Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

"Рост гапни гапиринг!"


Ўзбеклар уйларидаги электр ўлчагичлар кунига бир-икки соат айланадиган бўлиб қолган.
Ўзбеклар уйларидаги электр ўлчагичлар кунига бир-икки соат айланадиган бўлиб қолган.

Электр тақчиллигидан шикоят қилган аксар суҳбатдошларимиздан фарқли хоразмлик Ҳайитбой оға ана шу талабни қўйди.


Маҳалла раиси тиббий йўлланмага ҳам масъул

дейди “Эркин микрофон”га Тошкент вилоятидан қўнғироқ қилган савдогар Ботиржон ака. У киши Озодлик ёритган икки мавзудаги мақолаларга муносабат билдирди.

Булардан бири – Ўзбекистонда озиқ-овқатларга ҳалол ёрлиғи ёпишитирилиши тақиқлангани ва яна бири маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинига сайловлар ҳақидаги лавҳалардир.

- Маҳалла йиғилишларига сайлов бўлади. Маҳалладагиларнинг ҳаммаси порахўр бўлиб кетган. Ҳаммаси ҳукумат идоралари томонидан қўйилган. Ҳукумат идорасида ишлаб пенсияга чиққанларни қўйиб қўйганда. Мен уларнинг ишини кўп кузатганманда. Менинг бир оғайним бор эди. Касал эди. Бир ойми, икки ойми даволаниб чиқди. Кўргани чиқдим. Билсангизлар, Тошкентда 16-болница бор. Маҳалладан нима ëзиб бериши керак. Ўшани бир ойга кечиктириб юборди булар.

Озодлик: Касалхонага ëтиш учун маҳалладан олиш керакми?

- Ҳа, текин бўладида тушунаяпсизми. Ҳамма ҳам олавермайди.

Озодлик: Фуқаролар йиғинининг раиси ëзиб бериши керак шунақами?

- Ҳа.

Озодлик: Нима деб ëзиб беради у қоғозга?

- Мана шу бола ҳақиқатан касал, даволансин, деб ëзиб берса, бўлди бориб даволанади.

Озодлик: Маҳалла раиси унинг касал ëки касал эмаслигини қаердан билади? У доктор эмаску.

- Маҳаллада биладию.

Озодлик: Бу бизнинг ҳудудда яшайди, ҳақиқатан ногирон, деган справка ëзиб беради тўғрими?

- Справка ëзиб берса, бориб бемалол олади. Бўлмаса олмайди улар.

Озодлик: Бу справканинг номини “Турар жойдан маълумотнома” деб аташадими?

- Направление дейди. Болницага направление бўладию.

Озодлик: Касалхонага йўлланмани одатда докторлар ëзиб бериши керак шунақами?

- Ҳа. Энди бу текин жойда.

Озодлик: Маҳалла раиси ëзиб бермадими кейин?

- Кечиктирган. Ҳайронман, буларда порахўрлик кучайиб кетдида. Ëзиб бермасдан кечиктириб юборди. Даволана олмаган. Оламдан ўтиб қолди. Масъулият йўқда уларда. Тўйда, маракада ишлайди, а так бошқа нимада ишламайди, дейди Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи савдогар Ботиржон ака.

Свет бўлмаганда болаларни иссиқхонада иситдик

дейди самарқандлик суҳбатдошимиз Пўлатжон Раҳимов.

“Эркин микрофон”га қўнғироқ қилган кўпчилик суҳбатдошларимиз Ўзбекистонда тобора тақчиллашиб, кунига бир ярим – икки соат берилаётган электр муаммосидан шикоят қилди.

Самарқанд вилоятидаги вазият ҳақида гапирган Пўлатжон ака кун жуда совиб кетган пайтларда айрим оилалар болаларини ҳовлиларида қуёш нури билан бироз илиган иссиқхоналарида сақлашганини айтар экан, Пастдарғомда кузатилган бу аҳволни ҳозир ўзи ишлаб турган Корея тарихида кузатилган ҳолатларга қиёслаб сўзлади.

- Бизларни ҳокимлар эшитиб қолса, сал инсоф берарми деган фикрда эдим. Мен бу гапни ўзим эшитиб ўзим кулдим. Бир клëнка билан ўралган жой бор. Кундуз куни совуқ бўлса, ўшанинг ичига кириб ўтиришар экан. Парникка ўхшаган. Майдагина зелен сепиб қўйилади. Одам кирса бўладида ичига. Зах бўлиб турадида. Ҳеч нарса ëқилмагандан кейин совуқда.

Озодлик: Парник қуëш тушгандан кейин исийди. Шунақами?

- Клëнкага обезятелно совуқ, шамол бўлса ҳам ичига кириб турсангиз, қуëш тушса, қуëшнинг нурини тортади ичкарига. Иссиқ беради.

Озодлик: Қаерда шунақа қилиб ўтиришибди экан одамлар?

