Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

Украина элчихонаси: Урушпараст рус қўшиқчилари концерти Ўзбекистон обрўсига таҳдид


Григорий Лепс Россиянинг Украинага тажовузини очиқча қўллаб-қувватлаган.
Григорий Лепс Россиянинг Украинага тажовузини очиқча қўллаб-қувватлаган.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси Россиянинг Украинага қарши тажовузини очиқча қўллаб-қувватлаган рус қўшиқчиси Григорий Лепснинг Тошкентда режаланган концерти юзасидан Ўзбекистоннинг ваколатли идораларига тегишли мурожаат йўллаганини маълум қилди.

Украина элчихонаси 5 июль куни тарқатган баёнотда айтилишича, «урушни қўлловчи россиялик қўшиқчиларнинг Ўзбекистонда чиқиши уларнинг урушни қўзғатишга қаратилган жиноий ҳаракатлари дастакланаётганига оид ёлғон тасаввур пайдо қилиши мумкин ва бу Ўзбекистон Республикаси обрўсига таҳдид солади".

"Бундан ташқари, - дейилади баёнотда, - россиялик ижрочилар олган пул-маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва украин халқига қарши геноцидда ишлатилиши мумкин".

Олдинроқ Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов уруш пропагандаси билан шуғулланаётган россиялик хонандаларнинг Ўзбекистонда концерт беришга уринаётганига изоҳ бераркан, “ҳамма нарсага чегара тутиш мумкин, аммо санъат – чегарасиз соҳа”, эканини айтган эди.

Kun.uz нашри билан суҳбатда мулозим “қайсидир давлатларнинг бир-бирига бўлган муносабатига ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ” дея таъкидлаган.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси айни пайтда Лепснинг Ўзбекистонда режаланган концертини бойкот қилишга чақирган фаолларга миннатдорлик билдирган.

Россия эстрада хонандаси Григорий Лепс Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаб, Украинанинг Leopard танкини йўқ қилган россиялик аскарга 1 миллион рубль тўлашини айтган эди.

Ўтган ҳафта россиялик қўшиқчи Ирина Дубцованинг 25 июнь куни Тошкентдаги “Оби ҳаёт” ресторанида бўлиб ўтиши режаланган концерти бекор қилинган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Григорий Лепснинг ҳам Тошкентдаги концерти бекор қилинажаги ҳақида гап-сўзлар тарқаган, бироқ бу маълумот ўз тасдиғини топган эмас - Лепс концерти учун чипталар ҳали ҳам сотилаётгани айтилмоқда.

Айни пайтда Лепснинг Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтиши керак бўлган концерти ҳам бекор қилинган. Бу маълумотни 6 июль куни Озодликнинг қирғиз хизматига концерт ташкилотчилари тасдиқлади.

Ташкилотчиларга кўра, Лепснинг 2 августга мўлжалланган концерти бекор қилинишига жамоатчилик орасидаги норозилик сабаб бўлган – тадбир эълонидан сўнг ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар кремлпараст қўшиқчининг Қирғизистонда концерт беришига қарши мулоҳазаларини айта бошлашган.

Олдинроқ Лепснинг Қозоғистондаги концерти бекор қилинганди.

XS
SM
MD
LG