Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

Аctivist иши: Ранг берувчи модда ва ўзбек блогерлари учун "қизил чизиқ"лар


Ҳожиакбар Носировнинг 15 суткалик қамоққа ҳукм қилинишига асос бўлган видео скриншоти.
Ҳожиакбар Носировнинг 15 суткалик қамоққа ҳукм қилинишига асос бўлган видео скриншоти.

Тошкентдаги супермаркетлардан бирида олинган видеода блогер Ҳожиакбар Носиров ўн минглаб обуначисига Ўзбекистонда кўп сотиладиган йогурт брендларидан бирининг бир қанча маҳсулотлари “ҳаром” ҳисобланиши ва мусулмонларга уни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида гапирди.

У назарда тутган ингредиент “кармин” ёки E120 деб аталадиган ранг берувчи модда бўлиб, Жанубий Америкада ўсадиган кактусларда яшовчи кошенил қуртидан олинади. Бу модда, шунингдек, косметикада ҳам қўлланади.

Видео Носировнинг 15 суткага қамалишига асос бўлди. Бу ҳолат Президент Шавкат Мирзиёев даврида илгарироқ бироз эркинлик ҳис қилган блогерларга чекловлар қўйила бошлагани мисолларидан бири бўлди.

Тошкент шаҳар ИИББ 8 апрел куни чиқарган пресс‑релизида Носировнинг видеоси хусусий тадбиркорлар ҳуқуқлари ва фуқароларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқини бузгани айтилган.

Ўзбекистон қонунларига кўра, “диний мазмундаги материалларнинг мамлакат ҳудудида тайёрланиши ва тарқатилишига диний экспертизанинг ижобий хулосасидан сўнг рухсат этилади” дейилади шаҳар ИИББ баёнотида.

Бундай марҳамат Носировда йўқ эди ва унинг фикри Ўзбекистоннинг давлат қўлловидаги диний идораси қараши билан ҳам мос эмас экан. Идора у ҳибсга олингани эълон қилингандан сўнг дарҳол кармин ҳақида ўз муносабатини билдирди ва буни асослаш учун шу ҳақдаги Иордания фатвосини келтирди.

Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси таъкидлашича, E120 қўшимчаси “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар (бўлиб), кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади”.

Сўз эркинлигининг "асоссиз бўғилиши"

Қайси қўшимчалар ҳалол, қайси бири ҳаром эканлиги борасида бутун дунё мусулмон уламолари ва диндорлар тортишади. Шаҳар полициясининг Носиров ўзбошимча иш қилгани ҳақидаги даъвосига қарамай, диний блогер ўз видеосида ушбу қўшимча ҳаром экани ҳақидаги даъвосини тасдиқловчи иккита ислом фиқҳи веб-сайтига ҳавола берган.

Аммо, афтидан, расмийлар бу каби баҳсларни хушлашмайди.

“Шубҳасиз, бу видеода экстремизмни кўрсатувчи тайинли белги йўқ. Шундай қилиб, биз буни сўз эркинлигининг асоссиз бўғилиши мисоли дейишимиз мумкин”, дейди Британиядаги Central Asia Due Diligence тадқиқот компанияси директори Алишер Илҳомов.

"Нега шундай бўлди? Айтиш қийин. Эҳтимол, ҳокимиятга яқин кимдир бу йогуртни ишлаб чиқариш ёки импорт қилиш бўйича бизнесга эга. Ёки ҳокимиятдаги кимдир бу блогерни ёқтирмагандир», дейди Илҳомов.

2016 йилда Ислом Каримов вафотидан сўнг собиқ Бош вазир Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши дунёнинг энг репрессив давлатларидан бирида музларнинг эришига йўл очди, раҳбарият алмашиши оқибатида, чекланган бўлса-да, оммавий ахборот воситаларида эркинликлар пайдо бўлди.

Дин, сиёсат ва бошқа илгари тақиқланган мавзуларга бағишланган Telegram каналларининг кўпайиши билан янгича блогер машҳурлар пайдо бўлди.

Ўшандан бери Мирзиёевнинг сўз эркинлиги ҳақидаги чорловлари кўпайди. Давлат раҳбари 2020 йил декабрь ойидаги йиллик мурожаатида “Ошкоралик ва сўз эркинлиги... замон талаби, Ўзбекистонда ислоҳотлар талаби”, деб атаган эди. Мирзиёев 2021 йил февралида журналистларни “ютуқ ва камчиликларимизни халқимизга ҳаққоний етказувчи куч” деб атаган эди.

Аммо 2021 йилда, Мирзиёев ҳокимияти даврида Термиз шаҳридан блогер Отабек Сатторий бир нечта товламачилик ва бир туҳматда айбланиб, 6,5 йилга қамалди.

Сатторий ва унинг оиласи айбловларни инкор этиб, буларнинг бари маҳаллий ҳокимиятни аёвсиз танқид қилгани учунлигини айтишди. Сатторий эса фақат Мирзиёевнинг чорловига қулоқ тутганини айтди.

