Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

"Бу ер – ўз юртимиз". Урушга қарамай Украинада қолаётган марказий осиёликлар


Ўзбекистонлик Миродил Юнусовнинг бир эмас, икки ўғли фронтда.
Ўзбекистонлик Миродил Юнусовнинг бир эмас, икки ўғли фронтда.

“Настояшчее время” телеканали “Мигрант Медиа” билан ҳамкорликда “Бу бизнинг ўз еримиз” номли ҳужжатли фильмни суратга олди. Фильмда Россия босқинига қарамай Украинада яшашда давом этаётган мигрантлар ҳақида ҳикоя қилинади. Картина қаҳрамонлари – Қирғизистонда, Тожикистонда, Туркманистонда ёки Ўзбекистонда туғилган ва ҳозирда Киев, Харьков ва Одессада яшаётган оддий одамлар.

Улар уруш даври қийинчиликлари, Украинада бошқа миллат ва динлар мансубларига муносабат ва энг асосийси – нега мамлакатдан кетишни истамасликлари ҳақида сўзлаб беришади.

Украин армияси аскарлари

Ўзбекистонлик Миродил Юнусовнинг бир эмас, икки ўғли фронтда. У урушнинг илк кунини шундай хотирлайди: “Даҳшат ичида уйғондик. Эвакуацияга кетинглар, дейишди. Биз кетдик, ўғилларим қолди. Улар эртасигаёқ армияга аскарликка ёзилишди”.

Миродил ўзи ҳам фронтга жўнамоқчи бўлганини, аммо ҳарбий комиссариатдагилар “қариб қолган экансиз”, деб уни қабул қилишмаганини айтади. Ҳозир ўғиллари Кременная остонасида жанг қилишмоқда экан.

“Бир гал уч кун улардан хат-хабар бўлмади. Жуда ҳам қўрқдим. Кременная атрофида ҳар бир қарич ер миналанган. Ўғилларим БТРда аскарларни олиб юришади. Бир гал жангга аскар ташлаб, иккинчи чизиқда уларни ўт очиб, пана қилиб туришибди. Икки-уч кундан сўнг жанг тугагач, аскарларни олиб, ортга қайтишган. Қўнғироқ қилишганида қувониб кетдим”, дейди Миродил ака.

У Шарқий Европадаги энг катта буюм бозори бўлмиш Харьковдаги “Барабашово” бозорида ош пиширади.

Украинада ўлим топаётган ўзбек вагнерчилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:15 0:00

2022 йил мартда Россия армияси “Барабашово”ни ўққа тутади, Миродилнинг ошхонасига туташ расталар ёниб кетади. Бироқ у тушкунликка тушмай ошпазликни давом эттиради:

“Ошимни жуда арзонга сотаман, сув текинга... Уруш вақтида одамлар бир-бирларига тиргак бўлиши керак”, дейди у ишонч билан.

Қозоғистонлик Руслан Маханбеталиев Харьковда яшайди, унинг катта ўғли Рашид фронтда.

“Қозоғистонда туғилган бўлса ҳам, Украинани мудофаа қиляпти. Бошидаёқ айтди: “Ота, урушга кетаман, Украинани ҳимоя қилишга. Биз кўчманчи халқмиз. Лекин урушдан қочиб у ёққа кетсак, у ёқда уруш чиқиб, бу ерга келсак, шу ҳаёт бўладими? Ким жанг қилади?” Мен ўғлимни қайтармадим, фотиҳа бердим”, ҳикоя қилади ота.

Рашид фронтга оддий аскар бўлиб кетган экан, жангларда ўзини кўрсатгач унга “Жасурлиги учун” медали ва кичик сержант унвонини беришибди.

“У билан фахрланаман, ўғлим Украинани ҳимоя қилаётганига хурсандман”, дейди Руслан.

Ровшанбек Рўзметов Туркманистонда туғилиб, вояга етган. 54 ёшда, миллати ўзбек. Она тилидан ташқари, туркман, рус ва украин тилларини билади.

“Армияга чақирилганимда 18 ёшда эдим, – дейди у. – Шу тариқа мен, ҳарбий хизмат баҳонасида умримда биринчи марта Украинага келдим. Хизмат вақтида бу халқни танидим, улар оқкўнгил, бағрикенг одамлар эканига амин бўлдим”.

Рўзметовнинг касби – адвокат, лекин ҳозир у Украина ҚК таркибида фронтда жанг қилмоқда.

“Уруш бошланган кун жуда яхши ёдимда, – ҳикоя қилади Ровшанбек. – Уйда эдим. Хотиним, болаларим ҳам. Устма-уст портлаш сасларини эшитишимиз билан уруш бошланганини тушундик”.