- Бизларники Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани. Уч кундан бери свет йўқ, бир ҳафтадан бери газ йўқ. Овқат вақтлари ўша ерга чиқишади. Нима қилишсин? Ўтин ëқай деса, ўтин аллақачон ëқилиб бўлган. Ëши катта суяги қотганлар иссиқ кийиниб ëтаверади. Ëш гўдакларга тушунтириб бўлмайдику. Ўша ерга киришади, озроқ исинишади. Оқшом билан ëтмайдию, энди шунчаликка борганимизни айтаманда. Мана мен ўзим Кореяда юрибман. 70-80 йилларда булар ҳам худди бизларнинг юртга ўхшаб мана Арабистонга бориб ишлашибди. Ишлаб келгандан кейин ўзининг ҳовлисига ë корхона, ë парник қурган. Буларда товуқхона, молхона, чўчқахона кўп. Қани эди мен ҳам шуни хоҳлардимки, ҳозир халқимизнинг кетмаган давлати йўқ, шароит ятратиб берилса, шароит газ, свет тўғрисида. Ишлагандан кейин пулини уй қилай, машина қилай эмас, биринчи очеред шу одам, мен ўзим уйимга ферма қурсам ëки теплица қурсам ëнимдаги қўшним беиш бўлса, уни олиб ишлатаман¸ дейди ҳозир Кореяда юрган самарқандлик суҳбатдош.

Ўтган асрга тушгандекмиз, ҳеч бир жой электрлаштирилмаган

Самарқанднинг Қўшработ туманидан қўнғироқ қилиб, 4 ойлик фарзандига нафақа пули ололмаётгани ва бунинг сабабини билолмаётганини айтган Юнус ака билан суҳбатимиз ҳам худди қўшиқларнинг нақоратига монанд яна электр муаммосига уланиб кетди.

Қўшработда бир кунда бир ярим соатгина свет берилаётган кунлар бўлаётган экан.

- Бизнинг Қўшработда икки ëшгача бўлган нафақаларни ҳам узиб қўйдида.

Озодлик: Бу жуда ҳам чекланган ва оз миқдордаги одамларга берилаяпти-а хабарингиз бўлса.

- Ана шундай бўлаяпти.

Озодлик: Сиз қайси болангизга нафақа олишингиз керак эди ўзи?

- Биринчи фарзандим ҳозир менинг.

Озодлик: Неча ëш бўлди?

- Ноябрда туғилган бўлса, 4 ойликдан ошаяптида. Ўшани энди комиссия дейди, бошқа дейди, мана тўрт ой ўтиб кетди. Йўқ, дейди.

Озодлик: Нимага? Сабабларини ҳам айтишаяптими?

- Сабаблари қисқартирилган дейди. Комиссиядан ўтсангиз, оласиз, бўлмаса йўқ, дейди.

Озодлик: Комиссиядан нега ўтмадингиз?

- Топширгандик маҳаллага. Комиссиянинг нимасидан ўтиш керак билмаймиз. Ҳеч қаерда ишламасак. Яқидан ишга кирдим қоровул бўлиб. Электр токи бутунлай узиб қўйилган. Деярли йўқ десак ҳам бўлади. Бир кунда бир соат, икки соат ëқадида. Бошқа чет элларда ярим соат узилиб қолса, бирдан Ахборотда айтади. “Мана чет элда ярим соат ток бўлмай қолди” деб гапиради. Лекин ўзимизда ойлаб бўлмаса ҳам айтмайди. Билмадим, яшаш қийинлашиб бораяпти.

Озодлик: Эрталаб бир соат, кечқурун бир соат свет бўлаяпти холос.

- Бир пайтлар ўша ҳам бўлмай қолади. Қадимги замонга тушиб қолганмизда бизлар. Ҳали ҳеч жой электрлаштирилмаган замонга ўтиб қолдик. Газку йўқ, дейди қўшработлик суҳбатдошимиз Юнус ака.

Каримовни танқид қилманг, фақат тўғрисини айтинг

Хоразмдан телефон қилган Ҳайитбой Худоберганов Қозоғистонда президентлик сайлови муносабати билан минтақа президентлари легитимлиги ҳақида гап борган махсус эшиттиришимизга эътироз қилар экан, президент Каримовни танқид қилманг, у киши ҳақида фақат рост гапларни гапиринг деган талабни қўйди.

- Кеча Озодлик радиосини эшитдим. Қозоғистонда сайлов бўлаяпти. Шунга бизларнинг Ислом акани легал, нолегал деяпти. Сайлов ўтмасдан олдин ўйлаб кўрса бўлмайдими ахир. Сайлов ўтиб кетганига тўрт йил бўлдида. 2007 йилда сайлов бўлди бизларда. Сайловга ҳаммамиз қатнашдик. Ўтиб кетди. Тўрт йил ўтди. Ҳали керак бўлса яна сайлаймиз етти йилга 2014 йилда. Президентимиз яхши ишлаяпти Худога шукур. Коллежлар қурди, йўлларни обод қилди. Ҳамма еримиз обод.

Озодлик: Каримовни танқид қилмайлик шунақами?

- Ана холос, танқид қилманглар беҳудага.

Озодлик: Мақтайликми?

- Мақташ эмас тўғри гапни айтиш керакда.

Озодлик: Тўғри гап нима эди энди?

- Тўғри гҳап мисол учун тўрт йил ўтди сайловдан. Шуни қайтдан қўзғаб нима қилиш мумкинми ахир. Дунëда ҳамма одам эшитади радиони. Худога шукур ҳозир ҳамма нарса яхши, жойида, дейди хоразмлик суҳбатдошимиз Ҳайитбой ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG