Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Норозилик қилган оқдарёликларнинг томорқалари суриб ташланди


Оқдарёликларнинг томорқалари суриб ташлнишидан аввал ана шундай ишлов берилган эди.
Оқдарёликларнинг томорқалари суриб ташлнишидан аввал ана шундай ишлов берилган эди.

Гап томорқалари тортиб олинишига норозилик билдирган Самарқанддаги Оқдарё тумани аҳли ҳақида бормоқда.


Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Ёнқурғон шаҳарчаси аҳолисининг томорқа ерларини бузиш жараёни 26 апрел куни ҳам давом этди.

Бу ҳақда Озодликка оқдарёлик норози аёллар билан боғлиқ вазиятини кузатаётган ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроев маълум қилди.

- Экскаваторда келишган. Бутун техника билан келишиб, аллақачон жуда кўпчиликнинг экилган майдонларининг ҳаммасини ҳайдаб ташлаган. Пиëз бўладими, картошка бўладими ҳаммасини ҳайдаб ташлаган. Мана айнан бугун ҳам боғландим. Бугун ҳам ўша нарса давом этаяпти. Олдин бир қишлоқни суриб ташлаган бўлса, кейин ëнидагисини. У ердаги қишлоқлар жуда бир-бирига яқин қўшилишиб кетган. Бу қишлоқни ҳам уже бузиб бошлабди булар,- дейди Баҳтиёр Ҳамроев.

23 апрел куни Ёнқўрғон шаҳарчасида яшовчи юзга яқин аёл Самарқанд-Каттақўрғон трассасини бир неча соат давомида тўсиб қўйган эдилар.

Баҳтиёр Ҳамроевга кўра, ўша куни намойишчилар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан куч ишлатиш орқали тарқатиб юборилган эди.

- Бу воқеа тушларга яқин бўлган. Оқдарë туманининг Янгиқўрғон район типидаги шаҳарчасида атрофида яшовчилар 100га яқин аëллар, болалар, келинчаклар чиқиб Тошкент-Каттақўрғон катта трасса йўлини намойиш қилиб бекитишган. Яъни қатновни тўхтатишган. Икки соатлаб қатновни тўхтатишган улар. Тўхтатишгандан кейин махсус отрядлар келиб автоматларда, каскаларда, менимча ОМОНчилар бўлса керак, шулар келишиб ҳаммасини тарқатиб юборишган. Уларнинг айтиши бўйича ҳаммани калтаклади дейди. Тупроқларга булғаб, судраб, қўпол сўзларни ишлатиб, машинага тиқишиб ҳаммасини, жуда кўпчилигини олиб кетган деяпти. Туман ички ишлар бўлимига олиб боргандан кейин ҳаммасини қўйиб юборишибди,- дейди Баҳтиёр Ҳамроев.

Маълум бўлишича, ёнқўрғонлик аёллар кейинги 20 йил давомида фойдаланиб келган томорқа ерларининг маҳаллий ҳокимият томонидан тортиб олинишига қарши норозилик билдиришган.

- 90 йилларда Каримовнинг фармонига асосан қўшимча ерлар берилган эди одамларга. Ўша ерларни Оқдарë туман ҳокимлиги томонидан аста-секин ҳаммасини қайтариб олишаëтган экан. Шунга норозилик ҳолатида улар чиқиш қилган бу ерда. Яъни йўлни бекитган. Кўплари иморат солишган, кўплари экинлар экишган. Ҳукумат томонидан ўша нарса аста-секин қайтариб олинаяпти. Шунга норозилик тариқасида улар чиқишган,- дейди Баҳтиёр Ҳамроев.

Оқдарёлик аёлларнинг бир неча соат давомида катта йўлни тўсиб қўйгани ҳақида БИ-БИ-Си радиоси, CA-News агентлиги, Harakat.net каби бир нечта интернет сайтлари хабар тарқатди.

Оқдарё туман ҳокимининг биринчиси ўринбосари Ҳусан Абжалов ёрқўрғонлик аёлларнинг норозилик акцияси ҳақидаги хабарларни мутлақо инкор қилди.

- Унақа нарса бўлган эмаску. Абсолютно. Мен сиздан эшитаяпман. Бирор марта унақа нарса бўлган эмас. Янгиқўрғон ўзи ичкари ҳудудда. Алоҳида йўл кириб кетади катта йўлдан ичкарига. Ҳеч ким чиққан эмас. Чиқса, мен биламанку. Мен эшитишим керакку. Ҳокимнинг биринчи ўринбосариман. Мени чақиради. Мен ҳам боришим керак у ерга. Сиздан эшитаяпман мана бу гапни, деди Ҳусан Абжалов.

Айни пайтда Ҳусан Абжалов аҳолидан томорқа ерлари тортиб олинаётганини тан олди. Бироқ унга кўра, гап қўшимча томорқа ерлари ва ноқонуний ўзлаштирилган ерлар ҳақида бормоқда.

- Мана қўшимча томорқалар бўлса, пахта экиш бўлаяпти, алмашлаб экиш бўлаяпти. Давно вес республика бўйича шунақа иш бўлаяптику. Чигит экиш мавсуми бошланди. Ўша экинлар бўлаëтгани. Ўзбошимчалик билан бирор жойни эгаллаб экиб олган бўлса, ўша жойни буздириб эккан бўлиши мумкин. Лекин бошқа нарса бўлган эмас. Бу ерда тартиб шунақаю. Ҳужжат-пужжат йўқ может бир хиллари эгаллаб, кўп борку шунақа ҳолатлар. Пахтадан кейин эгаллаб олган бўлиши мумкин. Ноқонуний ўзбошимчалик билан эгалланган бўлса, шундай пахта эккан бўлиши мумкин. Улар энди билмайди ўзининг қонунийлигини. Ҳужжат бўлмаса ҳам шунақа деб юрган бўлиши мумкин,- деди Ҳусан Абжалов.

2010 йилнинг ноябр ойи охирида Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғи аҳли ҳам ўз ерлари тортиб олинишига қаршилик кўрсатиб, норозилик акцияси ўтказган эди.

Ўтган йилнинг 15 декабр кунги Жондор туман фуқаролик ишлари бўйича суди норозилик ўтказган 13 нафар ойтуғдиликни майда безорилик ва милиция ходимига қаршилик кўрсатганликда айбдор деб топиб, барчасига жарима солди.
XS
SM
MD
LG