Қонун Рўзметовга вояга етмаган уч фарзандини олиб, Украина ҳудудидан чиқиб кетишга изн берарди. Бироқ у бундай қила олмади. “Фарзандларимнинг Ватанини бу аҳволда ташлаб кетсам, кейин уларнинг кўзларига қандоқ қарайман, деб ўйладим. Чунки болаларим шу ерда туғилишди, шу ерда улғайишяпти. Кетиш – уларга, хотинимга нисбатан хиёнат бўлур эди”, дейди Ровшанбек.

Туркманистонлик ўзбек суҳбатдошимиз “славянларга сира ўхшамайдиган афт-ангори билан” Украинада тинч, бехавотир яшашини айтади: “2006 йилдан бери кўчада биров мендан ҳужжат сўрамайди. Илгари, 2006 йилгача баъзан милиция тўхтатиб, текшириш учун ҳужжат талаб қиларди. Ҳозир бунақа нарса йўқ”.

Ровшанбек Украинани – эътиқод эркинлиги ва диний хилма-хилликка нисбатан тоқатлилиги учун ҳам мақтайди. “Масжидларга бемалол кириб-чиқамиз, намоз ўқиймиз, ўзимиз истагандек яшаймиз. Ҳеч кимнинг биз билан иши йўқ”, дейди у.

Майя Верголяс ҳам Туркманистонда, Тошҳовуз шаҳрида туғилган. Мактабни битирганидан сўнг Екатеринбургга ўқишга борган. Аёл талабалик йилларини эсларкан, бир воқеани эсга олади:

“Кунларнинг бирида Свердловскда (шаҳарнинг советча номи – НВ) трамвайда кетаётиб юртдошларимни учратиб қолдим. Биз ўз тилимизда гаплаша бошладик: қалайсан, нима қилиб юрибсан, деб. Бир маҳал орқамиздан қанақадир кампир бутун вагонни бошига кўтариб шанғиллади: “Ҳой, чулчутлар, ўчир ҳамманг овозингни. Мен сенларни тушунмаяпман, русча гапирларинг!”

Тақсимотдан сўнг Верголяс Киевга ишга жўнатилади, 1989 йилдан бери у Украинада яшайди. Шу ерда оила қуриб, фарзанд кўрган. Биология фанлари доктори, Инсон анатомияси ва физиологияси кафедраси профессори. Аммо ҳозирда Майя ҳудудий мудофаа сафида инструктор бўлиб хизмат қилади, яъни одамларга уруш вақтида ўзини қандай ҳимоя қилишни ўргатади.

Аёл Россия Украинага бостириб кирган кунни эсларкан, кўзига ёш олади: “Ўғлим билан эрим кеч бўлганига қарамай, ухлашмади. Менинг ҳам уйқум қочди. Улар бир нималарни муҳокама қилишарди. Саҳарга яқин кўзим илинган экан. Бир пайт эрим туртиб, уйғотди. Соат бешлар чамаси. “Тур, уруш бошланди”, деди у. Анграйиб қолдим. Ростакам уруш бошланганига ишонгим келмасди сира...”.

Айтишича, 2014 йили Россия Украинанинг Қрим яриморолини ва шарқий ҳудудларини аннексия қилганида Россия каналларини кўрадиган ва пропагандага ишонган Туркманистондаги қариндошлари унга таъна қилганлар. “Ёдимда, амакимнинг ўғли менга: “Украина нима қилади урушиб? Улар фақат рус тили муомалада қолсин, дейишяпти-ку ахир. Рус тилини жорий қилинглар, шунда уруш ҳам бўлмайди”, деганди. Уларга ахборот шунақа шаклда етказилган”, дейди Верголяс.

Озодлик Бучада: Бедарак кетган ўзбеклар изидан
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:44 0:00

Волонтёрлар

Этник қозоқ ака-ука Дарменовлар Киевда яшашади. Россия босқини бошланганидан сўнг улар волонтёр бўлиб, тинч аҳолига ва ҳарбийларга ёрдам беришмоқда.

Оға-ини волонтёр сифатида биринчи бўлиб Гостомелда ишлашган экан. “Рус босқинчилари кетганидан сўнг у ерда бир неча кунгина волонтёрлик қилдик, – ҳикоя қилади Рустам. – Шаҳарда ҳарбийлар жуда кўп, ҳар беш метрга блокпостлар қўйилганди. Ҳужжатларимиз машина пешойнаси ёнига қўйиб қўярдик, чунки ҳар беш қадамда кўрсатишга тўғри келарди”.

Гостомелда ака-укалар палов, бўғирсоқ пишириб маҳаллий аҳолига тарқатишган, сўнгра уруш аввалида Россия қўшинлари оккупация қилган бутун Киев вилоятини кезиб, волонтёрлик қилганлар.

