Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Тошкентда Zo'r TV журналистлари калтакланди, АОКА ҳужумни қоралади


14 август куни Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгич тўсинларининг қулаши ҳақида лавҳа тайёрлаш учун ҳодиса жойига борган Zo'r TV журналисти ва оператори қурилиш бошқарувчиси томонидан калтакланган.

Daryo.uz нашрининг Zo'r TV журналисти Нурзодбек Воҳидовнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, ҳодисада телеканал оператори Сардорбек Йўлдошевнинг бурни синган, унинг ўзи ҳам жароҳатланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода журналистлар тасвирга олиш учун рухсат сўраб мурожаат қилган шахс аввалига уларни ҳудуддан чиқариб юборишга урингани, кейин эса операторга ташланганини кўриш мумкин.

13 август куни 5 та тўсини қулаб тушган кўприк қурилиши бош пудратчиси бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ журналистларга ҳужум қилган шахс кўприк қурилиш отряди иш бошқарувчиси Н. Эшниёзов экани ва у ҳозирда ишдан бўшатилганини маълум қилди. Компания эълон қилган баёнотда журналистларга ҳужум қораланган.

Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистларга ҳужумни қоралашини маълум қилди.

Агентлик тарқатган хабарда АОКА ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллагани айтилади.

АОКА «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилганини эслатган.

Аввалроқ Ўзбекистон транспорт прокуратураси Тошкент халқаро аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг 5 та тўсини қулаб тушгани ҳолати юзасидан 3 нафар мансабдорга жиноят иши очилганини маълум қилган эди. Ҳодиса сабаб юзага келган зарар қарийб 2,8 млрд сўм деб баҳоланган.

XS
SM
MD
LG