Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:21

Толибон эркаклар соч-соқолини қандай олдириш бўйича йўриқнома чиқарди


Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва Толибон мулозими Азизул Раҳмон Муҳожир-коллаж.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва Толибон мулозими Азизул Раҳмон Муҳожир-коллаж.

Афғон эркаклари энди сартарошга борганида “кофир”ники каби соч олдира олмайди.

Ҳеч бир соч турмаги афғонни “кофир”га ўхшатиб қўймаслиги керак. Сочлар қисқартирилмайди. Соқол қирилмайди ва белгилангандан калта бўлиши мумкин эмас.

Буларнинг бари соч ва соқолга доир “гуноҳ”лар деб қаралади. Бу ҳақда Толибоннинг Фазилат тарғиботи ва иллатга қарши кураш вазирлиги ишлаб чиққан олти банддан иборат йўриқномада айтилган. Бу йўриқнома сартарошларга тарқатилади ва улар шунга амал қилишлари шарт.

Бу йўриқнома чиққанини вазирлик аввалига рад қилган эди, аммо кейинроқ унинг Ҳирот вилоят бўлими тасдиқлади.

Азизур Раҳмон Муҳожирнинг 23 январь куни тасдиқлашича, айрим турдаги соч турмаклари “Ғарб ва Шимолий Кореядаги кофирларникига” ўхшайди.

Афғонистондаги айрим ёшлар бу тур урфларга эргашмоқда, дейди Муҳожир. Шу боис сартарошларга янги қоидалар уқтирилган.

"Агар услуб бизнинг тутган йўлимизга зид бўлмаса, муаммо йўқ”, дейди у. Агар мижозлар оммалашган соч турмаклари ёки соқолни калталатишни сўраса, сартарошлар буни қилмаслиги керак.

Йўриқномада Шимолий Корея диктаторининг соч турмаги алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Бу қоидалар 1996 йилдан 2001 йилгача ҳокимиятда бўлган аввалги Толибон ҳукумати даврида чиқарилган буйруқларни ҳам ёдга солади. Ўшанда америкалик актёр Леонардо Ди Каприонинг «Титаник» фильми орқали оммалашган узун соч турмаги тақиқланган эди.

Охирги қоидаларга кўра, соқол узунлиги “бир тутам”дан қисқа бўлмаслиги, эркакларнинг қошлари кесилмаслиги керак. Сартарошларга, шунингдек, ўз дўконларида мусиқа қўймаслик ёки номақбул услубларни тарғиб қиладиган тасвирларни кўрсатмаслик тавсия қилинган.

Янги қоидалар фақат Ҳиротда амал қиладими ёки бутун мамлакатда, номаълум.

2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, Толибон мусиқани тақиқлади ва соқол олиш ёки қирқишни ислом қонунлари бузилиши деб эълон қилди.

Афғонистоннинг айрим ҳудудларида Толибон ғарб услубидаги кийимлар, жумладан, жинси шимлар ва костюмларни ҳам тақиқлаган.

Экстремистик гуруҳ, шунингдек, айрим вилоятлардаги эркак ўқитувчилар ва ўрта мактаб ўқувчиларига соқол ўстириш, салла ёки исломий қалпоқ кийиш, Афғонистон қишлоқларида кенг тарқалган анъанавий кенг кўйлак ва иштон кийишни буюрган.

Жангарилар, шунингдек, мактаблар, университетлар, шифохоналар, давлат идоралари ва жамоат транспортида жинслар бўйича қатъий ажратишни жорий қилган.

Афғонларнинг ташқи қиёфасини назорат қилиш ишлари айниқса аёлларга катта таъсир қилган. Муросасиз исломий гуруҳ аёлларни бошдан-оёқ ўраш, уларнинг эркин ҳаракатланиш, ишлаши ёки таълим олиш ҳуқуқларини кескин чеклашни талаб қилувчи қатъий қоидаларини жорий қилди.

XS
SM
MD
LG