“Биз қозоқмиз деб айтмасдик, – давом этади Рустам. – Бир куни битта аҳоли масканига бориб қолдик. У ерда илгари бурятлар бўлган экан. Улар ўзларини хўжайинлардек тутишган, одамларни талашган, хўрлашган. Биз дурагаймиз: томиримизда славян қони ҳам, қозоқ қони ҳам бор. Ота тарафимиз тоза қозоқлар бўлгани учун уларга тортганмиз кўпроқ. Россия армиясининг талончи бурят аскарларидан жабр кўрган кишилар бизга дуч келганда саросимага тушиб қолишарди. Шунда “чўчиманг, биз бурят эмасмиз”, деб уларни тинчитардик”.

Рустамнинг укаси Дамир 2022 йил ёзда Киев Миллий тиббиёт университетини тамомлади, 2023 йил бошларидан бери у жисмоний толиққан украин ҳарбийларининг тикланишига кўмаклашмоқда.

Россия ўз босқинини “русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш” билан хаспўшлаётгани Дамирни ғазабга солади.

“Биз ўз юртимиздамиз, биз эмас, улар бостириб келишди, яна-тағин бизни нацистлар дейишади, кимларнидир камситишда айблашади!” дейди у.

Дарменов умр бўйи русча гаплашганини, лекин ҳеч қачон ҳеч ким эътироз билдирмаганини айтади.

Бобойи Шайх лақабли киши Украинага Тожикистондан келган, у харковликларга ҳар куни палов пишириб беради. “Мақтаниш эмас-ку, лекин менинг ишимга унча-мунча одам дош беролмайди. Бешта қозонда ош пишираман – бешта ўчоқнинг ўти, олов тафти ҳазилакам эмас. Кўникиб кетганман. Лекин бир ой рўзада қийинроқ бўлди”, дейди у.

Бобойи Шайх қийинчиликларга қарамай украинларга ёрдам беришга қатъий бел боғлаганини урғулайди. “Одамларга ачинаман. Бунақа кунлар менинг ҳам бошимдан кечган. 1991 йилда бизда ҳам уруш, очарчилик бўлган, барини кўрганман”, маъюс тортади суҳбатдошимиз.

У Украина гўё мусулмонларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётгани ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақиради. “1996 йилдан бери Украинадаман, бунақасини кўрмадим, эшитмадим. Намоз ўқишимга бирон марта монелик бўлган эмас. Ким қайси худога сиғиниши билан бу ерда ҳеч кимнинг иши йўқ”, дейди Бобойи Шайх.

Серфарзанд ота-оналар

Украинада 2022 йилда 206 минг нафар, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса салкам 100 минг нафар бола туғилди. Россия босқини туфайли аёллар баъзан фарзандларини ертўлаларда дунёга келтирдилар.

Қирғизистонлик Жамолдин Қосимовнинг тўрт боласи бор, оила Одессада яшайди. Кенжаси уруш вақтида таваллуд топган.

“Уруш бошланганида хотиним тўртинчи фарзандимизга ҳомиладор эди, шунинг учун эсон-омон қутулиб олармикан деб кўп хавотир олдим. Дард кечаси тутди, бизни туғруқхонага қўйишмади”, дейди у.

Жамолдин 10 йилдирки Одессанинг машҳур гўшт бозорида ишлайди, қўй ва мол гўшти сотади.

“Ҳарбий ҳолат жорий қилингунича ҳаммаси яхши эди, кейин савдо деярли тўхтаб қолди. Урушнинг биринчи ҳафтасида умуман ишлаганимиз йўқ. Кейин секин-аста бозор жонлана бошлади, айниқса кейинги пайтларда савдо изига тушяпти, худога шукр”, дейди суҳбатдошимиз.

Яна бир серфарзанд ота, Қумарбек Раман – мактаблар тармоғи соҳиби. У Қирғизистонда туғилиб, катта бўлган, 2018 йилда Украинага кўчиб келган. Қумарбек Украинада ўз бизнесини йўлга қўйган: унинг бир нечта хусусий мактаби, боғчалари бор.

Қумарбек бизга хусусий мактабларидан бирини кўрсатди. Уруш бўлаётганига қарамай мактаб ишлаяпти.

“Бино тўрт қанотдан иборат, бу қанот бошланғич синфларга мўлжалланган. Биринчи, иккинчи ва учинчи синфлар шу ерда ўқийди. Яна кичикроқ хоналар бор, уларни бомбапанагоҳга айлантирганмиз”, изоҳ беради у.

Қумарбекнинг уч фарзанди бор, кенжа қизи Украинада туғилган,ота-она унга Мирослава деб исм қўйган экан. “Мамлакатда тинчлик, осойишталик бўлсин деб шу исмни танладик”, дейди ота.

Форум

XS
SM
MD
LG