадларини қирқиш орқали унинг Украинада урушни давом эттиришига қаршилик қилиш, айни чоғда ташувлар тўхтаб қолиб, жаҳон бозорида нефть нархи ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қўлланмоқда. АҚШ ва Евроиттифоқ Россиянинг танкерларда ташиладиган нефтини сотиб олишдан воз кечган.
Россия президенти Владимир Путин бунга жавобан энг юқори чекланган нарх жорий этилишига розилик берган мамлакатларга Россия нефти ва нефть маҳсулотларини сотишни тақиқлади. Бироқ Россиянинг Urals маркали нефти жаҳон бозорида энг юқори чекланган нархдан арзонга сотилмоқда, таҳлилчилар эса энг юқори чекланган нарх қўлланганидан сўнг Россия нефти сезиларли даражада арзонлашганини қайд этишяпти.