Февраль ойида яна бир блогер Абуқодир Мўминов ҳам худди шундай айблов билан ҳибсга олинган эди. Youtube’даги канали 240 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Мўминов Мирзиёевнинг ўзини танқид қилишга журъат этган оз сонли блогерлардан биридир. Унинг иши юзасидан ҳали ҳукм чиқмаган.

Озодлик радиосига кўплаб манбалардан маълум бўлишича, март ойида 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум орқали конституцияни ўзгартириш режаларини танқид қилган блогерлар сўроқ қилинган.

Президент танқидчиси бўлган блогернинг онаси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик блогерлардан бирининг Озодлик радиосига айтишича, полиция унга Telegram-каналида конституциявий ўзгаришларни танқид қилиши Жиноят кодексининг жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги 242-моддасини бузиш бўлиши мумкинлигини айтган.

Блогер, агар одамлар “Нукусдагидек қўзғолон кўтарса”, ана шу модда бўйича айбланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Мирзиёев бошқаруви матбуот ва блогерлар учун имкониятлар эшигини очиш билан бир қаторда, аҳолининг катта қисми эътиқод қиладиган Ислом динига нисбатан қўйилган баъзи ҳаддан ташқари чекловларни юмшатди. Узоқ йиллик раҳбар Ислом Каримов оддий диндор мусулмонларни экстремистлардан фарқламас эди, Мирзиёев ҳокимиятга келганда қамоқхоналардаги минглаб диний маҳбусларни мерос қилиб олди, сўнг уларнинг бир қисми озод қилинди.

Ҳибсга олишлар тўлқини

Мирзиёев диндорларнинг давлат томонидан қатағон қилинишини "бизнинг фожиамиз" деб атади ва овоз кучайтиргичлар орқали азон айтиш, болаларнинг масжидга боришига амалда қўйилган тақиқлар аста-секин йўқолди.

Аммо сиёсий фаоллар сингари, диний блогерлар ҳам чекловлар миқёси мунтазам равишда ўзгариб туришини пайқашган. 2018 йилда Озодлик радиоси ўзбек хизмати соқол қўйиш ва ҳижобга тақиқни бекор қилишни талаб қилган машҳур блогерлар ҳибсга олинаётгани ҳақида хабар берган эди. Бу блогерлар, асосан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаган, ҳозир бу кўргулик Носиров чекига тушди.

Аммо ўтган йили Фозилхўжа Орифхўжаев исмли блогер жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материал эълон қилгани учун 7,5 йилга қамалган эди. Расман ҳукмнинг сабаби Facebook'даги 2021 йилдаги пост бўлиб, унда Орифхўжаев мусулмонлар ғайридинларни байрамлари билан табрикламаслиги кераклиги ҳақидаги мақолани маъқуллагани билан изоҳланган.

Бироқ ҳукуматнинг диний сиёсатини танқид қилган Орифхўжаев ҳукумат назоратидаги Ислом цивилизацияси марказига алоқадор ва Instagram’да машҳур имом билан даҳанаки жанжалидан кейин жазоланган.

Имом Аброр Абдуазимов (интернетда Аброр Мухтор Али номи билан танилган) ЛГБТ ва аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги кескин фикрлари билан, шунингдек, либерал блогерлар ва Ғарб матбуотига, жумладан, Озодлик радиосининг ўзбек хизматига қарши мунтазам айбловлари билан ҳам танилган.

Платформада 800 000 издоши бўлган бу имом тез-тез провокацион постлар жойлашига қарамай, Абдуазимов шу йил бошигача бирор марта судланмаган. Фақат яқиндагина Тошкент суди бошқа блогер томонидан киритилган даъво бўйича унга қарши қарор чиқарди. Суд қарорига кўра, Абдуазимов бир қанча изоҳ ва фикрларни блогер ва журналист Никита Макаренкога тақаб, унга туҳмат қилган.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

«Gazeta.uz» 21 февраль кунги хабарига кўра, суд “Абдуазимов олти фарзандли оилада ёлғиз боқувчи эканлигини ҳисобга олиб», унга 500 долларга яқин жарима белгилаган. Нашрга кўра, бу жарима ушбу турдаги қонунбузарлик учун белгиланган миқдордан қарийб уч баравар кам. Озодликнинг изоҳ олиш учун берган сўровига рад жавоби берган Абдуазимов суд ҳукмини «ғалаба» деб атаган.

Алишер Илҳомовнинг Озодликка айтишича, Абдуазимовга қилинган муомала Ўзбекистонда ҳамма блогерлар ҳам қонун олдида тенг эмаслигини кўрсатади.

“Биз баъзи блогерлар махсус хизматлар билан қандайдир алоқаси борлиги учун карт-бланшга эгалигини кўриб турибмиз, бошқалари эса мутлақо зарарсиз ишлар, масалан, кармин ҳақида фикр билдиргани учун жазоланади”, дейди Алишер Илҳомов.

Форум

XS
SM
MD
LG